Саломатликка камарбаста

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш” тўғрисидаги қарори асосида “Соғлом авлод учун” халқаро фондининг тиббий-ижтимоий маркази кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жорий йил ушбу марказнинг кўчма бригадалари юртимизнинг олис ва чекка қишлоқ ва аҳоли пунктларида яшовчи оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва тиббий аҳволини доимий ва режали равишда ўрганиб, мониторинг олиб борди.

Хусусан, фонднинг 14 та кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари ва Тиббий-ижтимоий марказ томонидан Республика бўйича 302 та қишлоқ ва 917 та маҳалладаги 5 минг 724 та оиланинг ижтимоий шароити, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирларнинг соғлиги чуқур ўрганилди.

Бундан ташқари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди. Шу билан бирга оилаларга тиббий ва хайрия ёрдамлари кўрсатилди. Кўчма бригадалар томонидан 72 минг 656 нафар аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар орасида аёллар ва болаларнинг сон жиҳатдан кўплиги, айниқса, аҳамиятли.

Жумладан, 21 минг 242 та ультратовуш, 4 минг 889 та ЭКГ текшируви, мингдан зиёд аудиометрия, 4 минг 483 та кўриш ўткирлиги ва 2 минг 929 та қондаги гемоглобин кўрсаткичини аниқлаш таҳлили ўтказилиши натижасида беморларда турли касалликлар аниқланди. Шунингдек, аёлларнинг 1 минг 321 нафари кольпоскопия текширувидан ўтказилди. 2 минг 838 нафар турли гуруҳдаги ногиронларга хайрия ёрдами кўрсатилди.

Текширувлар натижасида аёлларда камқонлик касаллиги кўпроқ аниқланди. Бу бўйича умумий кўрсаткич 27,2 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, хотин-қизлар орасида гинекологик, эндокрин тизими ҳамда организмда моддалар алмашинуви бузилиши касалликлари ҳам аниқланган. Ушбу хасталиклар Тошкент шаҳри, Фарғона ва Бухоро вилоятларида кўпроқ учраган.

Тиббий текширувдан ўтган болалар ва ўсмирларда эса камқонлик, инфекцион ва паразитар касалликлар, эндокрин тизими ҳамда организмда моддалар алмашинуви бузилиши хасталиклари аниқланган. Бемор аёллар, болалар ва ўсмирларга амбулатор ёки касалхона шароитида даволаниш тавсия қилинган.

Ижтимоий-иқтисодий шароити оғир оила фарзандлари ва ногиронларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан умумий қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд бўлган дори-дармон, санитария ва гигиена воситалари, кийим-кечаклар ҳамда ногиронлик аравачалари бепул тарқатилди.

Тиббий кўрик давомида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда болалар, ўсмирлар ва аёлларга тиббиётдаги долзарб муаммолар ҳақида буклетлар тарқатилиб, улар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Замонавий мультимедиа технологиялари қўлланилган ҳолда слайд ва видеофильмлар намойиш этилди. Буклет ва рисолалар тарқатилди.

Яна ўқинг:  Барвақт қўйилган ташхис кўкрак саратонининг олдини олишда жуда муҳим

Шуниси аҳамиятлики, кўчма бригадалар ҳамда марказ томонидан эл саломатлиги йўлида амалга оширилган ишлар туфайли минглаб аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилади.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: