Вилоятнинг донғи кетган шифохонаси хизматидан аҳоли розими?

Самарқанд шаҳар марказий шифохонаси нафақат вилоят, балки республикада ҳам донг таратган. Шифохонада юз нафардан зиёд малакали шифокор, 220 нафар ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилади.

Айни вақтда тиббиёт муассасасининг 2 та бўлимида тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб 345 ўрнига 291 нафар бемор даволанмоқда. Кардиология, реаблитация ва эндохирургия бўлимлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Биргина реанимация бўлимига 657 миллион сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди.

Аммо касалхонанинг шуҳрати сўнгги вақтларда бироз пасайгандек. Чунки ҳадеб алмашаётган раҳбарлар қўнимсизлигидан шифохона 20 йилдан буён капитал таъмирланмаган, сўнгги 10 йилда эса бирорта янги тиббий жиҳоз келтирилмаган экан. Қурилиш-таъмирлаш ишлари кетаётганлиги сабабли ҳудудда бироз тартибсизлик кўзга ташланади. Қабул бўлимидан ташқари бошқа бўлимларда тажрибали врачлардан навбатчилик постлари ташкил этилмаган.

Патанатомия, кир ювиш бўлимларининг авария ҳолатдаги биноларига кириб бўлмайди, деворлари зах. Энг қизиғи, шунча вақтдан бери муассасанинг орқа тарафи девор билан тўлиқ ўраб олинмаган. Чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаганлигидан чиқиндихона тўлиб, унинг қўланса ҳиди атрофга таралиб турибди.

Бош шифокорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Р. Бозоровнинг таъкидлашича, ушбу муассаса бўлимларининг 10 минг кв. м. том қисмини янгилаш, 200 та дераза, 400 та эшикни замонавийларига алмаштириш зарур. 1 0002 метр ҳудуд асфальт қилинмаган. Иссиқлик тизими қувурлари занглаб, яроқсиз холга келиб қолган. Кўпгина бўлимларда ҳожатхона, ювиниш ускуналари йўқ.

Кир ювиш хонасида санитария-гигиенага амал қилинмайди. Махсус қуритиш ускунаси йўқ. Кирларни ёйиш учун тайёрланган махсус жойлар талабга жавоб бермайди. 4 та краннинг 2 таси, иккита сув иситгич ускунасининг биттаси ишламайди. Куз-қиш мавсумига тайёр бўлиши шарт бўлган қозонхонада мавжуд учта қозондан иккитаси таъмирталаб. 700 метр иссиқлик узатиш тизимини эса бутунлай янгисига алмаштириш зарур.

Ёғингарчилик бошланди дегунча кирхонамиз томидан чакка ўтади, – дейди кир ювиш бўлими ходимаси Саодат Раббимова. – Еттита замонавий кир ювиш машинамиз бор. Аммо уларнинг 2 таси ишдан чиққан.

– Жорий йилда беморларнинг овқатланиши учун 250 миллион сўм бюджет маблағлари ажратилди, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Хуршид Ниёзов. – Бу бир беморга кунлик овқатланиш рациони учун 3 минг сўм ажратилади, деганидир. Бу жуда кам. Аслида уч маҳал овқатланиши учун 20 минг сўм ҳам етмайди. Шунингдек, дори-дармонга ажратилаётган 333 миллион сўм маблағ ҳам етарли эмас. Бу ерда меъёр бўйича 20 минг сўмлик дори-дармон ўрнига 8 минг сўмлик дори воситаси берилмоқда. Шунинг учун ҳам беморларни 20 фоиз дори-дармон билан таъминлай олаяпмиз, холос.

Дарҳақиқат, тиббиёт бирлашмасининг марказий дорихонасида бўлганимизда кўпгина дори-дармонлар йўқлиги аён бўлди. Бир ойда дори-дармонлар учун ажратиладиган 16 миллион сўмга “Дори-дармон” АЖ томонидан дори воситалари олинар экан. Лекин интернет тендер орқали ютиб олган хусусий фармацевтика компания ва фирмалари томонидан келтириши лозим бўлган воситаларнинг ўз вақтида етиб келмаганлиги сабаб, беморлар, ҳатто, оддийгина антибиотик дори воситаларини ҳам хусусий дорихоналардан сотиб олишларига тўғри келмоқда.

Яна ўқинг:  Жондорда 50 дан зиёд хотин-қизни меҳнат билан банд қилувчи мажмуа ишга туширилди

Самарқанд шаҳридаги бешта шифохона ва барча оилавий поликлиникаларга 25-30 турдаги дори воситалари етказиб берамиз, – дейди шаҳар тиббиёт бирлашмасининг марказий дорихонаси мудири Нурилла Маманов. – Баъзида етишмаётган дориларни туман тиббиёт бирлашмаларидан олиб туришимизга тўғри келади. Хусусий компания ва фирмалар тендерда ғолиб чиқса-да, ажратилган маблағимиз камлиги сабабли дори-дармонларни ўз вақтида етказиб беришолмайди.

Камчиликлар фақат бугина эмас экан. Беморлар ётадиган кроват, кўрпа-тўшакларнинг 90 фоизи эскириб кетган. Айниқса, жарроҳлик блогида 12 та жарроҳлик столи, электрокагульятор, электр сўрғич, соясиз чироқлар, махсус тиббий иплари ва бошқа жарроҳлик асбоб-ускуналари етишмайди.

Кўпгина бўлимларимиз эски лойиҳалар бўйича қурилганлиги боис, бу жойларда ҳожатхона, ювиниш хоналари кўзда тутилмаган, – дейди I жарроҳлик бўлими мудири Уйғун Раҳмонов. – Шу сабабли улар мослаштирилган хоналарга жойлаштирилган. Мавжуд 7 та жарроҳлик столининг бирортаси талабга жавоб бермайди. Ёритгичлар ҳам керакли ёруғликни беролмай қолган. Бўлимимизда 2 та лапароскопик устун, замонавий лор-комбайн ва МРТ ускуналари йўқлиги сабабли беморларимиз хусусий тиббиёт марказларига боришмоқда.

Тўғриси, Самарқанддек азим шаҳар марказий шифохонасидаги ночор аҳволни кўриб, ўзимиз ҳам ҳайрон қолдик. Наҳотки, бу ҳолатдан шаҳар ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тегишли сектор раҳбарлари бехабар бўлса?! Улар мазкур муассасадаги шарт-шароитлар билан танишиб, камчиликларни бартараф этиш ҳақида кенгашиб кўрганмилар? Умуман, Самарқанд шаҳар марказий шифохонаси қачон замонавий тиббий муассасага айланади? Хўш, бу аҳвол қачон ўнгланади?

 

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ,

Самарқанд вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: