Болалар спорти: эҳтиёж, эътибор, эътироф
Қадим қадимдан қаҳрамонларга эҳтиёж сезилганда эртаклар, афсона ва ривоятлар тўқилган. Элларда, тилларда машҳур бўлган эртак қаҳрамонларига ҳамма ҳавас қилган. Ёшлар улардек бўлишга интилган…
Ҳозирги кунга келиб эртак қаҳрамонларига зарурат қолмади чунки улар эртаклардан чиқиб ҳаётий қаҳрамонларга айланиб улгурди. Дунёда дўстлик элчиси бўлмиш спорт шиддат билан ривожланиб миллатлар, элатларни бир-бири билан оға-ини, дўст-биродар бўлишларига, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Спортчиларнинг кўрсатган натижалари ва ўрнатган рекордлари тилларда достон бўлиб улар ҳақида янги янги афсоналар яратилмоқда. Ҳар бир миллат ўзининг чемпион фарзандлари билан фахрланмоқда, улар эса ватани номини дунёга янада машҳур қилмоқдалар.
Буларнинг барчаси спортга қаратилаётган эътибор ва спортчиларга яратилаётган имкониятлар самараси десам асло муболаға бўлмайди. Бутун дунёда Ўзбекистон спортга, болалар спортига юксак эътибор қаратилаётган давлатлар рўйхатида туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Мустақил Ўзбекистонимизда спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Юртбошимизнинг «Ҳеч нарса мамлакатни спортчалик дунёга тез танита олмайди», деган сўзлари нақадар ҳақиқат эканлиги ўтган йиллар мобайнида кўп бора ўз исботини топди. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб, спортга, айниқса, болалар спортига юксак эътибор қаратиб келинмоқда. Ана шу эътиборнинг натижаси ўлароқ спортчиларимизнинг дунё спорт майдонларида қўлга киритаётган ютуқларининг салмоғи ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Уч босқичли спорт ўйинлари «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» баҳслари, янги, замонавий спорт иншоотлари ва комплексларининг бунёд этилиши юртимизда спортнинг оммалашишига туртки бўлмоқда. Ёшларимизга яратилаётган бундай имкониятлар бугун ўз самарасини бермоқда.
2002 йил октябрь ойида Президент Фармони билан ташкил қилинган «Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси» болалар спортининг янада ривожланишига жуда катта сабаб бўлди. Мамлакатимизда спортнинг бокс, кураш, каратэ, таэквондо, дзюдо, кикбоксинг, футбол, эркин кураш, шахмат, қўл жанги, катта теннис ва стол тенниси, бадиий ва спорт гимнастикаси, сузиш, енгил атлетика, баскетбол, гандбол, волейбол, футбол, кураш ва дунё бўйлаб кенг тарқалган бошқа спорт турлари жадал ривожланиб, тобора оммалашиб бормоқда. Ёш спортчиларимиз орасидан кўплаб Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқа бошлади.
Биргина футболни оладиган бўлсак, футбол бўйича ёшлар, ўсмирлар ва миллий терма жамоаларимизнинг халқаро мусобақаларда кўрсатган мазмунли ўйинлари орқали Ўзбекистон сўнгги йилларда Осиёнинг энг кучли жамоалари орасидан жой олди. Футболчиларимизнинг Осиё ва Европа жамоаларида тўп сураётганлиги ҳам юртимизда футбол нақадар шиддат билан ривожланаётганини кўрсатади. Бунинг натижасида ўзбек футболига дунё миқёсида бўлган эътибор янада кучаймоқда. Ўсмирларимизнинг 2009 йил Тошкентда ўтказилган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати финалига чиқиш, 2010 йил Мексика майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги ёрқин иштироки, 2012 йилги Осиё чемпионлиги, ёшлар терма жамоасининг шу йил Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги ютуқлари, Ўзбекистон футбол федерациясига ФИФА томонидан «FAIR PLAY», яъни «Ҳалол ўйин» совринининг топширилиши… Хуллас, санайверсак ютуқлар бисёр! Бу фақатгина футболга тегишли бўлган маълумотлар. Бошқа спорт турларида ҳам мақтанса арзигулик муваффақиятларимиз талайгина.
Бухоролик дзюдочимиз Ришод Собировнинг икки карра жаҳон чемпиони бўлиши, икки карра Олимпия ўйинлари бронза медалига сазовор бўлганлиги ҳам юртимизда спортга қаратилаётган эътибор самарасидир.
