ОИЛА – САОДАТ ОШЁНИ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътироф этилди. Жорий йилнинг 25 январида бўлиб ўтган Ўзбекистон хотин-қизларининг республика конференцияси иштирокчиларига Президентимизнинг йўллаган табригида “Ҳозирги вақтда оилани, хусусусан, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оғирини енгил қилиш, улар дуч келадиган турли муаммоларни ечиш, зарур кўмак ва ёрдам бериш…” зарурлигини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлат томонидан кафолатланган. Шу ўринда оила борасида давлат сиёсатининг шу тарзда қонунан кафолатланганлиги, ушбу кафолатланиш зарурати нималарга асосланади, деган ўринли савол пайдо бўлади.

Биринчидан, соғлом фарзандларнинг туғилиши нафақат оилани мустаҳкамлайди, балки биздан фарзандларимиз таълим ва тарбияси, билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради.

Иккинчидан, оилада соғлом фарзандларнинг камол топиши учун ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши айнан келажак ворисларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, уларнинг жамият ҳаётида кафолатли мавқега эга бўлишини таъминлайди.

Учинчидан, “Соғлом она — соғлом бола” ижтимоий ҳаракатининг муваффақияти, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузларининг ошиши, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошишининг ҳам реал замини бўлиб ҳисобланади.

Агар ўтган йилларнинг давлат дастурлари мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, 1998 йилни “Оила йили”, 1999 йилни “Аёллар йили“, 2000 йилни “Соғлом авлод йили”, 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” ва ниҳоят 2013 йилни “Обод турмуш” йили деб номланиши ва уларнинг барчасида оилани мустаҳкамлаш, соғлом оналардан соғлом фарзандлар туғилиши учун имкониятлар яратиш, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш ғоясининг изчил амалиётга жорий этилаётганлиги бу борадаги давлат сиёсатининг нақадар тўғри эканлигини исботлайди.

Айни вақтда “Она ва бола скрининги” Давлат дастурини амалга ошириш учун пойтахт ва вилоятлар марказларида 11 та скрининг марказлари ташкил этилди. Бу тадбирларнинг барчаси ўз нав­батида юртимизда оила институтининг мустаҳкамланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу борада мустақиллик йилларида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, ҳукумат қарорлари оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши оилани мустаҳкамлаш сиёсати билан узвий боғлиқ эканлигини исботлади.

Оила кодексининг амалиётга киритилиши, “Оила“ маркази томонидан кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари билан амалий ишларнинг бошланиши амалда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. Жойларда ташкил этилган марказнинг ҳудудий бўлимлари эса ўзларининг амалий фаолияти билан аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини хотин-қизлар қўмиталари билан биргаликда амалга ошириб келмоқда. Ҳозирда Республика “Оила” илмий-амалий марказининг филиаллари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча туманларда иш олиб бормоқда. Муҳими марказ Оила кодексида белгиланган вазифаларнинг амалдаги ижросини мониторинг қилишда қатор вазирликлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишламоқда.

Яна ўқинг:  Кўпкари завқи

Бугунги кунга келиб, “Оила” марказлари оила муаммоларини ўрганувчи ва уларнинг амалий ечимини излаб, манфаатдор ташкилотларга ўз тавсияларини бериб келаётган марказлардан бирига айланди. Унинг тасарруфида фаолият кўрсатаётган аспирантура бўлими оилашунослик борасида олий малакали мутахассисларни тайёрлайдиган мактаб ҳисобланади. Оилашуносларнинг турли бўғин таълим муассасалари, жумладан, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорлиги боис, айни пайтда республикадаги қатор олий ўқув юртларида оилавий тарбия ва таълим билан шуғулланувчи кадрлар тайёрловчи, ҳамда маҳаллаларда оила маънавияти ва маданияти масалалари билан шуғулланадиган ижтимоий ходимлар ихтисосликлари таъсис этилди. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда мактаб, ўрта махсус ҳамда олий таълим муассасаларида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Мактабларнинг 1-4-синфларида “Саломатлик” дарслари фанлар таркибига уйғунлаштирилган ҳолда, 8-синфларда “Соғлом авлод асослари” фани 17 соат мактаб ихтиёридаги соатлардан фойдаланилган ҳолда, 5-7-ҳамда 9-синфларда фанлар таркибига қўшимча равишда киритилган ҳолда ўқитилмоқда. Шунингдек, ўрта махсус таълим муассасаларида “Оила психологияси” курси, олий таълимнинг педагогик йўналишидаги талабалари учун “Оила педагогикаси”, “Оилашунослик” курслари ташкил этилиб ўқув режасига киритилди. “Оила” маркази ўз навбатида ушбу ўқув йўналишларини ва ота-оналар учун “Оила кутубхонаси“ рукнида ҳар йили ўнлаб ўқув қўлланмалари, рисола ва буклетлар тайёрлаб нашр этмоқда.

Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” марказлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Маҳалла” каби нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, оила ва оналикни муҳофаза қилиш механизмининг нақадар тўғри эканлигини бугунги кунимизнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Маҳалладаги турли маънавий муаммоларни ҳал этишда “Маҳалла” жамғармаси, “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда ишлаб чиққан баркамол авлодни тарбиялашда “Оила – маҳалла – таълим муассасалари ҳамкорлиги” концепциясидир. Бу концепцияни ҳаётда, амалиётда жорий этиш катта аҳамиятга эгадир. Бевосита турли ҳудудлардаги маҳалла гузарлари қошида ташкил этилган “Оила – маҳалла – таълим муассасалари ҳамкорлиги” марказларининг иш фаолияти шуни кўрсатмоқдаки, бу марказларда, айниқса, ёшлар тўғрисида мактаб психологи, маслаҳатчи ҳамда маҳалла оқсоқоли тўплаган материаллар манзилли ва мақсадли ишларни ташкил этишда, албатта, самара беради. Демак, бунинг учун:

1) концепция ишлаши учун ҳар бир ҳудудда, маҳаллада “Оила-маҳалла-мактаб” ҳамкорлиги Марказини ташкил этиш;

Яна ўқинг:  Ҳаракатлар стратегияси таълим самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал

2) маҳаллада вояга етмаган болалар тўғрисида маълумотлар банкини яратиш, бу маълумотларни маҳалладаги оқсоқол, маслаҳатчилар ва мактаб психологи билан биргаликда тўплашни ташкил этиш;

3) ушбу ҳамкорлик орқали болаларининг қизиқишлари, лаёқатларига мос, ҳудуд шарт-шароитларидан келиб чиқиб, марказ, клублар, тўгараклар ташкил этиш, яъни, маҳалла ёшлари, айниқса, ўсмир ёшдагиларни маданий-маърифий фойдали ишларга жалб этиш мумкин бўлади.

Бу борада маҳалла маслаҳатчиси ўз фаолиятини самарали ташкил этиши учун ҳудуддаги таълим, соғлиқни сақлаш муассалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим. Маҳалла ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш ишлари эса маҳаллий ҳокимликлар масъуллигида амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.

Фуқаролар йиғинлари таркибидаги Ёшлар билан ишлаш комиссияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қошида тузилган Етакчилар Кенгаши фаолияти, ўқув ва таълим муассасаларида ташкил этилган “Ота-оналар қўмитаси” билан ҳамкорликда иш олиб бориш яхши натижаларни беради.

Маслаҳатчилар ва фуқаролар йиғинлари таркибидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси ҳамкорликда бевосита оилалар билан ишлаши, ҳар бир оиланинг яшаш тарзидан бохабар бўлиши, муаммо юзага келиши мумкин бўлган оилаларни аниқлаб, зарур чора-тадбирларни кўриши лозим. Бундай ишларни амалга оширишда маҳалладаги ёши улуғ, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, обрўли инсонларнинг ёрдамидан фойдаланиш зарур.

Маслаҳатчи ўз навбатида фуқаролар йиғинлари таркибидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятини такомиллаштиришга ёрдам бериши лозим. Бундан ташқари, ҳудуддаги оилаларни ўрганиш, нотўғри йўлга кирган хотин-қизлар билан ишлашда маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, маҳалла посбони ўзаро ҳамкорликда ва ахборот алмашинуви асосида иш олиб боришлари лозим.

Хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, уларни доимий иш билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Унинг ечимини топишда маслаҳатчи Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлими билан яқиндан ҳамкорликда бўлади.

Оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлаш, оила қураётган ёшларга тиббий кўрикнинг аҳамиятини тушунтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳам маслаҳатчи фаолиятининг асосий йўналишларидандир. Буни амалга оширишда маслаҳатчи ФХДЁ бўлими ходимлари билан ҳамкорлик қилиши ёрдамида тушунтириш ишларини олиб бориши ижобий самара беради.

Маслаҳатчи маҳалладаги нотинч оилалар билан ишлаш ва намунали оилалар тажрибасини оммалаштиришда “Оила” маркази, хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, касаначиликни йўлга қўйишларида “Тадбиркор аёллар” уюшмаси унга яқиндан ёрдам беради.

Яна ўқинг:  ДУНЁДАГИ ЭНГ БАХТЛИ АВЛОД

Ёшларни маънан етук, жисмонан соғ­лом этиб тарбиялашда, улар онгида она Ватанга муҳаббат, миллий урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини сингдиришда маслаҳатчи масъул ташкилотлар билан узвий алоқада фаолият юритишлари муҳим хисобланади.

Бир сўз билан айтганда оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг осойишта ҳаёти юрт равнақининг гуллаб-яшнашида муҳим аҳамият касб этади.

Даврон ХОЛИҚОВ,

педагогика фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: