“Қизил бўрича” ҳақида нималарни биламиз?
Касалликдан енгилмаслик йўллари
Дарднинг эпидемиологияси етарли ўрганилмаган. Лекин ҳозирги вақтда у кам учрайдиган касалликлар қаторига кирмайди ва барча иқлимий-географик ҳудудларда учрайди. Хусусан, бизнинг тиббий текширувларимиз шуни кўсатадики, кейинги йилларда бу хасталикнинг учраши ва тарқалиши ортиб бормоқда.
Системали (тизимли) “қизил бўрича” хасталиги – сурункали, полисиндромли – (кўп клиник белгили), иммун комплексли касаллик бўлиб, болаларда патологик жараённинг тез ёйилиши, оғир висцерал кўринишлар, яққол периферик синдромлар, иммун тизимининг кучли шикастланиши билан тавсифланади.
Ушбу дард билан оғриган қизларнинг касалланиши 90-95 фоизни ташкил қилади. Касаллик барча ёшда бошланиши мумкин. Лекин беморлик 9 ёшдан бошлаб, унинг энг юқори кўрсатгичи 12-24 ёшда ҳам кузатилади. Касаллик бошланишида беморлар бўғимлардаги оғриққа, иситмалашга, иштаҳасининг йўқлигига, уйқусининг бузилишига шикоят қилади. Одатда хасталик тўсатдан бошланиб, дардманд одамда қайталанувчи полиартрит (кўпгина бўғимларнинг яллиғланиши) ҳароратнинг кўтарилиши, теридаги турли тошмалар, мадорсизлик, озиш каби холатлар кузатилади. Кам ҳолларда касаллик тўсатдан бошланиб, хаста одамда юқори ҳарорат, терлаш, бўғимларда оғриқ ва шиш, юз соҳасида “капалак”симон аломат, ички аъзоларда полисерозит, буйракларда эса гломерулонефрит аниқланади.
Бўғим синдроми – артрит сифатида касалликнинг энг кўп учрайдиган (80-90 фоиз беморларда) клиник белгиларидан бири бўлиб, одатда кўчувчи артларгия (бўғимлардаги оғриқ) ёки артритлар, периартрит ва кам ҳолларда оғриқли контрактуралар (ҳаракат бузилиши) билан турғун оғриқли синдром сифатида кузатилади. Асосан панжанинг майда бўғимлари, билак ва тўпиқ бўғимлари, баъзан йирик бўғимлар ҳам шикастланади. Бўғим синдроми одатда кучли миалгия (мушаклардаги оғриқ), миозит (мушаклар яллиғланиши), тендовагинит (пайлар яллиғланиши) билан кузатилиб, рентгенологик текширувда суякларда эпифизар остеопороз кўзга ташланади.
Терининг шикастланиши – тахминан 2/3 қисм беморларда аниқланиб, юзнинг яноқ соҳаларида ва бурунда экссудатив эритемали шиш, “капалак” синдроми сифатида намоён бўлади. Бундан ташқари оёқ-қўллар, кўкрак қафаси терисида носпецифик экссудатив эритема, тананинг очиқ қисмларида фотодерматоз аломатлари, юзда, кўкракда, оёқ-қўлларда дискоидли эритема ўчоқлари аниқланади. Панжа ичидаги майда капилляр (қилтомир)ларнинг яллиғланиши ташхис қўйишда катта аҳамиятга эга бўлиб, ҳозирги вақтда “капалак”симон клиник белгига тенг ҳисобланади.
Беморларда ўзига хос жуда озиб кетиш билан терида турли трофик бузилишлар (сочнинг кўп тўкилиши, тирноқларнинг қийшайиши ва синувчанлиги, терида яра-чақа) аниқланади.
Шиллиқ пардаларнинг шикастланиши – танглайнинг энантемаси, оғиз бўшлиғида афтоз стоматит (оғиз бўшлиғининг оқариб қолиши) – “қизил бўрича” хейлити (лаб бичилиши) билан таърифланади.
Сероз парданинг шикастланиши – анъанавий ташхис қўйишда ушбу касалликнинг учта аломати (дерматит, артрит ва полисерозит) 90 фоиз беморларда учрайди. Кўпинча плевра (ўпка пардаси), перикардни (юрак пардаси) шикастланиши аниқланиб, одатда қуруқ ёки суюқлиқли серозит сифатида намоён бўлади. Серозитнинг клиник манзараси: оғриқ, перикарднинг ва плевранинг ишқаланиши шовқин билан кузатилади. Аммо, бу аломатларнинг тез йўқолишга мойиллиги туфайли баъзан бу клиник белги эрта аниқланмай, кейинчалик рентгенологик текширувда кўринади.
Юрак – томир тизимининг шикастланиши – бу касалликка анчайин хос бўлиб патологик жараёнга юрак пардалари бирин-кетин қўшилади. Перикардит – хасталикнинг энг кўп учрайдиган белгиси бўлиб, тез ўтиб кетувчи перикарднинг ишқаланиши шовқинли ва юрак зарблари бўғиқ эшитилади. ЭхоКГ ёрдамида перикард бўшлиғида кўп бўлмаган суюқликни аниқлаш мумкин. Лекин болаларда миокардит аломати устун бўлади.
Системали “қизил бўрича” хасталиги Рейно синдромида касалликнинг эрта аломатларидан бири бўлиб, 10-40 фоиз беморларда кузатилади. Рейно синдромининг бу дард билан кузатилиши жараённинг безарар кечишини кўрсатади. Лекин касалликнинг ривожланиши Рейно синдромидан бошланса ёмон оқибатга олиб келади. Бундай беморларда системали томир жараёни аниқланиб, қайтмас қон айланишини бузилишлари кузатилади.
Буйракнинг шикастланиши – касалликнинг ўткир кечиши ½ қисм беморларда югурикли буйрак хасталиги сифатида кузатилиб, хасталикнинг тарқалиб кетиш жараёнида пешобда ўзгаришлар кузатилади. Ушбу аъзонинг хасталанганлик белгилари аниқланади.
Асаб тизимининг шикастланиши – аввалига (ҳолсизлик, тез чарчаш, адинамия, сержаҳллик, кайфиятнинг ёмонлиги, бош оғриши ёки бошда оғирлик ҳиссиёти, кўп терлаш) кузатилади. Касаллик авж олганда эса беморнинг асаб тизимида ўта жиддий ўзгаришлар яққол кўзга ташланади.
Қон ҳосил қилувчи аъзоларнинг шикастланиши барча беморларда кузатилади.
Беморнинг ушбу дардга енгилмаслиги учун касалликнинг пайдо бўлиши ва қайталанишига қарши ўз вақтида, тўлиқ даво муолажаларини амалга ошириш зарур. Энг аввало хастани узоқ, узлуксиз даволаниши зарурлигига ишонтириб, унга қуйидагиларга риоя қилиши шартлиги таъкидланади:
- Агар бемор ўзини носоғлом ҳис қилса ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиши ва мунтазам диспансер текширувидан ўтиши даркор.
- Гормонал дори воситасини шифокор қатъиян тавсия қилинган дозада қабул қилиши лозим.
- Хаста киши кун тартибига риоя қилиши ҳамда кундузи 1-2 соат ухлаши муҳим ва парҳез тузиши зарур. Таомномада – туз ва углеводни чеклаб, оқсил ва витаминларга бой озиқ – овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак.
- Дардманд одам қуёшда тобланмаслиги ва совуққотмаслигига аҳамият бериш муҳим.
- Турли жарроҳлик муолажалари ҳамда эмлашлар таъқиқланади.
- Касаллик беморни ҳолсизлантириб қўймаслиги учун ҳимоя тартибига риоя қилиб, эҳтиётлик билан организмни чиниқтиришни (эрталабки бадантарбия, илиқ сув билан артиниш, тоза ҳавода узоқ сайр қилиш, толиқтирмайдиган спорт билан шуғулланиш) бошлаш тавсия этилади.
- Ўчоқли ёки сурункали инфекциянинг қайталанишида ётоқ тартибига риоя қилиш, антибиотиклар, дессенсибилловчи воситалар қабул қилиш лозим.
- Теринниг шикастланишида қуёш нуридан ҳимоя қилиш учун фотоҳимояловчи малҳамларни қўллаш, юз қизарганида терига гормонал малҳам суртиш шарт.
Беморга ўз ҳиссиёти ва қабул қилаётган дори воситаларининг дозасини қайд этиб бориш учун кундалик тутиб, унда барча муолажалар ҳақида ёритиб бориш тавсия қилинади. Шифокор ҳар бир беморга йил мобайнидаги аҳволини батафсил таърифлаб беради. Гормонал ва цитостатик препаратлар қабул қилинаётган даврда хаста доимо кардиревматолог назоратида бўлиши лозим.
Системали “қизил бўрича” хасталигини бирламчи муҳофазалашда “хавф гуруҳига” кирувчи беморларни ажратиш керак. Аввало, беморларнинг қариндошларини текшириш зарур. Уларда касалликнинг биргина аломати аниқланган тақдирда ҳам худди беморлардаги сингари уларга ҳам ҳимояловчи тартиб тавсия қилинади.
Ушбу дарднинг оқибати охирги йилларда сезиларли яхшиланди. Касаллик эрта аниқланиб ва мунтазам даво муолажалари амалга оширилганда 90 фоиз беморларда касалликнинг қўзғалмаслигига эришиш мумкин. Лекин 10 фоиз беморларда, айниқса, эрта кузатиладиган люпус-нефрит (буйрак хасталиги)да касаллик оқибати ёмон бўлади.
Феруза ОҚИЛОВА,
тиббиёт фанлари номзоди,
Тошкент шаҳар 4-сонли болалар шифохонаси бош шифокори