Мактаб яратган устоз

80 ёшни қаршилаётган профессор Акрам Фозилов тиббиёт соҳасига бундан ярим аср муқаддам қадам қўйган. Шифокор машаққатли илм йўлидан сабр билан бориб, ўз устида тинимсиз ишлади.

Устоз ультратовуш диагностикасининг илмий ва амалий ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди ва ҳозир ҳам бу жараёнда тиним билмай меҳнат қилмоқда.

А. Фозилов олим, моҳир педагог, ўқув ва илмий тадқиқотлар жараёнининг ташкилотчисидир. У илк фаолиятини 1961–1987 йилларда Ўзбекистон онкология ва радиология илмий-текшириш институтида кичик илмий ходимликдан бошлаб, ультратовуш лабораториясига раҳбарлик қилиш даражасигача етди. Бу йиллар оралиғида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илмий кенгашида бош мутахассис, ушбу кенгаш муовини лавоимларида меҳнат қилди. Ўзбекистон олимларининг илмий ишларини амалиётга татбиқ этишга катта ҳисса қўшди. Устознинг меҳнатлари беиз кетмади. Унга 1983 йилда профессор илмий даражаси берилди.

Устоз 30 йилдан ортиқ вақт давомида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида турли лавозимларда меҳнат қилди. Ҳозирда у мазкур даргоҳнинг “Ультратовуш диагностикаси” кафедраси мудири лавозимида фаолият юритмоқда.

Ўқув жараёнида замонавий педагогик ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш тарафдори бўлган А. Фозилов доимо ўқитиш ва амалий кўникмаларга эътибор қаратиб келади. Кафедра АҚШ, Германия, Италия, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон ва Украина каби давлатларнинг йирик ўқув марказлари билан ҳамкорликда фаолият юритади. Тажрибали устоз халқаро эксперт ва мутахассислар билан биргаликда республикамизнинг барча вилоятларида тренерлар ва умумий амалиёт врачларини тайёрлашнинг йўналишларини белгилаш ва татбиқ этиш соҳасида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Унинг раҳбарлигида анемия, гипертония ва бошқа долзарб йўналишларда қатор ўқув дастурлари тайёрланган. Она ва бола саломатлигини ҳимоя қилиш, кўкрак сути билан боқиш, даволаш воситаларидан рационал фойдаланиш бўйича бир қанча қўлланмалари чоп этилган.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Фозилов Россия тиббий-техника ва Қозоғистон тиббий Академиясининг академиги ҳисобланиб, АҚШда таъсис этилган Жаҳон ультратовуш институти ва Ассоциациясининг фахрий дипломи билан тақдирланган. Тиббиёт технологиялари ва мутахассислар тайёрлашдаги улкан ҳиссасини эътиборга олиб Кембриж университети А. Фозилов номини “2000–2001 йилларнинг илғор инсони” сифатида халқаро “Юз йилликнинг буюк олимлари” китобига киритган ва устозни кумуш медаль билан тақдирлаган. А. Фозилов Бутунжаҳон, Европа ва Россия ультратовуш диагностика мутахассислари ассоциациялари ва Ўзбекистон радиологлари уюшмаси аъзоси саналади.

Яна ўқинг:  Ушалмаган орзулари келаётган йил

А. Фозилов ўзининг кенг қамровли билими, иқтидори ва ташкилотчилик қобилияти билан тиббиёт фани ва амалиётида янги йўналиш бўлган Ўзбекистон ультратовуш диагностикаси илмий мактабини яратди. Унинг онкология фанига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс.

– Устоз меҳнати ва фаолиятининг 30 йили Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги фаол ҳаётий босқичига тўғри келади. Олимларнинг таъдиклашича, МДҲ давлатларида ультратовуш диагностикаси бўйича бажарилган диссертация ишларининг ҳар учинчиси Ўзбекистондандир. Айтиш жоизки, бунда А. Фозиловнинг меҳнатлари беқиёс, – дейди ушбу даргоҳнинг “Ультратовуш диагностикаси” кафедраси катта ўқитувчиси Мирқосим Мирюсупов.

Олим раҳбарлигида 3500 дан ортиқ ультратовуш диагностикаси мутахассислари тайёрланган ва малака оширган. Шогирдларининг 10 нафардан ортиғи фан доктори, 40 нафардан ортиғи эса фан номзоди ҳисобланади.

Маҳфуза АБДУҚОДИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: