Эзгулик ва мурувват – фаолиятимиз асоси

Хаста инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг шифо топишига кўмаклашиш – чин инсоний фазилат. Агар бемор бола бўлса-чи? У ҳолда бу хислатлар сирасига қалблардаги мурувват ва саховат туйғулари ҳам қўшилади. Бунинг номи бир сўз билан эзгулик деб аталади. Эътироф этиш ўринлики, бу йил ташкил топганига 25 йил тўлган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг асосий мақсад-вазифалари ҳам ана шундай эзгуликлардан иборат.

 

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси

25 йил. Таъбир жоиз бўлса, бу муддатнинг ҳар куни, ҳар лаҳзасини тарих саҳифаларига меҳр куни, саховат лаҳзаси сифатида муҳрлаш мумкин. Зотан, фонд ходимлари чин маънода соғлом авлод учун қайғураётган инсонлардир.

Ўтган вақт давомида фонд республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи хайрли ташкилот сифатида эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган бўлса, кейинчалик дунёнинг кўпгина давлатларида нуфузи баланд ташкилот сифатида танилди.

Марказ чорак аср давомида ижтимоий аҳамиятга молик тиббий, гуманитар, маданий-маърифий, ўқув-соғломлаштириш ва спорт соҳаларида кўпгина лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Қилинган ишларни сарҳисоб қилсак ижтимоий-тиббий соҳада “Тиббий-ижтимоий патронаж” ва “Она ва бола скрининги” марказларининг ташкил этилишини алоҳида тилга олсак арзийди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда она ва бола саломатлигини асраш, ёш авлоднинг таълим-тарбияси йўлида барча ресурслар ишга солиниб, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланмоқда. Аммо бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали талайгина. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолади. Жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятни оммалаштириш бўйича ҳам жиддий иш олиб боришимиз зарур”.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳар йили инсонлар саломатлигини сақлаш, кам таъминлаган, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган оила вакилларини тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни зарурий дори-дармон воситалари билан таъминлаб келмоқда. Мамлакатимизнинг чекка ва экологик ноқулай ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини ижтимоий муҳофазага олиш мақсадида ташкил этилган “Саломатлик” поезди ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Андижон вилоятларида бўлиб, у ердаги аҳоли санитария-гигиена воситалари, уй-рўзғор буюмлари, дори-дармонлар, витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ногиронлик аравачалари билан таъминламоқда. “Меҳрибонлик” уйлари билан доимий ҳамкорликда тасвирий санъат, спорт ва санъат йўналишларида турли кўрик-танловлар ташкил этилиб, иқтидорли болалар рағбатлантирилмоқда.

Яна ўқинг:  Саратон ҳужайраларини аниқловчи микроскоп ихтиро қилинди

Спорт соҳасини ривожлантириш борасидаги лойиҳалар ҳақида сўз кетганида, айниқса, аёллар ва болалар, шунингдек, ногиронлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларни айтиб ўтиш ўринли. Бу қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз аҳолиси ўртасида спортнинг оммалашишига туртки бўлмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўтган йиллар давомида Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл”, Жанубий Кореянинг “KOFIH” – Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси, Америка Қўшма Штатларининг “Ameri Cers” каби компаниялари, Россия Федерацияси, Ҳиндистон ва Туркия каби хорижий давлатларнинг инсонпарварлик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қолаверса, фонд ва унинг вилоятлардаги филиаллари ҳамда шаҳар, туман таянч масканлари, пойтахтдаги Тиббий-ижтимоий маркази, ҳудудлардаги “Амбуланс” тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари жамоаларининг халқ саломатлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур.

Фонд ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман таянч масканларининг мутахассис-шифокорлари томонидан аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида олий ўқув юртлари, коллеж, академик лицей ҳамда умумтаълим мактабларида кашандалик, гиёҳвандлик, спиртли ичимликларнинг зарари, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг хавфи, ОИВ ва ОИТС, жинсий йўллар билан юқувчи касалликлар хусусида, соғлом оилани шакллантириш, камқонлик, йод танқислиги, болалар ҳамда фертиль ёшидаги аёллар касалликлари каби мавзуларда талаба ва ўқувчиларга маърузалар ўқилиб, турли мавзудаги буклетлар тарқатилди.

Шунингдек, бир қанча мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда халқаро ва нуфузли тиббий, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, “Наврўз садолари”, “Санъат ғунчалари” шулар жумласидан. “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари ва имконияти чекланган болалар ўртасида ташкил этилаётган “Камалак жилоси” ва “Мафтункор ранглар дунёси” расмлар кўрик-танловларида ҳам фонд фаол иштирок этмоқда.

Ушбу эзгу ишларни давом эттириш, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлаш бундан кейин ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: