Ўзбек миллий таомлари жаҳонда жуда қадрланади
– Ўзбекистонга келганимга уч кун бўлди. Бугун “Ўзбегим” миллий фестивалида иштирок этаётганимдан ниҳоятда хурсандман, – дейди венгриялик сайёҳ Жорж Алгелеени. – Ушбу фестивалда урф-одатларингиз, миллий таомларингиз, ашула ва куй-қўшиқларингиз менда катта таассурот қолдирди. Ўзбек миллий таомлари жаҳонда жуда қадрланади. Айниқса, паловни хуш кўрувчилар кўп. Бугун Тошкентда тайёрланаётган ош албатта, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади, деб ўйлайман.
Атлас, адрас сингари миллий матоларда ранг-баранг нақшларда миллий анъаналар моҳирлик билан тасвирланибди. Халқингиз ҳунармандлари ҳашамдор миллий либослар тўпламини яратишга жуда уста экан. Уларда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган шарқона назокатни кўрдим. Атлас, адрас, беқасам сингари миллий матолардан тикилган бу либослар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Гўзал ва ранг-баранг либосларни кўриб, қўли гул чевар қизларингизнинг маҳоратига қойил қолдим.
Ипак дастурхонда юртингизда етиштирилган сархил мевалар, офтобсимон ширмой нон, пахта гулли пиёлада чой ичаётган, эгнида беқасам тўн, қалампирнусха дўппи кийган ўзбекларни кўриб сизнинг тарихингиз кўз олдимда гавдаланди. Устанинг қалб қўри, меҳри билан ясалган бу буюмлар – ўзбек халқининг миллий мероси дейиш ўринлидир.
“Soglom.uz” мухбири
Хуршида ҲУСЕНОВА
ёзиб олди.