Бундан ташқари болалар спортига қаратилаётган эътиборнинг натижаси ўлароқ бугун ёшларимиз халқаро ареналарда юртимиз байроғининг янада баланд кўтарилиши ва мадҳиямизнинг баралла янграшига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Яқиндагина Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган ХХVII Жаҳон универсиадаси баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик талаба спортчилар 2та олтин, еттита кумуш, ўнта бронза жами 19 медални қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида МДҲ давлатлари ўртасида олтинчи, Осиё қитъаси бўйича еттинчи ўринни қўлга киритишди. Бу натижалар ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Давлатимиз томонидан спортга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларимиз спорт билан ҳамнафас улғайишмоқда.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан олиб борилаётган ишлар ёшларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол қилиб вояга етказишга қаратилган. Зеро, жамғарма ташкил топганлигининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган йиғилишда Президентимиз ўз маърузасида бу жиҳатни яна бир бор ёдга олиб ўтди: «… Жамғармани ташкил этишда биз соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, ёш наслимизни турли салбий таъсирлардан асраш, болалар спортини том маънода оммавий, умумхалқ ҳаракатига айлантиришдек олижаноб мақсадларни ўз олдимизга қўйганимизни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.»
Жамғарма болалар спортини, биринчи навбатда қишлоқ жойларда ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини шакллантириш, замонавий спорт комплексларини бунёд этиш ва уларни замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлашга асосий эътиборини қаратади. Охирги ўн йил давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1113 та болалар спорти объекти, жумладан, 252 та янги спорт комплекси, 861 та спорт зали барпо этилган бўлиб, буларнинг 84 фоизи қишлоқ жойларда қурилди.
Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 262 та спорт иншооти реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Бу мақсадлар учун 570 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Биргина ўтган йилда 92 та болалар спорти объекти ва 16 та сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди.
Республикамиздаги мавжуд 9600 та умумтаълим мактабларининг 81 фоизи янгитдан қурилган ва реконструкция қилинган спорт залларига эга. 1549 та коллеж ва лицейлар замонавий жиҳозланган спорт заллари билан 100 фоиз таъминланган.
Болалар спорти объектлари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган анжомлар билан жиҳозланди ва қайта жиҳозланмоқда. Бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарининг 114 таси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётгани ўтган даврда бу борада ҳам жиддий қадамлар қўйилганидан далолат беради.
Юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг яна бир асосий бўғини бу соғлом она соғлом бола ғоясидир. Шу сабабдан мамлакатимизда қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Оила ва жамият таянчи бўладиган қизларимизни ёшликдан спорт билан ошно этиш масаласига янада жиддий эътибор беришимиз, келажакда улардан соғлом фарзандларнинг дунёга келишини таъминлайди. Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра бугунги кунда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 36 минг нафар қизлар бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланишмоқда. Қизларни нафақат соғлом, балки қоматларининг гўзал бўлишига ёрдам берадиган спорт турларидан яна бири бу сув спортидир.
Ўтган беш йилда мамлакатимизнинг барча вилоятларида намунавий лойиҳалар асосида ҳажми 25 метрга 12 метр бўлган 14 та янги, замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилди, 13 та сузиш ҳавзаси қайтадан қурилди, 83 таси капитал таъмирланди. Шу даврда 110 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди, уларнинг умумий сони бугунги кунда юртимиз бўйича 203 тага етди.
Яратилган бундай кенг имкониятлар болаларнинг сув спорти турлари – сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш, ватерпол билан оммавий равишда шуғулланиши учун хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда республикамиз миқёсида 13 минг нафардан ортиқ ўғил-қизларимиз айни шу спорт турлари билан мунтазам равишда шуғулланишмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон спортчилари сув спорти турлари бўйича кўплаб халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда.
2012-йили Германияда бўлиб ўтган сузиш бўйича халқаро мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси 9 та олтин, 9 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди.
Болалар эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир, дейди Президентимиз. Бу бежизга эмас албатта. Чунки, фарзандлари ҳам маънан ҳам жисмонан баркамол бўлган миллатнинг келажаги буюк бўлади. Биз ўтмиши шонли тарихи ва бугуни фахрли миллатмиз. Келажагимизни қандай ёзиш эса ўзимизга боғлиқ. Юртимизда биз учун керакли бўлган барча шароитлар муҳайё қилинган фақат улардан тўғри ва оқилона фойдалансак кўзлаган мақсадимизга албатта етамиз. Зеро, Юртбошимиз айтгандек биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам.
Фарҳод ТОЛИПОВ
«Соғлом авлод» мухбири