Болаларга қувонч улашинг

Улардаги руҳий тушкунликнинг сабаб ва оқибатлари

Анча йиллар олдин тиббиётда “болаларда руҳий тушкунлик” деган тушунча умуман бўлмаган. Нафақат ота-оналар, балки шифокорлар ҳам болаликда инсон ўз бошидан фақат қувонч ва бахтли дамларни ўтказади, деб ҳисоблашган. Энди эса “депрессия” деб ном олган касаллик болаларни ҳам безовта қилмоқда.

Хўш, бу қандай хасталик?

Бу ҳақиқий руҳий тушкунлик бўлиб, болаларда кечувчи қайсарлик ва инжиқлик, енгил кечувчи грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар каби одатий касалликлар кўринишида кузатилади. Аммо кичик ёшдаги болалардаги депрессия ҳолатлари тўлиқ ўрганилмаган. Боланинг ҳар бир ривожланиш босқичида ўз руҳий олами ва ушбу даврга хос воқеа-ҳодисалар, муаммолари ҳамда тушкунлик ҳолатининг бошланиши учун туртки бўладиган етарли сабаблари мавжуд бўлади.

Болалик давридаги депрессиянинг сабаблари

Биринчиси, боланинг бошидан ўтказган юқумли касалликлари (грипп, ЎРВИ, пневмония (зотилжам), бодомча безларининг яллиғланиши (ангина)дан сўнгги асоратлар сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда бола кўп касалланганлиги учун барча нарсага нисбатан унинг иштиёқи сўнади.

Иккинчи сабаб сурункали ёки ўткир руҳий тушкунлик (гўдакни сўрғич ёки кўкракдан ажратиш, қўрқув, болалар боғчасидаги ёки мактабдаги тенгдошлари билан кечадиган ўзаро зиддиятлар, яқинларининг оғир хасталиги ёки ўлими, ота-онанинг ажралиши, оиладаги носоғлом муҳит) каби ҳолатларда кузатилади. Ушбу ҳолатда бола ичидан хавотирга тушади. Ҳар куни у ўзи ўрганмаган, нотаниш гуруҳга боришини ўйлаб, олдиндан ташвишга тушади.

Мактабгача ёшдаги даврда болада кечадиган руҳий тушкунлик

Бу даврда болаларда депрессия йиғлоқилик, асоссиз қўрқув ва хавотир, иштаҳанинг пастлиги, жисмоний фаолликнинг камайиши ва севимли ўйинларга нисбатан қизиқишнинг йўқолиши билан намоён бўлади. Кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда уйқунинг бузилиши, ўқув машғулотларидаги кўрсатгичларнинг пасайиши, паришонхотирлик, руҳий тушкунлик мавжуд бўлади. Бола балоғат ёшида бўлса, бировлар билан мулоқотга киришишни хушламайди. Ҳар бир танбеҳга қўрслик билан қўпол жавоб қайтаради. Дарсларга қизиқиши қолмайди, ўз кучига ишончи йўқолиб, кайфиятининг ўзгариб туриши кузатилади. Агар ўспирин иродасиз бўлса, ўсмирлик даврида ташқи салбий таъсирларга тез тушиши мумкин. Шу сабаб ота-оналар ва ўқитувчилар болаларнинг руҳий ҳолатини синчковлик билан кузатиб, соғлиғидан доимо хабардор бўлиб туришлари керак. Кичик ёшдагиларда қорин оғриғи, катта ёшдаги болаларда бош оғриғи, бош айланиши, ҳолсизлик ҳолатлари намоён бўлади.

Яна ўқинг:  Ширин кулча

Ушбу хасталикнинг қандай олдини олиш мумкин?

Фарзандларимиздаги депрессиянинг олдини олиш ва уни даволаш тўғридан-тўғри ижтимоий муҳитга боғлиқ. Аввало, бу оилавий муҳит ва жамоа (мактабгача таълим муассасалари, синф хонаси) каби кичикроқ ҳудудларда юз бериши мумкин. Энг муҳими, катталарнинг болаларга бўлган меҳрли муносабати ижобий аҳамият касб этади.

Ота-оналар фарзандларига бўлган меҳр-у муҳаббатларини очиқ намоён этишлари, уларнинг ҳиссиётларига қизиқиш билдиришлари зарур. Ҳар бир ота-она фарзандларининг истакларини табиий қабул қилиши муҳим.

Катталар болаларда ўзлари хоҳлаган шахсни кўришлари муҳим эмас. Асосийси улар ҳар бир фарзандининг индивидуал, яъни ўзига хос фелъ-атворга эга эканлигини тан олишлари ва бу ҳолатни ҳисобга олиб, унинг тарбиясига тўғри ёндошмоқлари керак. Болангиз қандай бўлса, уни ўшандай ўзгаларга ўхшамаган жиҳатлари билан севинг. Бу фарзандингизнинг руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш учун энг самарали усулдир. Болаларни оғир ва тушкун руҳий ҳиссиётлардан чалғитиш зарур. Ҳар бир боланинг истеъдодини ривожлантириб, унинг ҳаётида фаол иштирок этиш катталардан талаб этилади. Шундагина уларнинг кўзлари қувончдан порлаб, сизга чин дилдан миннатдорлик изҳор этади.

Чарос ХУШВАҚТОВА таржимаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: