Ота-оналар мажлиси: бунда қандай муаммолар ҳал бўлади?

Янги ўқув йили бошланиши билан икки томон – ота-оналар ва ўқитувчиларда турли саволлар, таклиф-мулоҳазалар ва фикрлар пайдо бўлади.

Буни англаган ўқитувчи вақтни ортга сурмай, дарҳол мажлис тайин этади. Зеро, бола тарбиясини назоратга олиш, дарсдаги иштирокини фаол йўлга қўйишда ана шундай учрашувларнинг тез-тез ўтказилиши муҳим саналади.

Бошланғич синф раҳбари Малика опа навбатдаги ота-оналар мажлисини ташкиллаштирди. Унинг ўқувчилари мактабга илк қадам қўйган болажонлар бўлгани учун ҳам уларнинг дарсларни ўзлаштиришида бевосита оила катталарининг иштироки муҳим саналади. Белгиланган кунда ота-оналар синфда тўпланишди. Уларнинг камчилик эканини кўрган Малика опа бироз ранжиди. Устознинг мажлисни ўтказишдан мақсади, ҳар бир болани ўрганиб чиққан ҳолда ҳавола этмоқчи бўлган дастурлари, режалари, афсуски, тўлиқ амалга ошмади.

– Аслида боланинг дарсларни қунт билан ўзлаштиришида ота-оналар учта – таълимий, тарбиявий, ривожлантирувчи каби муҳим факторларни синф раҳбари ҳамкорлигида ўқув йили давомида амалга ошириши муҳим саналади. Бунда бевосита ўқувчининг ақлий фаолиятига таъсир этувчи биологик ҳамда ижтимоий факторлар ўрганиб чиқилган ҳолда унинг дарсларни ўзлаштиришига оид муаммолари биргаликда бартараф этилиши лозим, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли ДИУМ бошланғич синф ўқитувчиси Малика Нажмиддинова.

Тан олиш керак, баъзан фарзандларимизни ўйлантираётган, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқмаймиз. Нега кайфияти йўқлигини шунчаки тахмин қиламиз, холос. Ундаги қўрсликни ёшда бўладиган ўзгаришларга йўямиз. Қониқарсиз баҳо олиб келганда эса таъна-дашномлар қилиб, унинг руҳини туширамиз. Бу каби масалаларнинг энг тўғри ечимини ота-оналар мажлисида топиш мумкинлигини англаб етмаймиз.

Замон зайли ёки техника тараққиёти билан боғлиқми, баъзан ота-оналар мажлиси ижтимоий тармоқларда ўтказиляпти. Мажлисга бора олмаган айрим оила катталари интернет тармоғи орқали йиғилишда нималар муҳокама қилинганини билишга интилишади.

– Униб-ўсиб келаётган ёш авлод оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилгандагина етук инсон бўлиб камол топади. Шунга қарамай, фарзанд тарбиясидаги энг катта масъулият ота-она зиммасига тушади. Афсуски, ҳамма вақт ҳам буни чуқур англаб етавермаймиз, – дейди Тошкент шаҳридаги 39-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳакима Зоирова. – Яқинда бир муаллим ўқувчисининг ташқи кўриниши мактаб тартиб-қоидаларига мутлақо тўғри келмаслигини, унга бир неча бор қилган мурожаатлари бесамар кетганлигини, натижада масалага ота-оналар аралашувини талаб қилганида оила катталари бунга панжара ортидан қараганлигини куюниб гапириб берди. Масаланинг ечими маҳалла фаолларининг бир неча бор аралашувидан сўнггина ижобий якун топди Энг ачинарлиси, ота-оналарнинг эътиборсизлиги туфайли ўқитувчи ва ўқувчи орасида осон ҳал бўладиган масала маҳалла фаолларининг аралашувигача етиб борди.

Яна ўқинг:  Томорқадаги гулзор

Ота-оналар йиғилишида баъзида уйда бола билан қай тартибда ишлаш кераклиги ҳақидаги масала четга чиқиб қолади.

Афсуски, айрим ота-оналар мактабдаги бундай йиғилишларга шунчаки ташкилий ишларни ҳал этиш учун ташкиллаштирилган тадбир, дея қарашади.

Яқинда ўтказилган ана шундай мажлислардан бирида таълим-тарбия мавзусидан кўра кўпроқ яқинлашиб келаётган байрамларга қандай ва қаерда тайёргарлик кўриш кераклиги, болаларга совғалар нималардан иборат бўлиш лозимлиги бош мавзуга айланди. Бундай пайтларда эса ўқитувчининг тажрибаси яққол кўзга ташланади. У ўз маҳорати билан йиғилган ота-оналар эътиборини муаммоли мавзуларга жалб қила олиши лозим.

– Мажлис ота-она ва устозларнинг иштирокида кечадиган ижтимоий жараён, – дейди Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 59-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Соҳибжамол Хўжаева. – Унинг ҳар томонлама фойдали ва самарали ўтиши, ота-оналарнинг тўлиқ иштироки ва уларнинг йиғилишга бўлган муносабтига боғлиқ. Шундай мажлисларнинг бирида оила катталарига психологик тест тарқатдим. Аввалига улар бу ҳаракатимдан бироз ажабланишди. Мазкур сўровнома орқали ота-оналар ўз фарзандини қай даражада билиши, унинг қизиқишларидан нечоғлик бохабарлиги аниқланди. Афсуски, якуний натижалар мақтагулик эмас. Бу ҳолатдан, албатта, улар ҳам бироз хижолат тортишди. Кечаю кундуз фарзанди учун меҳнат қилаётганлар лоақал дилбандининг орзу-интилишлари, қизиқишларини дурустгина ҳам билишмайди. Орадан бир мунча вақт ўтгач, қайта сўровнома ўтказдим. Бу гал ота-оналарнинг кўрсаткичи анча ижобий бўлди. Ваҳоланки, саволлар мавзуси буткул янгитдан тузилган эди. Хулоса шуки, ташкиллаштириладиган ота-оналар мажлиси уларни фарзанди билан муносабатини янада яқинлашишига хизмат қилди.

Дарҳақиқат, ота-она ва фарзанд орасидаги муносабат шу қадар нозик масалаки, кези келганда у жамиятга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шундай экан тарбия мувозанати барқарор бўлишида ота-она ва устозлар ҳамкорлиги самарали бўлиши керак.

Мухтасар қилиб атганда фарзандингизга дунё олиб берманг. Аксинча, сиз уларнинг дунёсига айланинг, у билан яшашга ҳаракат қилинг. Дилбандингиз юриш-туришидан терговчи сифатида эмас, балки дўстона бохабар бўлиб туринг. Зеро, ғамхўрлигингиз болангиз келажагига путур етказмасин.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: