Ҳайъат йиғилишида беморга қўполлик қилган тиббиёт ходимлари вазифасидан озод қилинди

Жорий йилнинг 5 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Видеосеклектор тарзида ўтган йиғилиш соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов раислигида ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида шифохоналардаги ҳолатлар, тиббиёт ходимларининг касбий этикаси ва аҳолининг эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётган айрим раҳбар ходимлар масъулиятини оширишда ижро интизоми ва назорати алоҳида ўрин тутиши таъкидланганди.

Шу муносабат билан Ҳайъат йиғилишининг биринчи масаласи аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланди. Таъкидланганидек, Президент виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми ўрганилганда уларнинг 12,6 фоизи айнан соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақида экани маълум бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳар И. Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси травматология бўлимида даволанаётган бемор томонидан юборилган мурожаат ўрганилганда ҳам шифохонада айни шу камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди. Бемор ва унинг қариндошлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида шифохонанинг травматология бўлими мудири Т. Тоғаев ва ҳамшира М. Толипова ҳақиқатан ҳам тиббиёт ходими деонтологияси талабларини қўпол равишда бузиб келгани маълум бўлди.

– Бугун биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида янгича ишлаш тизимига ўтаяпмиз. Яъни, ишимизга баҳони халқ берадиган, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қиладиган тизимга, – дейди соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов. – Ҳаётнинг ўзи олдимизга энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби ҳам шу. Ҳар бир раҳбар ходим халқ дарди, халқнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши шарт. Шу каби ҳолат бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам содир бўлмаслиги, барча ўзига тегишли хулоса чиқариши учун мазкур масала муҳокамасини бугунги навбатдан ташқари бўлаётган ҳайъат йиғилишимизнинг бош масаласи сифатида олиб чиқдик.

Юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳамда шифохонада маънавий муҳит бузилганлиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаганлиги учун Тошкент шаҳар И. Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори С. Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш. Алимова, травматология бўлими мудири Т. Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М. Толиповалар ўз вазифаларидан озод этилди.

Яна ўқинг:  Тошкент Жанубий вокзали тубдан реконструкция қилинди

Йиғилиш якунида ҳар бир тиббиёт ходимининг асосий вазифаси аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, оилаларга кириб борган ҳолда мулоқот ўрнатиш, кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турларининг ўз вақтида ва кўнгилдагидек кўрсатилишини таъминлаш экани яна бир бор таъкидланди. Тиббиёт ходими фаолияти самараси халқ фикри орқали баҳоланадиган тизимни шакллантириш, бунда тиббиётнинг барча бўғинини комплекс ривожлантириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: