Ўзбекистон – истеъдодлар макони

Юртимизда ҳам маънан, ҳам жисмонан соғ­лом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган вазифалардан биридир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек келажак ёшлар қўлида. Эртамизни эса бугун ўз қўлимиз билан яратамиз. Ўзбекистон истеъдодлар макони. Ёшларимизнинг кўплаб соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари уларга яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор самараси десак асло муболаға бўлмайди. Ана шундай истеъдодли ёшларимиздан бири, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳуршида Жўраева.

– Истеъдод ва меҳнат! Санъаткор учун буларнинг қай бири муҳимроқ деб ўйлайсиз?

– Аввало, истеъдод бу инсонга ҳаётдан, тақдирдан берилган юксак мукофот, имконият. Аслида истеъдод ҳар бир инсонда бор, фақат кимдир уни ўз вақтида англаб, ўз меҳнати орқали ривожлантиради, кимлардир эса йуқ. Инсонга 1 фоиз истеъдод берилади, қолган 99 фоиз истеъдод эса фақат меҳнат орқали шакллантирилади. Мени назаримда, истеъдод ва меҳнат ёнма-ён юради. Спорт соҳасини оладиган бўлсак, спортчининг истеъдоди бўлиб туриб, бетиним меҳнат орқали машқ қилиб чиниқмаса, кураш майдонида кўзланган ғалабага эриша олмайди. Санъат соҳасида ҳам ҳудди шундай. Тинимсиз ижодсиз, тинимсиз меҳнатсиз на ижодкор истеъдод юзага чиқади, на буюк шахс бўлади. Эътибор қилсангиз, катта ютуқларга эришган шахслар вақт ва меҳнат тушунчасини чуқур англаб етганлар. Улар маълум бир вақт оралиғида катта ютуқларга эришганлар. Бирор бир натижага эришаман деган мақсад билан ҳаракат қилаётган ёшлар учун ҳар иккиси ҳам муҳим деб ҳисоблайман.

– Бугун санъат соҳасида ижод қилаётган ёш истеъдод эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятларини тўла намоён этишлари учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан «Ниҳол» Давлат мукофотининг таъсис этилиши ҳам Сиз каби кўплаб ёш хонандалар ижодининг гуллаб-яшнашига катта туртки бўлмоқда…

– Ҳа, тўғри, ҳозирда нафақат санъат соҳасида балки, барча соҳаларда ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Зулфия номидаги Давлат мукофоти», «Янги авлод», республика болалар ижодий фестивали «Келажак овози», республика кўрик-танлови «Ягонасан, муқаддас Ватан реапублика қўшиқлар кўрик-танлови каби бир қанча кўрик-танловлар бор. Бу танловлар орқали айниқса, эндигина тета-поя қилаётган ижодкор ёшларга билдирилаёган катта ишонч ва Ватан олдидаги катта масъулият. Ижодкор инсон учун энг аввало унга нисбатан ишонч бўлса, у янада илҳомланиб мукаммал асарларга қўл уради, изланади, янгилик яратишга интилади. Юртимизда ўтказилаётган уч бос­қичли: «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» каби спорт беллашувлари ҳам ёшларни жисмонан камолотга етакламоқда. Яқинда Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Универсиада-2013» спорт мусобақаларининг барча маданий тадбирларида иштирок этиб келдим. Юртимизнинг турли вилоятларидан фақат ғалаба қозонишни мақсад қилиб келган ёшларни кўплигига гувоҳ бўлдик. Бу бежиз эмас. Сабаби биз шу юртнинг фарзандимиз, ҳар бир ёш авлод шу юрт равнақи, фаровонлиги, гуллаб яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшишни жуда ҳам хоҳлайди.

Яна ўқинг:  Гипертония ва унинг асоратлари

Асл санъатнинг вазифаси инсонларни эзгуликка чорлаш, улар ўртасида дўстлик, меҳр-оқибат, муҳаббат каби чин инсоний фазилатларни тарғиб этишга хизмат қилади…

Албатта, қайси санъат тури бўлишидан қатъий назар асл санъат мухлисларини онг-у шуурига тез етиб бориши ҳаммамизга маълум. Ҳозирги кунда чин инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи қўшиқлар талайгина, масалан эзгулик, дўстлик, муҳаббатни мадҳ этувчи ижод намуналари бор, лекин асл санъат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. У йиллар мобайнида шаклланади. Мени назаримда инсонларни эзгуликка чорлаш, дўстлик, меҳр-оқибат, муҳаббат фазилатларининг шаклланиши ёшликдан ҳаттоки бешикданоқ она алласидан бошланади. Она алласи орқали унинг мурғак қалби меҳрга тўлади, дунёни ўзича англайди, шу орқали унинг маънавияти шаклланади. Она алласининг ёқимли таъсирида ором олган фарзанд, келгусида эзгуликка интилувчи, меҳр-оқибатли, софдил инсон бўлиб улғаяди. Она алласининг илоҳийлиги шундаки, уни куйлаш учун шоир оналарга махсус шеър ёзиб бермайди, аллани ҳар бир она ўз дилидан чиқариб айтади. Алланинг сеҳри, унинг таъсири ҳам ана шунда. Барча севиб ижро этувчи юрт мадҳиясида ҳам бетакрор жозибадор. Мад­ҳияни қалбига жо қилган аскар Ватан учун жонини қурбон қилиш керак бўлса у ҳеч иккиланмайди. Мадҳияни дилидан айтган спортчи албатта ғалаба қилади.Унинг шарафига гимн айтилса, байроқ кўтарилса, кўзида ёш қалқийди. Мадҳия ғурур қўшиғидир. Шу ўринда Афлотуннинг «Давлатнинг куч-қудрати унда қандай мусиқа янграётганлигига тўғридан-тўғри боғлиқдир», деган гапларини эслаш жоиз. Агар тарихга назар соладиган бўлсак, саркардалар урушдан олдин аскарларга мардонавор қўшиқларни айттиришган, эшиттиришган. Сабаби мусиқада илоҳий куч бор. Шундай нарсалар борки уни куч билан эмас балки, мусиқа ёрдамида ҳал этса бўлади. Ҳозирги кунда «оммавий маданият» таъсирига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш учун асл санъатни тўғри ажрата олиш ҳусусияти ҳам муҳим ҳисобланади.

– Қўшиққа маъно-мазмунга эга шеър танлаш ижод маҳсулининг муваффақиятли чиқишида муҳим ўрин тутади. Қолаверса, бу омил санъаткорнинг дид ва савиясини ҳам белгилаб беради…

Ижодкор яхши ижод намунаси яратиш жараёнида кўп мутахассисларга мурожаат қилади. Қўшиқ яралишида учта босқич: шеър, мусиқа, ижро ўзаро уйғунлашуви муҳим ҳисобланади. Унда шоир, бастакор ва ижрочи бирлашади. Шоир шеър ёзади, бастакор мусиқа басталайди, ижрочи уни ижро этади. Қўшиқнинг муваффаққиятли чиқишида шеър муҳим ўрин тутади, лекин асосий вазифани фақат унинг ўзи бажаролмайди. Сабаби ҳар бирининг ўз ўрни, ўз вазифаси бор. Қачонки мана шу уч босқичда шоир, бастакор, ижрочи фикри бир жойдан чиқсагина ўйлаган мақсадга етилади. Бу эса санъаткорнинг ва у билан ҳамкорликда ишлаган ижодкорларнинг дид ва савиясини белгилаб беради. Шахсан мен учун шеър, мусиқа, ижро ҳам муҳим. Сабаби шеър етказиб беролмаган жиҳатларини мусиқа етказиб беради, ижро эса уни янада мукаммаллаштириб сайқаллайди. Шу сабабли ҳар бир яратилаётган ҳох у қўшиқ бўлсин, ҳох у ашула санъаткорнинг юзи ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Куч – билим ва тафаккурда

– Бугунги глобаллашув даврида ҳақиқий санъатнинг қадри жуда баланд айниқса, ёшларимиз маънавияти, руҳиятига хавф солаётган «оммавий маданият» таъсир кучини камайтиришда ҳам санъатнинг ўрни беқиёс, аммо шундай бир даврда баъзи ижодкор тенг­дошларимизнинг Ғарб мусиқасига кўр-кўрона ёндашаётгани саёз ва ўта жўн ижод билан халқ меҳрини қозонишга уринаётганлиги ачинарли, албатта. Бу ҳақида нима дейсиз?

– Тўғри, ҳозир техника ривожланаётган даврда яшаяпмиз. Ғарб мусиқаси турли хил йўллар, техник воситалар орқали мамлакатимизга кириб келяпти, ёшлар тинг­лаяпти, видеороликлар пайдо бўлмоқда. Лекин ҳар нарсанинг фойдаси бўлгани каби зарари ҳам бўлади. Ҳозирги кунда ҳамма санъаткорлар ҳам Ғарб мусиқаси орқасидан эргашиб кетяпти деб айтолмайман, лекин унинг таъсиридан мустасно ҳам эмас. Эътибор берган бўлсангиз, бу ҳолат кўпроқ бугунги ёшларга мана шундай қўшиқлар ёқади ёки у тезроқ маш­ҳур бўлиш мақсадида юрган ижодкорларда шу ҳолатлар учрамоқда. Ўз миллати, халқининг мусиқий санъатини чуқур билмаганлар, уни ўзининг қўшиқчилиги учун пойдевор қилиб олмаганлар осонгина хориж мусиқаси таъсирига тушиб қоладилар. Миллий мусиқамизни ўзининг мусиқий асарларида асос қилиб олган ёшлар кам хато қиладилар. Иккинчи томондан, ачинарлиси шуки, баъзи устоз санъаткорларимиз ҳам хориж қўшиқларини билиб-билмай, мазмунига етмай мода, тўйбоп, замонга мос деб куйламоқдалар. Энди ижодини бошлаган ёш санъаткорлар устоз санъаткорларга ҳавас қилади, интилади, қайсидир маънода тақлид ҳам қилади. Лекин ҳайрон қоларли жиҳати шундаки, олдимиздан оқаётган сувнинг қадрига тўлақонли етмаяпмиз. Шундай бўлсада, тингловчи асл санъат асарини менимча бемалол ажарата олади. Меъёрини яхши билган инсон, миллий ва хорижий мусиқа асарларини ўз меъёрида тингловчига етказади. Тўғри йўл тута олишига ишонаман.

– Соғлом турмуш тарзи инсоннинг кундалик эҳтиёжи, шундай эмасми? Бу сизнинг ҳаётингизда қай даражада ўрин тутади?

– Шундай. Менинг ҳаётимда соғ­лом турмуш тарзи жуда ҳам муҳим ўрин тутади. Одамзот ҳаёти тежалган вақтга қараб узаяди. Мен шу қоидага риоя қиламан. Соғлом турмуш тарзини мен шундай тушунаман.

Фарҳод ТОЛИПОВ суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: