Халқ дарди билан яшаш – азалий қадрият
Тинч ва осуда яшаётган элда баркамол авлод вояга етади. Зотан, ҳар қандай давлатчиликнинг тадрижий тараққиёти, аввало, эл саломатлиги, юрт ободлигига боғлиқ. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Наманган вилоят филиали томонидан ўтган вақт давомида бу борада қатор хайрли ишлар амалга ошириб келиняпти.
Вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳлари билан ҳамкорликда чекка қишлоқ ва аҳоли пунктларидаги оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва саломатлиги доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида филиалнинг тиббий-ижтимоий патронаж кўчма бригадаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг қуйи тизими муассасалари ходимлари ўзаро ҳамкорликда шаҳар ва туманлардаги 700 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган 42 минг 614 та кам таъминланган оила ва улардаги 418 минг 970 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу жараёнда 12 минг 645 нафар фуқаро, жумладан, 850 нафар ногиронлиги мавжуд инсонларга хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Вилоят филиалининг ногирон болаларни соғломлаштириш дастурига мувофиқ, 2003-2018 йиллар давомида Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл” халқаро ташкилоти грант маблағлари ҳисобидан 34 нафар бола Германия, 5 нафар бола Корея ва Украина давлатларидаги нуфузли клиникаларда даволанди. Айни пайтда 2 нафар ногирон бола Германия давлатида даволанишни давом эттирмоқда.
Булар фаолиятимиздаги эзгу ишларнинг айримлари холос. Филиалимиз ходимлари келгусида ҳам аҳолининг муаммо ва мурожаатларини эътиборда тутиб, уларга моддий, тиббий ва ижтимоий-маънавий ёрдам кўрсатишдан сира чарчамайди.
Хайрулло АРТИҚОВ,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди
Наманган вилоят ҳудудий филиали директори