Зотилжамнинг сабаб ва оқибатлари

Пневмония ушбу касаллик қўзғатувчисининг ўпка альвеоласи ва бронхлар эпителийсига тушишидан бошланади. Хасталик ҳаво – томчи йўли орқали бемордан соғлом одамга юқади.

Ушбу дарднинг яширин даври хасталик қўзғатувчисининг турига қараб 2-3 кун давом этади. Сўнгра ўпкадаги яллиғланиш жараёни фаол босқичга ўтади ва альвеолалар бўшлиғида йирингли суюқлик тўплана бошлайди. Айниқса, беморнинг иммун тизими суст фаолият юритса ва у кашанда бўлса ҳамда хаста киши совуққотса, шунингдек, уни тез-тез асабийлик, руҳий зўриқиш (стресс) безовта қилса бу дард авж олади. Аёлларда климакс давридаги гормонал ўзгаришларда ҳам зотилжамга чалиниш эҳтимоли юқори бўлади. Яна пневмониянинг ривожланишига юқори нафас йўлларининг яллиғланиши ҳамда грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларнинг асорати ҳам сабаб бўлади.

Шунингдек, пневмококк, стрептококк, микоплазма, хламидия, кўк йиринг таёқчаси каби ўта юқори даражадаги заҳарли ва хавфли касаллик қўзғатувчилари ҳамда турли вируслар, бактериялар, замбуруғларнинг заиф иммун тизимли организмга тушиши зотилжамга туртки бўлади.

Пневмониянинг аспирацион ҳамда ўпкадаги хавфли ўсма атрофида ривожланадиган параканкроз тури ҳам учрайди.

Касалликнинг клиник бегилари

Бемор оёқда ўтказилган грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар сабабли ҳам уларнинг асорати сифатида пневмонияга чалиниши мумкин. Дастлаб хаста кишини бир неча кун давом этувчи грипга ўхшаш тумов (бурун битиши, ундан сув келиши ҳамда тез-тез аксириш, кўз ёшланиши), йўтал тана ҳароратининг бирдан кўтарилиши, аъзои баданнинг титраб-қақшаши, юқорилаб кетган ҳароратнинг дори воситалари таъсирида ҳам тушмаслиги безовта қилади. Сўнгра бу белгиларга қўшимча равишда организмнинг касаллик қўзғатувчиси таъсирида заҳарланиши (интоксикация) аломатлари, яъни дардманд одамнинг тез толиқиши, унинг бош оғриғидан шикоят қилиши, иштаҳанинг йўқлиги қўшилади.

Зотилжам бошлангач 3-5 кундан сўнг қуруқ йўтал кузатилади. Кейин эса нам йўтал сабабли балғам кўчади. Ўпка тўқимаси яллиғлангани сабабли шикастланади ва беморнинг кўкрак қафасида оғриқ кузатилади. Агар иккала ўпка ҳам пневмонияга чалинган бўлса, хаста одамнинг иккала томонида нафас олганида ва йўталганда оғриқ бўлади. Баъзан бу аъзоларда бўғиқ “ғижиллаш” овозлари аниқ эшитилади. Шунингдек, беморни ҳансираш ҳам безовта қилади. Бу белги ўпканинг кўп соҳаси яллиғланганидан шунингдек, нафас етишмовчилиги ҳам бошланганидан дарак беради.

Яна ўқинг:  Соғлом фикрлаш соғлом ҳаёт асосидир

Ташхис ва даво

Ушбу касалликка унинг дастлабки босқичларида ташхис қўйиш учун беморнинг шикояти, қон, пешоб, балғамнинг лаборатория таҳлиллари синчиклаб ўрганилади ҳамда кўкрак қафасини албатта рентген қилиш зарур. Агар ўпка паренхимасида унинг рентген тасвирида нуқсонли ўзгаришлар кузатилса, нафас етишмовчилиги бошланмаслиги учун қўзғатувчи турига қараб антибиотиклар тавсия этилади.

Диққат, бу аъзолардаги кичик хасталик ўчоғидаги ўзгаришларни шифокор фонендоскоп орқали яхши эшитмаслиги мумкин. Яъни, булар ўпкадаги билинар-билинмас хириллаш ва қаттиқ нафас олиш каби клиник белгилар ҳисобланади. Аммо бу каби белгилар бир неча кун ўтиб кучаяди. Чунки, ўпкадаги яллиғланиш ўчоғи ҳажм жиҳатдан кенгаяди. Бироқ, бундай ҳолатда кеч бўлади. Сабаби йирингли яра ўчоғи анчагина кенг жойни эгаллайди. Шунда врач – рентгенолог ўпка суратига асосланиб ўчоқли, сегментли ва тоталь пнемония дея ташхис қўяди.

Катталарда зотилжам қўзғатувчиси турига қараб хасталик белгилари кузатилади. Бу клиник белгилар ўткир шаклда кечади ёки баъзан намоён бўлади. Айрим пайтларда пневмонияга тўғри ташхис қўйиш қийин кечади. Аммо ушбу касаллик белгиларини дард бошланган эрта босқичларида аниқлаш зарур. Зеро, ўз вақтида даво муолажаларини бошлаш керак. Акс ҳолда бу хасталик оғирлашиб, мудҳиш оқибатларга олиб келади. Кексаларда пневмония атипик флора таъсирида (микоплазма, легионелла, хламидияларнинг ҳужайра ичига жойлашиб олганлиги сабабли) асоратли кечади.

Беморнинг рационал тузилган таомномасида албатта мева-сабзавотлар ҳамда гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, балиқ, кўкатлар ҳам бўлиши зарур. Шунингдек, тоза ҳавода сайр этиш ҳамда тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбия билан шуғулланиш, зарарли одатлар (ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш)дан воз кечиш ҳам иммун тизимини мустаҳкамлайди. Бу ижобий омиллар эса хастанинг тезда тузалиб, оёққа туришига замин яратади.

Ибрагим АХАТОВ,

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология

илмий-амалий тиббиёт маркази катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: