Азамат ишончни оқлади

Биз ҳикоя қилаётган Азамат полвоннинг бобоси Нуфтилла Сатторов ҳақида гап кетганда, нафақат Қашқадарё воҳаси, балки бу ёғи Бухорою, у ёғи сурхондарёлик кураш ишқибозлари “Елкаси ер кўрмаган майманоқлик полвон” дея эсга олишади.

Йиллар ўтиб, Нуфтилла полвоннинг шогирдлари давра айланди. Полвон деган ном олди. Ўғиллари Бобоназар, Отаназар, Хайрулло, Қаҳрамон ва Ортиқлар ҳам полвон сифатида элга танилди.

 

Полвонлар сулоласи бўлганимиз учун фарзандларимиз орасидан спортнинг бирор тури бўйича чемпион чиқишини орзу қилардик, Худога шукур, ниятларимиз амалга ошди. Ўғлим Азамат Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди, – дейди Майманоқ саноат касб-ҳунар коллежи директори, техника фанлари номзоди Бобоназар Сатторов.

 

Ҳа, “Оққан дарё оқаверади” деганларидек, полвонлар сулоласининг вакили Азамат Нуфтиллаев бобо ва бувиси, ота-онаси орзуларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилди. Инсон орзуга шунчаки эриша олмайди. Ўз олдига қўйган мақсад сари интилиш, қунт, сабот, изланиш, устозлар сабоғига амал қилиб, машаққатларни енгиб ўтиш истеъдодни рўёбга чиқаради. Бу спортчилар учун жуда муҳим.

Азамат курашчилар ичида ўсди. Эсини танибдики, йигитларларнинг ўзаро куч синашишларига гувоҳ. Бобосининг ҳовлисида мўъжазгина кураш майдончаси бор. Бу ерда Нуфтилла полвоннинг шогирдлари машғулот ўтказарди. Устозларидан ўзбек кураши сирларини ўрганишга интиларди. Оиладаги гурунглар ҳам асосан тўйлардаги кураш мусобақаси, чемпионатлар хусусида бўлар, полвонлар ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар ёш Азаматнинг беихтиёр, спортга иштиёқини оширарди.

Майманоқдаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азамат Нуфтиллаевнинг туман ва вилоят миқёсида ўтказилган кураш мусобақаларида ғолибликни қўлга киритгани тезда атрофга овоза бўлди. Дўстлари уни мақташга тушдилар. Аммо, ёш полвон мақтовларга учмади. Устозлари сабоғига қулоқ тутиб, тинимсиз машқларга вақт ажратди. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бера бошлади. Мактабни тугатиб, Майманоқ саноат касб-ҳунар коллежида таълимни давом эттирди. Бу ердаги замонавий спорт залининг зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги, спортчи ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Ўқувчилар фанларни чуқур ўзлаштириш, ўзлари истаган касб-ҳунарни эгаллаш билан бирга, спорт тўгаракларида ҳам фаол қатнаша бошлади. У ёки бу спорт тури билан шуғулланадиган ўғил-қизлар коллеж директори Бобоназар Сатторовнинг эътиборида бўлди.

 

Отам – қаттиққўл устоз. Таълим-тарбиямизни ҳам, спорт билан шуғулланишимизни ҳам вақт топиб кузатади. Туман ва вилоятда спортнинг бир неча тури бўйича ғолиб бўлганимда “Буларинг ҳеч нарса эмас, янаям юқори поғоналар бор. Ўшаларни забт этишинг керак!” дея ўз устимизда ишлашга ундади. Бугунги муваффақиятларим яқинларим, устозларим эътиборининг натижаси, – дейди Азамат Нуфтиллаев.

 

Яна ўқинг:  Тошкент планетарийсида қувончли байрам

Ёш полвон коллежни тугатгач, бир олам орзулар билан пойтахтга йўл олди. Ўзи орзу қилган Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалига ҳужжатларини топширди. Унга омад кулиб боқди. Талабалар сафидан ўрин олди. Соҳага оид билим ва тажрибаларни ўрганиш билан бирга, спорт билан жиддий шуғулланишда давом этди. 2014 йил Тошкентда дзюдо бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

 

– Ҳаётда тўғри йўл танлашимда устозларимнинг ҳиссаси катта. Шу йилнинг 9-февралида Тошкент шаҳрида ўтказилган профессионал-универсал жанг бўйича мусобақада қатнашиб, оғир вазнлилар орасида Осиё чемпиони сифатида олтин камарга эга бўлдим. Барча устозларим мени ушбу ютуғим билан чин дилдан қутлади. Бу менга қанот бағишлади. Янада кучлирорқ бўлишга ундади, – дейди қаҳрамонимиз.

 

Бир вақтнинг ўзида спортнинг бокс, кикбоксинг, самбо, дзюдо ва профессионал-универсал жанг турларида юқори кўрсаткичларга эришиш жуда қийин. Серқирра спортчи Азамат Нуфтиллаев буни уддалаб келаяпти. У ўзини шу даражага етиши учун фидоийлик кўрсатган устозлари – бокс бўйича Осиё чемпиони Даврон Ғафуров, бокс сирларини ўргатган мураббий, халқаро мусобақалар ғолиби Қаҳрамон Ҳусанов, кикбоксинг бўйича мураббийлик қилган Дилшод Якубовдан миннатдор.

Азамат Нуфтиллаев учун вақт ниҳоятда қадрли. У ҳамма нарсага улгуриши керак. У Ўзбекистон байроғини янада юқорига кўтариши зарур. Устозлар ишончини оқлаши даркор. Чунки Азамат юртимизнинг ҳар жиҳатдан етук, соғлом ва бақувват, маънавияти юксак, бир сўз билан айтганда, энг бахтли авлоди саналади. Шундай ёшларимиз сафи кенгаяверсин!

 

Абдулла АЙИЗОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: