Одам тафтини одам олади

ХХI аср – техника жадал суръатлар билан ривожланаётган тезкор давр. Инсоният учун оғир юк бўлган кўпгина вазифаларни техника ва роботлар ўз зиммасига олмоқда. Одамлар учун барча соҳада қанча қулайликлар яратилмасин бироқ, улар ҳамиша вақт камлигидан нолишади. Ҳатто, оилада ҳамма бир дастурхон атрофида жамул-жам ўтириш ҳоллари камайиб кетмоқда.

Кимдир барвақт туриб нонушта қилади-ю ўқишга ёки ишга шошилади. Тушликда ҳам шу аҳвол. Баъзи оилаларда кечга томон уйга келган ёшларни эса албатта, яна ўртоқлари қўнғироқ қилиб ёнига чақириб олади. Ота-оналарнинг оила аъзолари билан ўзаро жонли мулоқот қилиши оиладаги психологик муҳитга ижобий таъсир этади. Эшикдан кириб келган каттаю кичик ҳуда-беҳудага, зарурат бўлмасада қўл телефонини “қулоғига ёпиштириб” олади. Гўёки бу дунёда ундан “ишбилармон” ва “уддабурон” кимса йўқдай.

Азалдан халқимизда “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор” деган мақол мавжуд. Қўни-қўшниларнинг ғийбатлашмасдан дилдан суҳбатлашишлари ўзларининг соғлиқлари учун фойдали. Зеро, “Одам тафтини одам олади” деб беҳудага айтилмаган. Чет элларда жонли мулоқотга муҳтож инсонлар соатига фалон АҚШ доллари тўлаб психиолог ҳузурига ошиқади. Ҳозирда бу каби психологик марказлар ўзимизда ҳам мавжуд. Ўша марказларнинг бирида бўлганимда хона расмий идора каби эмас, балки уй муҳитига мослаштириб жиҳозланганининг гувоҳи бўлдим. Қизиқиб мутахассисдан бу ҳақида сўраганимда унинг дастурида айнан жонли мулоқотга бағишланган боб ҳам борлиги ҳақида айтиб берди. Бу дастурга асосан мижоз бир пиёла чой ёки бир финжон қаҳва ичиб, психиолог билан ўзининг оила аъзоси ёки энг яқин дўсти каби мириқиб, уни қийнаётган муаммолар хусусида суҳбатлашар экан.

Айни кунларда кексалик нафақасига чиққан ота-оналаримиз, бобою бувижонларимиз ҳам бизнинг дийдоримизга ва ширин суҳбатларимизга муштоқ. Бир оз бўлсада ўз муаммоларимиз гирдобига “ғарқ” бўлмай, улар билан суҳбатлашишга ҳам вақт топайлик. Катталарнинг дардларига ҳам қулоқ тутайлик. Зеро, уларнинг кўпчилигининг яқин жону жигари дўсту дугоналари бу ёруғ оламни тарк этишган. Энди уларнинг болалик ва ёшлик хотираларини тинглаш ёшларга малол келмасин. Зеро, кексалик – бу донишмандлик ва тажрибага бой фасл. Умр кузагининг серҳосил даврида етилган пурмаъно сўз гавҳарларидан барҳаманд бўлайлик. Ёши катталар биз учун тирик китоб кабидир. Юзларидан нур ёғилиб турган, ўзгаларга яхшилик тиловчи, қўллари ҳамиша эзгу дуоларга очиқ кайвонилар суҳбатига интиласиз. Аммо, бунинг акси бўлса, “ёмон қариган одам”дан узоқроқ юришга интиласиз. “Кимнинг қандай қаригани унинг ёшликда қилган амалларига боғлиқ”, деб ўқиган эдим бир китобдан.

Яна ўқинг:  Хачапури

Телефон орқали суҳбат қилиш ёки яқинларига “СМС” юбориш ёҳуд ҳозирда урф бўлган “skipe” ёки “imo” лар орқали бир-бирини эфирда кўриб суҳбатлашиш жонли мулоқотга етмайди. Жонсиз мулоқот жараёни худди чанқаган одамга чўлда сароб дарё бўлиб кўрингандай гап. Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” асаридаги бош қаҳрамон салкам ўттиз йил атрофида кимсасиз оролда яшайди. У кишилик жамиятидан олисда яшасада ўзлигини йўқотмайди. Чунки у аввало Яратганга умид ва ишонч билан илтижо қилади. Сўнгра ўзи ҳам кундалик тутиб, бошидан ўтказган воқеа-ҳодисаларни ёзиб боради. Шунингдек, атрофдаги тилсиз жонзотлардан садо чиқмасада, гўёки улар билан “суҳбатлашади”. Орадан бир неча йил ўтиб унинг ҳаётида Жумавой пайдо бўлади. Унга устозлик ва оталик қилиш, энг муҳими тирик жон – инсон билан мулоқот қилиш бахти Робинзон Крузони яшашга бўлган иштиёқини оширади. Аммо асардаги шу оролга кема ҳалокати сабабли келиб қолган яна бир одам эса (у Робинзоннинг таниши бўлиб чиқади) ҳеч ким билан мулоқот қилмаганлиги сабабли ақлдан озади.

Катта шаҳарларда кекса ота-оналари ёки қариндош-уруғларини бутунлай ёлғиз қолдириб, хорижга яшаш ва ишлашга узоқ муддатга ёки буткул кетганлар қарияларнинг аҳволи билан қизиқишмайди. “Инсофли”лари эса уларни “Саховат” – қариялар уйларига топширишади. Қачонки ўша кекса ота-онаси ёки қариндоши дунёдан ўтса улар маҳалла-кўй ёки милиция ходимларининг кўмагида сўнгги манзилга “эсон-омон” кузатилгач, меросхўрлар кўкдан тушгандай мерос даъво қилиб зумда пайдо бўлишади.

Бундай воқеаларнинг бир нечасига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Афсуски, “Бу дунё – қайтар дунё”. Ўша лоқайд, тирик ҳайкал меросхўрларни ҳам кексаликда шу қисмат кутса не ажаб. Шифокор-мутахассислар фикрига кўра қарияларда деменция – кексалар ақли заифлиги ривожланишига узоқ вақт ҳеч ким билан жонли мулоқот қилмаслик ҳам сабаб бўлар экан. Шунингдек, кўнгил яқин инсонлар билан дилдан суҳбатлашиш депрессия (тушкунлик), стресс (руҳий зўриқиш)нинг олдини олади.

 

Азиз юртдошлар!

Хулоса қилиб айтганда катта-ю кичик, ёшу қари Сиздан маслаҳат ёки ёрдам сўраб мурожаат этса, озгина вақтингизни аямасдан ўша инсонни тингланг. Зеро, кимдир чорасизликдан қалтис йўлга қадам қўяётган бўлса ёки ёмон, “вос-вос” ўй-хаёллар гирдобига тушиб қолганда ёҳуд кимдандир норози бўлса, балки дўстона суҳбатингиз сабаб қалби ёришар. Жонли мулоқот сабабли кўнгиллар эзгуликка тўлсин. Олам яхшилик-ла обод бўлсин, дея тилак билдирамиз.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: