Эмилия Вашетко: “Тошбақа қизил китобга киритилади”

Яқин кунларда Ўзбекистон Қизил китобига яна бир жонивор тури, оддий дашт тошбақаси киритилади. Бугунги кунда республикамизда тошбақларнинг йўқолиб кетиши хавфи остида қолаётганлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг катта илмий ходими, биология фанлари номзоди Эмилия Викторовна Вашетко билан суҳбатлашдик.

 

Эмилия Викторовна, дашт тошбақаси Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида учраши ҳеч кимга сир эмас. Юртимизда истиқомат қиладиган тошбақалар бошқаларидан нимаси билан фарқ қилади?

– Ўрта Осиё тошбақаси ёки дашт тошбақаси қуруқликда яшайдиган турга киради. Асосан Россиянинг жанубий-шарқий қисми, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Турманистон, Шимолий-шарқий Эрон, Афғонистон, Шимолий Покистон, Шимолий-ғарбий Хитой ҳудудларида кенг тарқалган. Ўзбекистонда дашт тошбақаси асосан ярим чўл, дашт, тақир тупроқли ҳудудлар, қир ёнбағирларида истиқомат қилади. Тоғли ҳудудларда денгиз сатҳидан 1150 метр баландликкача учрайди. Ўзбекистонда бир гектар майдонга 1,5 дона тошбақа тўғри келади. Жониворларнинг энг зич яшайдиган ҳудудлари Навоий вилоятининг Томдитоғ ва Етимтоғ ҳудудлари бўлиб, бу ерда 1 гектарда 11 тагача тошбақа учрайди. Устуюрт платосида тошбақалар анча кам. Энг кўп тошбақа Шахпахта булоғи ҳудудида учрайди.

Дашт тошбақасининг косаси унча катта бўлмаган, юмалоқ, сариқ-жигарранг тусда. Уларнинг халқаларига қараб, тошбақа ёввойи табиат қўйнида ўсганми ёки тутқинликда, аниқласа бўлади. Чунки табиат қўйнида яшаган тошбақалар косасидаги халқаларнинг ораси кенг, тутқунликдагисиники тор бўлади. Тошбақанинг узунлиги одатда 15-20 см. бўлиб, мода тошбақа нардан анча каттадир. Ўрта Осиё тошбақасининг олдинги оёқларида 4 та бармоқлари, орқа оёқларида эса ўсимталар бор. Тошбақалар умри давомида ўсади ва жинсий етукликка 10 йилда этишади. Тошбақаларнинг кўпайиши учун бир хил ёшдаги жониворлар зарур. Агарда тошбақанинг думи узунроқ ва кенгроқ бўлса у эркак, қисқа ва япалоқ бўлса урғочи бўлади. Тошбақалар февралдан август ойигача кўпайишади. Мода тошбақа 2 тадан 6 тагача тухум қўяди. Инкубатсия 28-30°С ҳароратда 60-65 кун давом этади. Ҳаво совуқроқ бўлса тухумлардан эркак, иссиқроқ бўлса урғочи тошбақалар ёриб чиқади.

Тошбақалар юртимиз экотизимида қандай ўрин тутади?

– Табиатда тошбақаларнинг ўзига хос ўрни бор. Улар бошқа жониворлар сингари озиқ занжирининг муҳим бўғинидан биридир. Унинг инсон ҳаётидаги ўрнини эса қадимдан кузатиш мумкин. Одамлар тошбақаларнинг гўштини истеъмол қилиб, косасидан уй-рўзғор буюмларини ясашган. Тошбақалар энг қадимги жониворлардан биридир. Улар икки миллион йил илгари пайдо бўлиб, ҳозиргача ташқи кўриниш деярли ўзармаган. Илк пайдо бўлган даврларда Ер юзида 20 дан ортиқ тури яшаган бўлса, ҳозир сайёрамизда тошбақанинг 14 та тури мавжуд. Ўрта Осиё тошбақаси табиатда дашт ўсимликлари, мевалар, сабзавот ва полиз экинлари билан озиқланишади. Улар якка ҳода яшаб, фақатгина қўшилиш учун ўзларига ёр излашади.

Яна ўқинг:  Китоб ўқиётган бола қуёшдан қувват олаётган ниҳолдир

Барча умуртқали ҳайвонлар ичида тошбақалар энг кўп умр кўришади. Масалан Айвата лақабли гигант тошбақа 150 йил, Кики эса 146 йил умр кўрганлиги қайд этилган. Мадагаскар оролида истиқомат қилган Туи лақабли тошбақанинг ёши эса 188 ёшга етган.

Республикамиз шаҳарларининг “қуш бозорлари”да қопларда турли ҳажмда кўплаб тошбақаларнинг сотилаётганини кўриш мумкин. Бу жониворлар популясиясига таъсир кўрсатмайдими?

– Ўзбекистонда дашт тошбақаси экспорт қилишга рухсат этилган жониворлардан бири ҳисобланади. Тошбақаларни АҚШ, Европа, Япониянинг зоодўконлари ҳамда ресторанлари харид қилишади. Айтиш жоизки, маълум катталикдаги жониворлар тутилиб экспортга олиб чиқилади, инларидаги тухумлар йиғиб кетилади. Асосан Навоий, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳудудларидаги кўплаб тошбақалар териб кетилмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида тошбақалар сони кескин камайгани сабабли Қозоғистон 2003, Тожикистон 2009–йилдан уларнинг экспортини тақиқланган. Ўзбекистонда эса бу жараён ҳануз давом этмоқда. Масалан, 2000-йилда 3500 та тошбақа ташқарига олиб чиқиб кетилган бўлса, 2015-йилда уларнинг сони 50 мингтага етди. Шунингдек, питомникларда ўстириладиган тошбақалар экспорти эса 2003-йилда 5 мингта, 2015-йилда 45 минг донани ташкил этди. Энг ёмони, юқорида қайд этилганидек, маълум кичикрок ҳажмдаги тошбақалар экспортга йўналтирилади. Эркак тошбақаларнинг ҳажми урғочисиникидан кичикроқ бўлганлиги сабабли, қонуний ва ноқонуний савдо тўрига айнан улар тушади. Оқибатда фақатгина урғочи тошбақаларнинг қолиши уларнинг кескин камайига сабаб бўлди. “Қуш бозорлари”да табиат қўйнидан ноқонуний териб келиниб сотаётган “тижоратчи”ларга ҳам кескин чоралар кўриш вақти етди. Чунки жониворларнинг кўпчилиги ёш болалар овунчоғига айланиб, нотўғри боқилиши оқибатида ҳалок бўлади.

Айни пайтда Ўрта Осиё тошбақасини Ўзбекистон Қизил китобига зудлик билан киритиб, унинг экспортини тақиқлаш, тошбақаларни яшаш ҳудудлари браконерлардан муҳофаза қилиш зарур. Бунинг учун ҳозир ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, жонивор Ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги Конвенсиянинг иккинчи иловасига ва халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига йўқолиб бораётган ҳайвон тури сифатида киритилган.

 

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди.

 

uznature.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: