Халқаро турнир якунланди
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қўл жанги федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада ўзбекистонлик спортчилар билан бирга Австралия, Украина, Бразилия, Афғонистон, Россия ва Кениядан профессионал спортчилар ўзаро куч синашди.
Мусобақанинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказишнинг самарали воситаси сифатида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
«Ўзбекистон» спорт мажмуаси мезбонлик қилган халқаро турнирда бу яна бир бор ўз тасдиғини топди. Мусобақада Музаффар Ражабов бразилиялик Дос Сантес-Алвес Тенорнони, Рустам Маъдиев кениялик Гитхука Леонард Нгангани мағлубиятга учратиб, чемпионлик камарини қўлга киритди.
Рейтинг жангларида ҳамюртларимиздан Мусо Маметов афғонистонлик Асадуло Қурбон Алини, Ҳусан Баратов украиналик Олег Мандикни, Шамсиддин Йўлдошев ҳамюрти Сирожиддин Эшонбоевни, Одил Сирожиддинов австралиялик Седман Коди Жоилни, Бобур Раҳматов россиялик Рустам Зариповни, Рустам Юсупов украиналик Тарас Мандикни енгди.
Байрам АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири