Чиқиндиларни қайта ишлаш – энг мақбул йўл
Жорий йилнинг 24-ноябр куни Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси соҳа мутахассислари билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 21-апрелдаги “2017–2021-йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2916-сонли қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида сўз борди.
Таъкидландики, бугун қарор ижросини таъминлаш мақсадида юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этишига хизмат қилувчи комплекс тадбирлар белгиланди ва улар бугунги кунда муттасил амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва вилоятлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида 13 та “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ва уларнинг 174 та туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилиб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
– Туман (шаҳар) ҳокимиятлари қошидаги ободонлаштириш бошқармаларининг беғараз бериладиган мол-мулки хатловдан ўтказилиб, 1404 та махсус техникалар, 4337 та чиқинди тўплаш майдончаси, 5660 та контейнер, 120 та полигон ўрнатилган тартибда “Тоза ҳудуд” ДУКлар балансига қабул қилинди, – дейди Санитар тозалаш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло ҲУСАНОВ. – Ундан ташқари абонентларнинг электрон базасини шакллантириш, тўловларни қабул қилиш ва ҳисобини юритишнинг электрон “Биллинг” тизимини ҳамда чиқинди ташиш махсус техникалари ҳаракатини масофадан “он-лайн” режимда кузатиш (ГПС) тизимини жорий этиш мақсадида, барча “Тоза ҳудуд” ДУКлари томонидан “ФУРОР ПРОГРЕСС” хусусий корхонаси билан шартномалар имзоланди.
Қарор бўйича 2017-йилда давлат бюджети ҳисобидан 52,1 млрд. сўмлик 158 та ассенизатсия автомашиналарини харид қилиш белгиланган бўлиб, “СамАвто” заводининг расмий дилерлари билан 122 та автомашинага умумий қиймати 32,2 млрд. сўмлик шартномалар имзоланди.
Ҳозирда 482 та янги чиқиндиларни тўплаш майдончаларини қуриш бўйича 358 тасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Шундан 289 таси бўйича пудратчилар билан шартномалар имзоланиб, 261 таси бўйича қурилиш ишлари бошланди. 124 та обект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга 2017-йилда 148 та чиқинди полигонларини тартибга келтириш учун 127 та обект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Шундан 102 таси бўйича пудратчилар билан шартномалар имзоланиб, 79 та обект бўйича қурилиш ишлари бошланди, 16 та полигон бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Мамлакатимизнинг 9 та шаҳрида замонавий инноватсион технологияларга асосланган қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утиллаштириш, қайта ишлаш ва кўмиш кластерини ташкил этиш бўйича 9 та ташаббускор – тадбиркорлик субектлари аниқланди.
Шундан бугунги кунда лойиҳалар бўйича 23 та (9 та саралаш ва 14 та қайта ишлаш ускуналари) ва 307 та махсус техника келтирилиб, 3 та саралаш ускунаси ишга туширилди ҳамда 6 та заводнинг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Бундан ташқари бугунги кунда хусусий тадбиркорлик субектлари томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган чиқинди полигонида чиқиндиларни утлизатсия қилиш мақсадида 2 та чиқиндиларни саралаш технологик ускуналари олиб келиниб, қурилиш монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Йил якунига қадар янги харид қилинган махсус техникаларни ишга тушириш, абонентларнинг электрон базасини тўлиқ шакллантириш, тўловларни қабул қилиш ва ҳисобини юритишнинг электрон “Биллинг” тизимини ҳамда чиқинди ташиш махсус техникалари ҳаракатини масофадан “он-лайн” режимда кузатиш (GPS) тизимини тўлиқ жорий этиш, янги чиқиндиларни тўплаш майдончаларини қурилиш ишларини якунлаш, чиқинди полигонларини тартибга келтириш ишларини охирига етказиш, Республиканинг 11 та шаҳрида (Нукус, Урганч, Навоий, Бухоро, Қарши, Термиз, Гулистон, Жиззах, Ангрен, Наманган, ва Фарғона шаҳарларида) замонавий инноватсион технологияларга асосланган қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утиллаштириш, қайта ишлаш ва кўмиш кластерини ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни давом эттириш режалаштирилган.
Анжуман давомида соҳа мутахассислари ОАВ вакиллари томонидан атмосфера ҳавосини, сув ва сув ресурсларини, ер ва ер ресурсларини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш каби қатор экологик муаммолар юзасидан берилган саволларга атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Давлат экология қўмитаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими