Сўз боғининг боғбони

Яшаш бу шунчаки катта далани кесиб ўтиш эмас, балки шу даланинг ақалли бир чеккасига дарахт экиб кетишдир. Кун келиб шу дарахтнинг соясида ўтирган, мевасидан баҳраманд бўлган инсонлар, албатта, боғбон хотирасини эзгу сўзлар билан ёд этишади ва бақувват илдизларини меҳр булоғида қайнаган оби-ҳаёт ила суғоришади.

Собиқ тузумнинг совуқ шамолларига қарамай, ўзидан улкан боғ қолдириб кетган адиб, шубҳасиз Абдулла Қаҳҳордир. Мана неча йилдир-ки, бу боғдаги “Сароб”, “Синчалак”, “Қўшчинор чироқлари”, “Муҳаббат” каби чинормонанд асарлари инсонларнинг юрагида чуқур илдиз отиб улгурган. “Боғимизнинг гавжум бўлиши бежиз эмас эди. Абдулла Қаҳҳор оддий деҳқондан тортиб академиккача ҳамманинг кўнглини топа олар эди. Одамларнинг кўнглига тушадиган биргина калит бор, бу камтарлик, оддийликдир. Абдулла Қаҳҳор номи бутун республикага таралганда ҳам “мен фалончиман” демаган. Шу сабабли уйимиздан яхшилар қадами сира узилмас эди”, деб ёзади ҳассос адибнинг суюкли рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова.

Мактабда ўқиб юрган кезлардаёқ, Тошкентга борсам, албатта, Абдулла Қаҳҳорнинг уй музейига бораман деган ниятни кўнглимга тугиб қўйгандим. Орзуимга эришиш ҳамда Абдулла Қаҳҳорнинг асарларига бўлган чексиз муҳаббатим ва иштиёқим мени адибнинг уй-музейи томон етаклади. Бу қутлуғ даргоҳга кириб борар эканман, мана шу уйда буюк адиб яшаганини, қачонлардир у инсон мен кирган эшикдан ҳар кун кирганини ва деворларида қўлларининг излари қолганини ҳис этиш энди адабиёт остонасига қадам қўяётган мендай талаба қиз учун улкан бахт эди.

Музей хоналаридан бирининг деворида осиғлиқ турган жумлани ўқиб, нафақат таъсирландим, балки Абдулла Қаҳҳорни инсон сифатида қайтадан кашф этдим. Бу сўзлар адибнинг рафиқаси Кибриё Қаҳҳоровага бағишланган эди: “Биз эр-хотингина эмасмиз. Эр-хотинлик орамиздаги муносабатдан бир жўъзигина. Агар бирон ташқи мажбурият бизни эр-хотинликка барҳам беришга мажбур қилса, орамиздаги муносабат жуда ҳам зарар тортади. Орамизда фақат битта келишмовчилик бор: у мендан кейин ўлишни, мен ундан кейин ўлишни истамаймиз”. Бундай самимий сўзлар фақат муҳаббатга тўлган, садоқатга кўмилган соф юракдан чиқади. Айтмоқчи, Кибриё Қаҳҳорованинг “Чорак аср ҳамнафас” номли китоби адиб хотирасига қўйилган муносиб ёдгорликка айланди, десак янглишмаймиз.

Мана шундай ширин ўйлар билан Абдулла Қаҳҳорнинг меҳмонлар кутадиган хонасига кирдим. У ердаги катта стол ва атрофида айлана қилиб қўйилган стуллар диққатимни тортди. Шунда қизиқувчанлигим устун келиб бунинг сабабини музей ходимларидан сўраганимда улар худди мен кутган жавобни беришди. Абдулла Қаҳҳор ҳамиша меҳмонлар бир давра бўлиб ўтиришини хуш кўрган, бунга сабаб эса ёзувчи ҳаммани ўз атрофида жамлаб, ҳеч кимни эътибордан четда қолиб кетишини истамаган. Шунинг ўзиёқ адибнинг нақадар меҳмондўст ва очиқкўнгил бўлганлигидан далолат беради. Мен ўйлайманки, Абдулла Қаҳҳорнинг буюклиги унинг очиқкўнгилигида эди. Балки шунинг учун бу адибнинг шогирдлари ҳам халқимиз ардоғидаги етук ижодкорлар бўлиб етишди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби адабиётимиз дарғалари бу инсонни ўзларига устоз деб билиб, кўрсатган ёруғ йўлларидан кетишди. Мана шу эмасми, боғбоннинг меҳнатлари самараси, натижаси. Бу боғлар ҳали анча ҳосил беради, биз ёшлар эса унинг меваларидан баҳраманд бўлаверамиз.

Яна ўқинг:  Бир комилга қўл берган...

 

Ўғилой НЕЪМАТОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси,

Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: