Футболчиларимиз финалда
Хитойда футбол бўйича ёшлар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг ярим финал учрашувлари якунланди.
Куньшан шаҳридаги “Kunshan Stadium”да ўтказилган ярим финал учрашувида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ёшлар терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Ўйиннинг 33-дақиқасида истеъдодли футболчимиз Забиҳилло Ўринбоев ҳисобни очди. Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида Хванг Хюн Су жаримадан оширилган тўпни боши билан дарвозага урди ва ҳисобни 1: 1 кўринишига олиб келди.
Баҳснинг асосий вақтида ҳисоб ўзгармади. Қўшимча таймда ғалабага бор куч-ғайратлари билан ҳаракат қилган футболчиларимиз рақиб дарвозасини 3 маротаба ишғол қилди. Ушбу голларга Азизжон Ғаниев, Жасурбек Яхшибоев ҳамда Акромжон Комилов муаллифлик қилди. Шу тариқа Ўзбекистон ва Жанубий Корея ёшлар терма жамоаси ўртасидаги ўйин 4: 1 ҳисобида якунланди.
Энди футболчиларимиз финал учрашувида Вьетнам термасига қарши майдонга тушади. Кореялик футболчилар эса учинчи ўрин учун қатарлик тенгдошлари билан рақобатлашади.