МЕҲР ВА САОДАТ ОШЁНИ

Мамлакатимизда “SOS болалар маҳалласи” Ўзбекистон миллий уюшмаси фаолият кўрсатаётганига кўп бўлмади. Аммо ушбу йўналишда республикамизнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларида қатор савобли ва хайрли ишлар амалга ширилаётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Уюшманинг Хоразм вилояти филиали ташкил топганига уч йил бўлди ва қисқа давр мобайнида самарали натижаларга эришилди.

Оила меҳр-муҳаббатидан мосуво бўлган ёҳуд ота-она эътиборига муҳтож болажонларни бағрига олган, муқаддас оила шароитини яратиб бераётган уюшма Урганч шаҳрида ва Шовот туманида ана шундай “SOS болалар маҳалласи”ни бунёд қилди. Уларнинг мақсади – оилавий муҳитни яратиш, самарали таълим-тарбия бериш, оилаларни мустаҳкамлаш, энг асосийси болажонларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг маънавий камолотига кўмаклашишдир.

Урганч шаҳрида оиласини йўқотган ёҳуд ота-она меҳри-муҳаббатидан четда қолиб кетган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларга ҳаёт тарзини яхшилашга ёрдам бериш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бугун ўзининг ижобий томонларини кўрсатмоқда. Шаҳарда бугунги кунда кўнгли кемтик ана шундай 30 нафар бола ўзининг янги оиласини топди. Болаларни 6 нафар она, икки нафар ота-она ва тўрт нафар оила кўмакчилари вояга етказишмоқда.

Болалар дарсдан бўш вақтларини унумли ва фойдали ўтказишлари учун мусиқа мактаблари, спорт тўгаракларига мунтазам қатнашмоқдалар. Мактабдаги таътил пайтларида экскурсияларга чиқиш, ёзги дам олиш масканларида хордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Урганч шаҳри ва Шовот туманида иккита ижтимоий марказ фаолият олиб бормоқда. Мазкур дастурдан 99 та оила ва уларнинг 281 боласи манфаат топмоқда. Уларга турли йўналишларда ижтимоий- руҳий, моддий, маърифий ва соғлиқни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатилмоқда. Ота-оналар учун эса якшанба мактаблари, бизнесни йўлга қўйиш, етакчилик қобилиятини шакллантириш мавзуларида сабоқлар берилмоқда. Ана шуларнинг натижаси ўлароқ 26 та оила ўз даромадани оширишга, эришди. Бу оила болалари бугун ҳар доимгидан яхшироқ шароитга эга бўлиб, турмушини янада фаровонлаштиришга эришди. Олти оиланинг ҳар қайсисига касаначиликни йўлга қўйишлари учун 60 та жўжа берилди. 94 нафар ўқувчиларнинг дарсларини ўзлаштиришлари яхшиланди. Бу ерда айрим болаларга якка тартибда шуғулланишлари учун ҳам шарт-шароитлар яратилган.

Болаларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтказилиши учун турли тадбирлар- кўргазма ва танловлар, машҳур кишилар билан учрашув ва суҳбатлар уюштирилмоқда. Вилоятнинг кўзга кўринарли жойларига, тарихий обидаларига саёҳатлар уюштирилади. Ушбу тадбирлар ҳам уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишини тобора орттирмоқда.

Яна ўқинг:  ҲАРБИЙЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Болажонлар таълим-тарбия топаётган Урганч шаҳридаги 28-сон болалар боғчаси ва 18-сон умумий ўрта мактаб базаси босқичма-босқич мебеллар билан жиҳозланди. Таълим муассасаларига турли мавзулардаги услубий қўлланмалар ва китоблар берилди. Шунингдек, ўқитувчи ва тарбиячиларга “Интерфаол ўқитиш услублари” асосида ўқув семинарлари ўтказилди.

Маълумки, инсоннинг тақдири, келажаги, қўлга киритадиган ютуқлари ёҳуд муваффақиятсизлиги, касб танлаши, хатто узоқ умр кўриши, кайфияти унинг оилавий муҳитига боғлиқ. Халқимизда “Нимани эксанг, ўшани ўрасан”, деган яхши ҳикмат бор. Болаларга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббат эртага ўзимизга ортиғи билан қайтади, бу табиий. Бизда оила- муқаддас тушунча, уни қадрлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, деган дунёқараш шаклланган. Аммо ўз жигаргўшаларига бефарқ, уларни ўз холига, қаровсиз ташлаб қўйган ота-оналар ҳақида нима дейиш мумкин?! Ваҳоланки, уюшма тарбиясига жалб қилинган баъзи болаларнинг ота-онаси ҳаёт бўла туриб фарзандини ўз ҳолига ташлаб қўйишган. Орамизда ана шундай бемеҳр, лоқайд инсонлар бўлмаслигини истаймиз. Зеро, ҳар бир ота-она фарзанди олдидаги, фарзандлар эса ота-оналари олдидаги муқаддас бурчини адо этиши бизнинг гўзал ва беназир қадриятларимиздан саналади.

Дилбар БЕКЧАНОВА,

Хоразм вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: