Халқнинг дардига дармон бўлиш – бугунги куннинг долзарб вазифаси
Бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида тиббиёт муассасалари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, хорижлик шифокорлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.
Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган қисқа даври мобайнида юртимизда тана аъзолари трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга оширилди. Соҳада хусусий секторни ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Қувонарлиси, чет элда фаолият олиб бораётган кўплаб ўзбек шифокорлари юртга қайтиб, халқимизга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бугунги кунда 1 миллион 800 минг нафар аҳолига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиб келмоқда. 1140 нафар малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходими фаолият юритаётган муассаса замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган.
– Марказимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган перинатал хизматни такомиллаштириш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, чақалоқларнинг туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, аёллар ўртасида онкологик хасталикларнинг олдини олиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида аёллар тиббий кўриги ташкил этилган, – дейди тиббиёт маркази директори, олий тоифали жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Шуҳрат Худойбергенов.
Ушбу кўп тармоқли марказ 2008 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида аҳолига ихтисослаштирилган илғор диагностик усулларни қўллаш орқали малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган ягона марказга айлантирилди. 2017 йилнинг ёзида бу ерда ангиография хонаси очилиб, диагностик коронорография амалиёти (қон томирларини мониторда кузатиш) қўлланила бошланди. Ўтган йил 280 нафар беморда 322 та текширув ўтказилиб, уларнинг 42 нафарига даво муолажаси, яъни (қон томирларда ўтказувчанликни яхшилаш) стендлари қўйилди. Юрак қон-томир касалликларини стендлашдан ташқари, юракка электрокардиостимуляторларни имплантация қилиш ҳамда 2 нафар болада юрак туғма нуқсонини даволаш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, 170 та ангиография текширувлари, 1 нафар оғир беморда эса транслюминал баллони ангиопластикаси (қон томирни баллон ёрдамида кенгайтириш) муолажаси муваффақиятли амалга оширилди. Соҳада олиб борилаётган бундай ислоҳотлар юртдошларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, марказнинг пульмонология, ревматология, кардиология, гастроэнтерология, неврология, эндокринология, аллергология, нефрология, гематология, андролог бўлимлари, хирургик йўналишда абдоминал, томир, торакал, проктологик, нейрохирургик, офтальмологик, йирингли касалликлар, травма оқибатлари ва ортопедия, урология, юз-жағ хирургияси ва гинекология бўлимлари, шунингдек, стоматология, физиотерапия, лазер, гирудотерапия, даволовчи жисмоний тарбия (ЛФК), функционал диагностика, ультратовуш текширувлари, эндоскопик, гемодиализ, лаборатория, қон қуйиш каби бўлимларда беморлар ўз саломатликларини тўлиқ тиклаш имконига эга бўлмоқда.
Аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган малакали шифокорлар – реаниматолог Усмон Олтиев, нейрожарроҳ Камол Саидов, кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди Шермуҳаммад Турсунов, интервецион кардиологлар – Ғулом Холов, Жамшид Назаров, Шавкат Ҳамраев, пульмонолог Собир Тошев, аллерголог Ойша Ҳайдарова, гематолог Шаҳло Улуғова, ЛОР шифокори Гулноза Адилова, практолог Истам Норовларнинг меҳнати таҳсинга лойиқ.
Ҳар қандай соҳада ютуққа эришиш учун муттасил изланиш, касбий маҳоратни ошириб бориш талаб этилади. Буни яхши англаган Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ходимлари малакали хизматни ташкил этиш учун ҳафта давомида бажарилган амалиётлар бўйича тақдимотлар ўтказиб, буни суҳбат ва маърузалар, савол-жавоблар асосида мустаҳкамлаб бормоқда.
Келинг, шу ўринда рақамларга мурожаат қилсак: 2017 йил марказ 127 минг 40 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатди. Муассасанинг стационар бўлимида эса 19 минг 634 нафар бемор ўз саломатлигини тиклади.
Шунингдек, 250 нафар қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникасининг терапия, хирургия бўлимлари қайта реконструкциядан чиқарилиб, индивидуал иситиш тизимига уланди.
Элга хизмат қилиш, халқнинг дардига дармон бўлиш, улар оғирини енгил қилиш, бугунги кунимизнинг долзарб вазифасидир. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг фидойи ходимларига шарафли меҳнатларида муваффақиятлар тилаймиз!
Марям ҚОДИРОВА,
Бухоро вилояти