Иссиқхонадаги тансиқ неъматлар

Мамлакатимизда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш долзарб масалалардан биридир.

Жумладан, иссиқхоналар қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бўлиб, халқимизни қиш-қировли кунларда сархил, сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бухоро вилояти, Когон туманидаги “TABIAT NE’MATI” масъулияти чекланган жамияти жамоаси миришкор деҳқонларлардан иборат. 3,5 гектар майдонда ташкил этилган иккита иссиқхонада 50 минг тупга яқин помидор кўчатларини экиб, мўл ҳосил етиштираётган деҳқонлар айни пайтда қизариб етилаётган помидорларни парваришлаш билан банд.

2014 йилда 8 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган корхонада бугун 40 нафар ходим доимий иш билан таъминланган. Жамоа асосини эса ёшлар ташкил қилади.

 

– Иссиқхонамиз Корея технологияси асосида ташкил қилинган, – дейди корхона раҳбари Марат Султонов. – Сабзавот экинларининг парвариши мураккаб жараён бўлиб, ерга ишлов бериш, уруғни ундириш, ниҳолни қадашдан тортиб, уларни ўз вақтида суғориш, ҳарорат, ёруғлик, ҳаво, тупроқнинг намлиги муҳим аҳамиятга эга. Экинларни бир текис ўсишини таъминлашда иссиқхонадаги ҳарорат кундузи 20-25С, кечаси 17-18С, ҳаво намлиги эса 85-90 фоиз бўлиши зарур. Ҳароратнинг ошиб ёки пасайиб кетиши экинларнинг ривожланиши, касаллик ва зараркунандалардан асрашга салбий таъсир этади. Шу боис, помидор гулларига махсус дори воситалари эритмаси билан ўз вақтида ишлов берилади. Ўсиш даврида кўчатларнинг ўсув нуқтаси 7-8 бандидан кейин чилпиб чиқилади, вақтида суғорилади, ишлов берилади. Буларнинг бари ҳосилдорликнинг юқори бўлишида муҳим аҳамиятга эга.

 

Айтиш жоиз, иссиқхона майдони тупроғининг шўрлиги туфайли кўчатларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида елим челакларга экилган. Бу ортиқча сарф-харажат ва қийинчилик туғдирса-да, ниҳоллар экилгач, илдизини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Бунинг учун челак ичидаги биогомос порцияли тупроқнинг таркибига шоли қипиғи, дарё бўйи унумдор тупроғи, макро ва микроэлементлар солинади. Қолган фойдали ўғитлар томчилаб суғориш орқали ниҳолларга етказилади.

Корея технологияси жамланмасида ҳаво ҳароратини назорат қилиб турувчи иситгич ва совутгичлар компьютер орқали бошқарилиб, автоматик тарзда ишлайди. Бунда иссиқхонанинг иқлими мўътадил сақланади. Шу орқали парваришланаётган ниҳолларнинг барчасига бирдек эътибор қаратиш имконияти туғилади.

Ишнинг мураккаб томони шундаки, озгина эътиборсизлик ёки ишловни кечиктириш ҳосилдорликка катта зарар етказади. Куз-қиш мавсумида помидор етиштиришда сифатли кўчат тайёрлаш, уларни қулай муддатда экиш муҳим аҳамиятга эга.

Яна ўқинг:  Соғлом бола – соғлом келажак

Бугунги кунда вилоятдаги иссиқхоналарда сархил помидорнинг эртапишар “F1-Белла”, “F1-Виндетта”, “F1-Бона”, “F1-Менхир”, “F1-Виласко”, “F1-Элпида”, “F1-Сайхун” каби дурагайларини экиш оммалашган. Бу борада эса Корея технологияси асосида тежамкор ва кам энергия сарфловчи усулдан самарали фойдаланилмоқда.

Иссиқхонанинг иссиқсув тизими орқали иситилиши эса арзон ва қулайлиги билан газдан фарқ қилади. Вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Санъат Ҳикматовнинг таъкидлашича, туман энергомарказ ходимлари яқин кунларда қўшимча трансформаторни ишга туширгач, ҳароратни яна 5-60 С даражага кўтаришга эришилади. Бу эса иссиқсевар полиз ва сабзавот экинларини етиштиришга ҳам имкон яратади.

“TABIAT NE’MATI” МЧЖ жамоаси ўтган йилда МДҲ давлатларига экспортни йўлга қўйиб, 70 минг долларлик помидор маҳсулотини сотишга эришди.

Жорий йилда жамоа ҳар туп помидор кўчатидан 6-7 килограмдан маҳсулот етиштириб, чет давлатларга 100 минг долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотини сотишни режалаштирган.

Жамиятда меҳнат қилаётган ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси тўлиқ таъминланган. Уларга иссиқ овқат, махсус кийим-бош берилади.

Мамлакатимиз Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалик экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросининг таъминлаш мақсадида қабул қилинган Давлат дастури қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда барча фермер ва тадбиркорларга дастуриламал бўлмоқда.

 

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: