Дўстликни тараннум этган оҳанглар

Ўзбекистон давлат консерваториясида “Наврўз садолари” IV халқаро кўп овозли миллий чолғулар ансамбли ва оркестрлари мусиқа фестивали бўлиб ўтмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, “Сўғдиёна” оркестри, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган маданий тадбирда ўзбекистонлик ёш мусиқачилардан ташқари Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистондан келган 700 нафар ёш ижодкор иштирок этмоқда.

Ҳар йили мунтазам тарзда ўтказиб келинаётган халқаро фестиваль Марказий Осиё халқларининг миллий мусиқа санъати ва қўшиқчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одати яқин миллат ва элатларни санъат воситасида янада бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, “Наврўз садолари” фестивалидан кўзланган яна бир мақсад юртимизнинг мусиқа таълимига оид салоҳиятини халқаро миқёсда намойиш этиш, ёш ижодкорлар фаоллигини ошириш, кўп овозли ансамбль ва оркестрлар репертуарининг ранг-баранглигини, концерт дастурларининг қизиқарли ва сермазмун бўлишини таъминлаш, мусиқачи ёшларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун кенг имконият яратишдан иборат.

Мусиқа бошқа санъат турлари каби ўзида ҳаётни акс эттиради. Таъкидлаш жоиз, ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук инсон бўлиб камол топтириш, уларнинг эстетик дидини юксалтиришда унинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

 

Тентимиш МУРАТАЛИЕВ,

Қирғизистон халқ артисти, профессор:

– Куй-қўшиққа меҳр-муҳаббат болаликдан шаклланади. Мусиқа ва санъатнинг ижобий таъсири ёшлар ҳаётида ўзгача ўрин тутади. Бола дарсдан бўш вақтида ўзи истаган мусиқа тури билан шуғулланиши орқали келгусида қайси касбни эгаллаш учун замин тайёрлайди, қалбида эзгу ва олижаноб фазилатлар бўй кўрсатади. Буюк файласуфлардан бири Платон мусиқанинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида тўхталиб, “Яхши мусиқа бутун дунёни жонлантиради, қалбни қанот билан таъминлайди, тасаввур ва янги ғоялар туғилишига ёрдам беради” деган эди. Дарҳақиқат, ҳаётбахш куй-қўшиқ эшитган, гўзал ва ёқимли оҳанг тинглаган кекса-ю ёш руҳиятида мамнунлик акс этади, қалбида эзгу туйғулар шаклланади.

Фестивалда ҳар бир халқ вакиллари ўз миллий мусиқасининг энг юксак намуналарини намойиш этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Санъатда миллий анъаналарни асраш ва давом эттириш бугунги куннинг долзарб масалаларидандир. Албатта, ҳар бир халқ бунга интилади. Ушбу мақсадга эришиш учун санъат оламига эндигина кириб келаётган ёшларга зарур билим бериш билан бирга, улар ўртасида турли танловлар ўтказиш катта аҳамиятга эга.

Яна ўқинг:  4 ойлик эгизакларнинг онаси шифохонада ҳамон ҳушсиз ётмоқда

Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган кадрлар салоҳияти бизнинг юртда ҳам маълум ва машҳур. Мазкур мусиқа байрамида мамлакатингиз номидан иштирок этаётган истеъдодли болаларнинг ижро маҳоратига қойил қолдик.

 

Нямджанцан ГАЛСАНДЖАМЦ,

Мўғулистон Республикаси, Мўғулистон давлат консерваторияси лицейи миллий чолғулар ансамбли раҳбари:

– Ўзбекларнинг кўнгли очиқ, меҳмондўст халқ эканини аввалдан билардик. Бироқ, бизни бу қадар иззат-икром билан кутиб олишларини кутмагандик.

Фестиваль бошланишидан бир кун аввал Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди. Ундан олган таассуротларимни сўз билан ифодалаб беролмайман.

Миллий ва маънавий меросимиз асрлар мобайнида халқимизнинг бебаҳо хазинаси сифатида кўнглимизни нурафшон этади. Ушбу фестивалда ҳам шогирдларим миллий чолғу-асбобларимизда куй-қўшиқларимизни саҳнага олиб чиқди. Юртингизда ўтаётган ҳар бир дақиқа бизга ҳаётимиздаги энг унутилмас лаҳзаларни ҳадя этмоқда. “Наврўз садолари” халқаро фестивалида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз.

 

Махсутхан ТАШИМОВ,

Қозоғистон Республикаси, Алмати шаҳри, А. Жубанов номидаги РИММИ “Асил-мура” дўмбирачилар ансамбли раҳбари:

– Мамлакатимиз вакиллари мазкур мусиқа байрамида мунтазам қатнашади. Ушбу санъат анжумани юксак инсоний фазилатларни улуғлаб, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қадим Шарқ ва Европанинг классик мусиқаларини ижро этиш ҳар қандай ёш авлод учун юксак шараф. Мазкур танловда шогирдларим ўз иқтидорини тўла намоён эта олганларидан бахтиёрман.

 

Дилором АЛИМОВА,

Фарғона санъат коллежи ўзбек миллий чолғулари аралаш таркибли ансамбли раҳбари:

– Фестиваль ғояси мусиқа соҳасида изланаётган ёшларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига йўналтирилгани билан эътиборга молик. Қолаверса, ўзбек мусиқа таълимидаги янгиликлар, қардош халқларимиз ёшларининг ижоди билан яқиндан танишишида мазкур тадбир муҳим аҳамият касб этади. Фестивалга ўзбек миллий куйларидан иборат мусиқий гулдаста тайёрладик. Чиқишларимиз барча тингловчиларга манзур бўлганидан мамнунмиз.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: