Қулупнай – табиатнинг тансиқ туҳфаси
Айни баҳор кунларида юртимиз бозорлари деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қулупнайлар билан тўлади. Унинг хушбўй ифори иштаҳангизни очиб, кайфиятингизни кўтаради. Чунки бу хушхўр резаворни бир йил орзиқиб кутгансиз-да.
Аммо челагингизни тўлдириб қулупнай харид қилишдан аввал бу лаззатли меванинг танангиз учун фойдали ва зарарли жиҳатларини билиб олсангиз, мақсадга мувофиқ бўлади.
Қулупнай хушхўр озуқа бўлиши билан бирга, шифобахш дори, аёлларимиз чиройига чирой қўшувчи пардоз воситаси ҳамдир. Бу резавор жуда кўп фойдали модда ҳамда минераллар манбаи ҳисобланади. Унинг таркибида темир, магний, калий, кальций, натрий, фосфор, кремний, рух ва мис бор. Қолаверса, бу резавор таркибида А, В, С ва бошқа кўплаб дармондорилар мавжуд. Ундаги антиоксидантлар туфайли тери силлиқ ва таранг кўринишга эга бўлади. Қулупнайдаги фолий кислотаси эса репродуктив тизим фаолиятини меъёрида ишлашини таъминлайди.
Ёқут рангли бу мева кўриш қувватини оширади. Хотирани мустаҳкамлайди, подаграни енгиллаштиради. Дарвоқе, қулупнайдаги салицил кислотаси грипп, ўрви (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларнинг олдини олишга кўмаклашади.
Хотин-қизлар ундан пардоз ашёси сифатида ҳам кенг фойдаланишади. У пилинг вазифасини ўтай олади. Шунингдек, қулупнай қон айланишини яхшилайди. Унинг кислотаси эса терини оқартирувчи, салқиган юзларни таранглаштирувчи хусусиятга эга. Бу мева озуқа таом ҳисобланади.
Ҳар нарсада меъёр яхши!
Қулупнай таркибида кўплаб мева кислотаси бор. Шу боис, меъда-ичак тизими фаолиятида хасталик мавжуд бўлса ва қон босими баланд кишилар учун бу мевага ружу қўймасликни маслаҳат берамиз. Яна қулупнай энг кучли аллергия қўзғатувчи ҳисобланади. Шунинг учун уни таомномангизга аста-секин киритиб боринг.
Гўзал бўлишни истаётган хонимлар диққатига! Юзингизга қулупнайли ниқоб қилишдан аввал терингизнинг кичик қисмида уни синаб қўришни унутманг.
Васила ПЎЛАТОВА