Қайтмаслик муаллима

II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Муқаддам Манбатова ҳаётига чизгилар

Қуёшнинг заррин нурлари бақатераклар оралаб ҳовлида сепилган сувнинг юзида жилва қилади. Чумчуқлар бир тўп бўлиб, қувноқ сайраганча, юқорига кўтарилади. Муқаддам опа эса сўрида китоб ўқиш билан банд. Қўлида китоб-у хаёли бошқа жойда.

Элас-элас эшитилаётган болаларнинг “чуғур-чуғур” овози уни олис хотиралар томон бошлайди. Ҳар гал у нонуштадан сўнг ана шундай ширин орзиқиш билан ўтмишига назар солади. Қўнғироқнинг овози эса болаларнинг қийқириқларига нуқта қўяди. Бу ҳолат нафақадаги муаллим Муқаддам опа Манбатова учун 45 дақиқалик танаффус, холос. Сўнг эса олис-олислардан болаларнинг қийқириғи унинг кўнглига ором бағишлайди.

1978 йил. Чуст педагогика билим юртини тамомлаган косонсойлик 18 ёшли қиз туғилиб ўсган қишлоғи Қайтмасга қайтади. 24-умумтаълим мактабига ишга киради. Ҳа, бугун фарзандалари, шогирдлари ардоғида умргузаронлик қилаётган Муқаддам опа илк сабоғини яхши хотирлайди.

– Биласизми, боланинг кўзида меҳр кучли бўлади. Беихтиёр унга боғланиб қолганингизни билмай қоласиз, – дейди камтарин муаллима жилмайиб қўяркан. – Илк сабоқда мен шу туйғуни илғаганман. Ҳис қилганман. Устозларимиз ҳам ўргатишарди: бола биринчи ўқитувчисига тақлид қилади. Ўқувчиларингиз одобли, меҳр-оқибатли, билимли бўлишини истасангиз, аввало, ўзингиз шунга муносиб бўлинг. Сиз энди ўқитувчисиз. Сизни бировлар боласига ўрнак қилиб кўрсатсин. Мен шу ўгитга бир умр амал қилдим. Балки шундандир, шогирдларим зиёли, ўқимишли, тадбирли бўлишди. Ҳаётда ўз ўрнини топди. Ўндан зиёди ўқитувчи. Ўзим учун қоида қилиб олган касбий хислатлар, сир-асрорларни уларга бот-бот уқтираман.

Ҳа, Муқаддам опа ҳаётидан мамнун. Унинг 200 дан зиёд ўқувчиси турли ижтимоий соҳаларда жавлон уриб меҳнат қиляпти. Элуюрт равнақи йўлида жонбозлик кўрсатяпти. Бир муаллим учун бундан ортиқ бахт борми? Албатта, Муқаддам опа бу ютуқларга ўз-ўзидан эришгани йўқ. Тинимсиз меҳнат ва изланишларнинг самараси бу. Интилувчанлиги, касбга муҳаббатини ҳукуматимиз ҳам эътибордан четда қолдирмади. 2010 йил нафақага чиққан Муқаддам Манбатова 2012 йил II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.

Муқаддам опа орден олган лаҳзаларни хотирларкан, бу мукофот фақат ўзиники эмаслигини бот-бот такрорлайди. Бунда турмуш ўртоғим Сайдулло Ёқубовнинг ҳам хизмати катта, дейди муаллима.

Яна ўқинг:  Жозиба ва нафислик

Дарҳақиқат, эндигина ўн саккиз ёшни қаршилаган ёшгина ўқитувчи она тили ва адабиёт муаллими бўлиб иш бошлаган Сайдулло Ёқубовга турмушга чиқади. Бир жамоада 32 йил бирга меҳнат қилади. Орада 1980–1985 йиллар ҳозирги Наманган давлат университетининг сиртқи таълим йўналишида таҳсил олади. Бола тарбияси, рўзғор ташвишларида ҳар иккиси ҳам елкама-елка туриб, ҳаёт машаққатларини бирга тотади, бирга енгиб ўтади. Бу меҳр-муҳаббатнинг меваси бўлмиш фарзандлар ҳам ота-она изидан бориб, уларга ҳавас билан ўқишга, билим олишга интилди.

– Икки ўғил, икки қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдик. Худога шукр, ҳаммаси олий маълумотли. Бири журналист. Қолганлари ўқитувчи. Кенжам Нодиржон 24-мактабда маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари. Қизларим Севара ва Ирода она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Ҳа, бугун Ёқубовлар хонадонини маҳалла-кўй ўқитувчилар оиласи дея ҳурмат билан тилга олади. Ҳалол насиба, фидойи меҳнатнинг нони ширин бўлишини фарзандлар ҳам исботлаб келмоқда. Бугун уйда саккиз набиранинг ўқиши, таълим олишини назорат қилаётган Муқаддам опа келинлари ҳам ўқитувчи эканини фахр билан тилга олади. “Набираларимдан ҳам катта бўлсанг ким бўлсан деб сўрасам, ўқитувчи бўламан” дейди. Опа жилмайиб қўяди. Шу биргина табассумда, юзидаги самимиятда унинг босиб ўтган йўли қанчалик шарафли эканини уқиш, англаш қийин эмас.

– Болаларингиз она тили ва адабиётга меҳр қўйган экан-да, – сўрайман Муқаддам опадан. – Ота изидан кетишибди-да, дея ҳазиломус луқма ташлайман. Опа эса доимгидай табассум билан жавоб беради:

– Ҳа, отаси уйнинг боши. Фарзандлар отага тақлид қилгани, ота изидан юргани маъқул. Эр киши мулоҳазали бўлади. Мен бундан фақат севинаман. Қизларим ҳам, келинларим ҳам бу қоидага амал қилади. Ота қатъиятини кўрган боладан ёмонлик чиқмайди. Касбга тақлид ҳам яхши, аммо инсоний фазилатларни кўра билиб, эргашган киши албатта муродига етади. Болаларимиз, ўқувчиларимизга ҳам бу гапни кўп бор айтганмиз.

Дарҳақиқат, билим ва инсоний фазилатларни ўзида уйғунлаштирган Муқаддам Манбатовани бугун косонсойликлар ҳам яхши танийди. Туманга бориб опа ҳақида сўрасангиз, “Ҳа, қайтмаслик муаллимани сўраяпсизми?”, дея гап бошлашади. Опа эса ҳамон болаларсиз ўзини тасаввур қилолмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам йил сайин қадрига қадр, обрўсига обрў қўшилаётгандир.

Яна ўқинг:  Ажрашаётган эр-хотиннинг фарзанди номидаги мулк кимга тегади?

Устоз билан суҳбатлашиб турарканмиз, олислардан яна қўнғироқнинг овози эшитилади. Бу гал қўнғироқнинг садоси болаларнинг қийқириғига уланиб кетади. Опа эса ширингина орзиқиб қўяди.

– Танаффус бўлди.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom аvlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: