Тиш парвариши – кариесга қалқон

Мен шу йили тишларимни даволатиш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти клиникасида бўлдим. Ҳали мактабга ҳам чиқмаган болаларнинг тишлари кариес билан оғриганини гувоҳи бўлиб, тўғри овқатланиш ва тиш парвариши ҳақидаги фикрларимни газетхонлар билан ўртоқлашгим келди.

Тишлар инсон организмида муҳим аъзо ҳисобланади. Овқат ҳазм қилиш эса чайнашдан бошланади. Агар тишларимиз соғлом бўлмаса яхши чайнай олмаймиз. Бу эса ўз навбатида меъдада овқат яхши ҳазм бўлмаслига ва меъда-ичак фаолиятининг бузилишига олиб келади. Ковак тишлар эса оғиз бўшлиғида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига ва уларнинг қонга сўрилишига сабаб бўлади.

Агар одамда оғиз бўшлиғида носоғлом тишлар бўлса биров олдида кулмасликка ҳаракат қилади. Айниқса, мактаб ўқувчилари талаффузлари яхши чиқмаса, тенгдошлари масхара қилмасликлари учун оғзини очмасликка, ҳатто, ўқитувчининг саволларига жавоб бермасликка уринади. Бундай салбий ҳолатларнинг кузатилмаслиги учун қандай профилактик тадбирларни амалга ошириш кераклиги ва тиш касалликлари ҳақида мутахассисларнинг фикрларини тингладим.

Шуҳрат Раззоқов, – Ортопедик стоматология поликлиникаси бўлим бошлиғи:

Тиш кариеси унинг қаттиқ тўқимасини зарарланиши яъни, тиш эмали (дентин)нинг аста-секин емирилиб, ковак ҳосил бўлиши ҳисобланади. Бу хасталик болаларда кўп учрайди. Бунинг сабаблари овқат таркибида кальций, фосфор каби элементларнинг етишмаслиги, беморнинг мева ва сабзавотларни кам истеъмол қилиши, ширинликларга эса кўп ружу қўйишидан келиб чиқади. Кариес сезиларсиз бошланади. Бу юза кариес бўлиб, хаста бола ширин ҳамда нордон егуликларни еганда унинг тиши оғрийди.

Кариес каваги чуқурлашиб дентин тўқимасининг ичига ўтса, унга овқат қолдиғи кириши билан кучли оғриқ пайдо бўлади. Бу чуқур кариес бўлиб, ўз вақтида даволанмаса микроб тишнинг юмшоқ тўқимасига кириб, уни яллиғлантиради ва пульпит вужудга келади. Кейинчалик тиш илдизи атрофидаги тўқималар ҳам яллиғланиб периодонтитни келтириб чиқаради.

Мактаб ёшидаги болаларда тиш чириши катталарга нисбатан тез кечади. Чунки, уларнинг тишлари микроорганизмлар таъсирига бироз чидамсиз бўлади.

Тиш касалликлари профилактикаси болаларда кичик ёшидан олиб борилиши керак. Уларга оғиз бўшлиғини тўғри парвариш қилиш, тишлари билан қаттиқ нарсаларни ва айниқса, данак, ёнғоқ чақмасликни тушунтириш керак. Тиш касалликларининг олдини олишда организм эҳтиёжи учун зарур бўлган минерал тузлар (кальций, фосфор), витаминлар, ёғлар, углеводларга бой овқатлар истеъмол қилиш керак. Ана шунда тишларимиз 70-80 ёшгача бизга хизмат қилади.

Эркин Каримов, тиббиёт фанлари номзоди – Терапевтик стоматология кафедраси шифокори:

Тиш чириши, пульпит ҳамда тишдаги бошқа нуқсонларни махсус пломба материаллари қўйиб даволанади. Бу материаллар тиш шаклини тўғрилашдан ташқари ундаги ковак ичидаги микроорганизмларга антисептик таъсир кўрсатади. Тишга пломба қўйилганда унинг чириши ва пульпит, периодонтитнинг олди олинади.

Бахтиёр Файзиев – тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали болалар юз-жағ соҳаси жарроҳи:

– Стоматология соҳасидаги 20 йиллик иш тажрибам ва кузатувларим асосида шуни айтишим мумкинки, 60 ёшда ҳам ҳамма тишлари соғлом одамларни кўп учратганман. Улардан сўрасангиз “менинг ширинликка ҳушим йўқ” дейишади. Бундай инсонлар кўпроқ сут ва сут маҳсулотлари, пиёз, саримсоқпиёз, кўкатлар, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилишганини айтишади.

Демак, болаларга кичик ёшидан кўп ширинлик истеъмол қилишдан чекланишни, мева-сабзавотларни, кўкатларни кўпроқ истеъмол қилишни ўргатишимиз керак. Ўзбекистонда стоматология соҳаси яхши ривожланган. Бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ бу борада даволаниш учун ҳеч ким чет элга чиқмайди. Тиш олиш, уни қўйиш ва даволаш, пломбалаш, юз-жағ соҳаси операцияларини амалга оширишда бизда муаммолар йўқ. Клиникамиздаги кучли касбий тайёргарликка, назарий билимларга ва амалий таржибаларга эга бўлган шифокорлар ҳамиша эл хизматида. Биз халқимизга нафимиз тегса ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз.

Мен эса бир мижоз сифатида бу ерда қилинаётган эзгу ишлардан кўнглим беҳад шодликка тўлди. Яқинлашиб келаётган Тиббиётчилар куни муносабати билан бу фидойи шифокорларни самимий табриклайман. Элу юрт бахтига улар ҳамиша соғ бўлишсин.

Яна ўқинг:  Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди

Қувончой АБДУЛЛАЕВА,

Урганч шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби математика фани ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: