Китобхон набиралар

Болалик хотиралари кишига ўзгача завқ бағишлайди. Айниқса, отамнинг беқиёс меҳри, ажойиб фазилатларини ўйласам, юрагим ҳаприқиб кетади. Бизни доим ҳайратга солгани у кишининг китобга бўлган ўзгача меҳри эди.

Ўқиган китобларидаги ҳикматли сўзлар, ибратомуз воқеаларни эринмасдан дафтарга қайд этиб борарди. Шу билан бирга биз фарзандларга ўзларига маъқул бўлган китобни тавсия қилиб, уни ўқимаганимизга қўймасди. Отажоним кўз қорачиғидек асрайдиган бундай дафтарларнинг эса сон-саноғи йўқ эди. Шу дафтарлар сабаб биз ҳам юзлаб китобларни ўқиб чиққандик. Оиламиздаги фарзандларнинг кўпчилиги ўқитувчилик касбини танлаб, китоблар оламининг шайдоси бўлиб қолгани ҳам шундадир балки.

Саксонни қаршилаб бораётган отам мутолаада бизга ҳамон ўрнак. Қачон у кишининг зиёратига борсам, албатта, янги нашрдан чиққан асарларни олишни унутмайман. Меҳрибоним эса ўзим, болаларим, невараларим нималар ўқиётгани билан қизиқади. Китоб барча жумбоқларнинг калити, бу ноёб гавҳар болаларнинг қўлидан тушмасин, деб тайинлайди.

Яқинда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев мактабимизга ташриф буюрганида беихтиёр, болалик йилларим ёдимга тушди. Тўқсон ёшни қаршилаб бораётган севимли адибимиздан китобхонликка бағишланган тадбиримизда иштирок этишини сўраганимизда у киши салқин об-ҳавога қарамай, “лаббай” деб жавоб берганидан кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Саҳна кўринишлари тайёрладик. Адабий кечада забардаст ёзувчимизни худди болажонлар каби ҳаяжонга тушгани, улар билан тенгдош ўртоғидай гурунглашганини алоҳида таъкидлашни истардим. Болалиги Иккинчи Жаҳон уруши пайтига тўғри келган меҳмонимиз бир бурда нон илинжидаги саргардонликлари, эгнига кийим топса, оёғига тополмагани, қиш-қировли кунларда укаларини асраш учун елиб-югурганлари ҳақидаги хотираларидан таъсирланган ўқувчилар бугунги доруломон кунларга шукрона келтираётганини гувоҳи бўлиш ниҳоятда мароқли эди.

Ўша куни мулоқотимиз узоқ давом этишига қарамай, ўқувчилар ва ҳатто, биз устозлар ҳам севимли ёзувчимизнинг суҳбатига тўймадик. Буни илғаган зийрак адибимиз “агар болалар яна ҳам кўп китоб ўқишга ваъда берса, тез кунларда мен уларнинг ҳузурига яна келаман”, деди.

Энг қизиғи шундан кейин бошланди. Мактаб кутубхоначисининг айтишича, ҳали бирор марта қўлига китоб олмаган энг ўйинқароқ болалар ҳам кутубхонага аъзо бўлиб, бадиий китоблар мутолаасига киришибди. Яна бир қувонарли томони болаларимиз биз устозларга қайси китобни ўқишаётгани ҳақида тўлиб-тошиб ҳисобот берадиган бўлди. Айтиш жоиз бўлса, ўша кунлар мактабимиз аллақандай нурга чулғангандек эди. Барчамиз китобхонлик давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмаслигини яна бир бор ҳис этдик.

Яна ўқинг:  Илгирлик – фирибгарлик... ми?

Ўз навбатида Худойберди бобо ҳам ўқувчиларни кўп интиқ қилмади. Устоз адиб яна бир бор азиз меҳмонимиз бўлди. Тантанали тадбирлар зали эса ўқувчилар билан тўлиб тошди. Уларнинг барчасида севимли ёзувчига айтадиган гаплари бисёр эди. Ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етишлари йўлидаги ҳаракатимиз самарасидан биз ҳам мамнун эдик.

Эрта-индин эса отамнинг зиёратига ўтаман. Фидойи ёзувчимиз билан учрашувимиз ҳақида сўзлаб бераман. Шу билан бирга куни кеча мамлакатимиз ўқувчи ёшлари ўртасида бўлиб ўтган “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ва унда ғолиб бўлганларга ҳукуматимиз томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим этилганини бор тафсилоти билан меҳрибон падаримга айтишни дилимга тугиб қўйдим. Буни эшитган китобхон отамнинг кўзлари чақнаб, боши кўкка етади, албатта.

 

Моҳин ОМАРОВА,

Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги153-умумтаълим

мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: