Спиртли ичимликлардан тийилиш аритмия хавфини камайтиради
Одам спиртли ичимликлардан ўзини тийиб борса, унда аритмия (юракнинг, томирнинг нотекис уриши) касаллиги хавфи камаяди. Калифорния университетида ўтказилган тадқиқот буни исботлади. Мутахассислар 15000 дан зиёд америкаликнинг маълумотларини 25 йил давомида таҳлил қилиб борди.
Тадқиқот натижасида, спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилувчилар аритмияга мойил бўлиши аниқланди. Лекин алкогол ичилмаган йиллар давомида касаллик хавфи 20 фоизга камайди.
Бундан олдин Мичиган университети ходимлари уйқусизлик ҳам аритмия хавфини оширишини маълум қилган эди. Уйқусизликдан азият чекувчилар бу касалликка бошқа одамлардан кўра 29 фоиз кўпроқ йўлиқади. Олимлар уйқу касалликлари вегетатив нерв системасига салбий таъсир кўрсатади, деб хулоса чиқарганди. Бу система эса артерия босими мувозанати ва юрак қисқариши частотасини бошқаришда иштирок этади.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.