Келажак – боғчадан бошланади
Тириклик баҳордан, ҳаёт мазмуни фарзанддан бошланади. Кузимизнинг қут-баракаси, йилимизнинг ҳосиласи баҳорга, Наврўзга боғлиқ бўлганидек, оиламизнинг тақдири, миллатимизнинг келажаги ҳар томонлама етук фарзандлар қўлидадир.
Мустақиллик нашидаси, сурурини баҳорга, Наврўзга менгзаймиз. У баҳор янглиғ жўшқинлик, Наврўз янглиғ янгиланишлар билан ҳаётимизга мазмун олиб кирди. Истиқлолнинг илк йиллариданоқ, миллат генофондини соғломлаштириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши эса соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
Жумладан, жорий йил юртимизда янги – Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганлиги улуғвор ислоҳотлардан бири бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. “Келажак – боғчадан бошланади” деган шиор баландпарвоз гап эмас. Аслида ватанпарварлик, эл-юртга фидойилик бир қарашда оддий, лекин ҳаёт талаби бўлган ана шундай долзарб ишлардан бошланади”, – дейди Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида.
Мамлакат раҳбари ҳудудларга борганида шаҳар ва туманларда барпо этилаётган янги боғчалар, уларда болакайлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишга алоҳида эътибор қаратади. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларига қилган сафари бунга яққол мисолдир. Энг асосийси, бундай эзгу ишлардан ёш ота-оналар, кексалар, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз мамнун бўлмоқда.
Шуниси қувончлики, бу йил 3 мингдан зиёд болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 та боғча янги, 1 минг 360 таси мавжуд биноларда, 470 таси эса уй боғчаси сифатида иш бошлайди.
Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар имкониятлари кенг ишга солинади.
Жорий йил биргина пойтахтимизнинг ўзида 420 дан ортиқ кўп қаватли уй-жой қуриш режалаштирилган. Уларнинг 220 таси хусусий тадбиркорлар томонидан, 200 таси эса давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида барпо этилади. Эътиборлиси, 220 та уйнинг биринчи ва иккинчи қаватида тадбиркорлар томонидан кичик ҳажмдаги болалар боғчалари ташкил этилади. Бу айниқса, ёш ота-оналар учун катта қулайлик. Боиси, улар боғчага бориш учун узоққа қатнамайди, вақти тежалади. Болалар эса ўз маҳалласи, қўни-қўшнилари даврасида улғаяди. Ота-оналарнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда якка тартибдаги хонадонларда ҳам 40-50 ўринли хусусий болалар боғчалари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Фарзандларимиз келажагини ўйлаб қилинган яна бир янгилик шуки, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ота-оналарнинг фарзандлари билан оилавий дам олишларига янада кўпроқ имконият яратиш, улар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ҳамда оилавий анъаналарни шакллантиришдан иборатдир. Шунингдек, бундай имконият орқали фарзандлар ота-оналари билан биргаликда театр, музей ва тарихий масканларга саёҳат қилишларига замин яратилади. Қолаверса, ҳафтанинг шанба кунлари муассасаларда ўқувчиларнинг қизиқиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда турли фан тўгараклари, спорт секциялари ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилади. Янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич қолган бошланғич синф ўқувчилари ҳам ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб тиббий муассасаларнинг пенсионер шифокорлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, пенсияни тўлиқ ҳажмда олмоқда. Шунингдек, фахрий унвонлар соҳиби бўлган меҳнат қилувчи пенсионерларга жорий йилнинг 1 январидан бошлаб пенсия тўлиқ ҳажмда тўлана бошланди. Бундай имтиёз илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида ижодий ишлари учун қалам ҳақи олувчи пенсионерларга ҳам тааллуқлидир. Ижодкорларнинг қалам ҳақлари оширилди, олимларга унвонлари учун қўшимча устама тўланадиган бўлди. Булар ҳам халқимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, Наврўзи айёмга хос қадриятдир.
Баҳорни, Наврўзи айёмни барча юртдошларимиз жуда соғинган. Нурли келажак сари дадил қадамлар билан интилаётган ёш ўғил-қизлар, отахон-у онахонлар, хуллас барча-барчанинг қалби оппоқ орзуларга тўла. Зеро, Баҳор ва Наврўз ҳаёт абадийлигининг тантанасидир.
Академик шоир Ойбек домла куйлаганидек:
Баҳор, кетма бизнинг боғлардан,
Қуёш, нуринг сочавер мўл-мўл.
Раъно ЗАРИПОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист