356 ТА МЕДАЛЬ

Сурхондарёлик спортчи ёшларнинг 2014 йилда халқаро ва республика мусобақаларида эришган ютуқларини шундай ифодалаш мумкин.

Ўтган йил йигирмадан ортиқ мамлакатда ўтказилган 56 та халқаро спорт мусобақасида ўғил-қизларимиз қатор спорт турлари бўйича 126 та олтин, 105 та кумуш, 160 та бронза, жами 391 та медални қўлга киритган. Бу рақамлар оддий рақамлар эмас. Улар негизида давлатимизнинг спортга қаратаётган улкан эътибори, ажратилган маблағ, яратилган шарт-шароит, мураббийлар меҳнати, спортчиларнинг мақсад сари интилиши, руҳи, характери, шижоати ва мустаҳкам иродаси мужассам экани ҳеч кимга сир эмас.

Бугун ёшларимизнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз иқтидор ҳамда салоҳиятини юзага чиқариши учун яратилган кенг имкониятлар пировардида ўғил-қизларимизнинг эришаётган натижалари халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда.

Эътиборлиси, бугун юртимиз фахрига айланиб улгурган ёш спортчиларимиз мамлакатимизнинг турли шаҳару қишлоқларида вояга етган. Масалан, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиблари – бокс бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев Фарғонада, юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпиони Илҳом Баҳромов Самарқандда, дзюдочи Суҳроб Турсунов Сурхондарёда камолга етган.

Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим омили сифатида юксак самаралар бераётгани, юртимиз спортининг келажаги, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг воситасига айланганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиб турган муҳташам спорт иншоотлари ўғил-қизларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатларнинг натижасини Сурхондарё вилоятида қилинаётган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан таълим масканларида билим олаётган ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни мусобақаларга оммавий тарзда жалб қилиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу филиал томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом фарзанд – юрт келажаги”, “Гимнастика барча учун”, “Соғлом аёл – соғлом жамият”, “Болалар лигаси”, “Баҳор маликалари”, “Қувноқ стартлар”, каби спорт мусобақалари ўтказилди. Оилавий спортни оммалаштириш мақсадида “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Она соғлом бўлса, фарзанд соғлом бўлади”, “Куч бирликда” ва “Соғлом юрт, соғлом келажак” каби спорт тадбирлари ва мусобақалар самарали ташкил этилди. Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан барча умумтаълим мактабларида мавжуд спорт секцияларидан ташқари қўшимча 1-4 синф ўқувчилари учун шахмат, шашка, 5-9 синф ўқувчилари учун стол тенниси ва бадминтон тўгараклари ташкил қилиниб, уларга ўқувчи-ёшлар жалб этилган.

Яна ўқинг:  Buyuk sulola ramzi

Бундай кенг имкониятлар ўқувчиларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда, спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб, улар эришаётган ютуқлар салмоғи муттасил ортмоқда.

Мактабларда спортнинг 22 тури бўйича устоз-мураббийлар ўқув машғулотларини олиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта! Ўтган ўн йил давомида 108 та замонавий спорт иншоотлари қурилди, мавжудлари тўлиқ таъмирланди. Улардан самарали фойдаланиш муҳим вазифа ҳамда болалар ва ёшларни жисмоний тарбия ҳамда спортга оммавий равишда жалб қилишнинг асосий шарти ҳисобланади.

Вилоят ва маҳаллий ҳокимликлар мутасадди ташкилотлар билан биргаликда таълим муассасаларини тугатиб келаётган ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш, болалар спорт иншоотларини малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг фаолият кўрсатишлари учун барча зарур имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида сурхондарёлик 388 нафар ёш таҳсил олмоқда. Ўтган йили эса 99 нафар мутахассис мазкур илм даргоҳини тамомлади.

Болаларни спортга жалб этиш мақсадида уларнинг қизиқишлари инобатга олиниб, спорт турлари сонини кўпайтиришга эътибор қаратилмоқда. Ўн йил олдин спорт турларининг сони 12 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда улар 31 тага етказилди. Бугунги кунда аҳоли учун вилоятда 3 минг 941 та спорт иншоотлари беминнат хизмат қилмоқда. Шулардан 2 минг 874 таси қишлоқларда жойлашган.

Имконият ва эътибор, албатта ўз натижасини бериб келмоқда. Биргина ўтган йилда сурхондарёлик спортчи ёшлар спорт турлари бўйича Республика, Халқаро, Осиё ва Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, 117 та олтин, 118 та кумуш, 121 та бронза, жами 356 та медални қўлга киритиб, юқори натижаларга эришди.

Ҳеч бир соҳа давлатни спортчалик машҳур қила олмайди. Юртимизнинг спортда эришаётган ютуқларида воҳа спортчиларининг ҳам ўз ўрни бор. Бугун яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз олдига қўйган мақсадларни рўёбга чиқариш, жаҳон узра Ўзбекистондек қудратли юртнинг муносиб фарзандлари эканини исботлашга аҳд қилган, ҳар томонлама етук авлод вакиллари вояга етмоқда. Улар эришаётган ютуқлар барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Сайёра АЛЛАЕВА,

Сурхондарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: