Жарроҳлик амалиётида хориж тажрибаси

Болалигидан қалбида шифокор бўлишни ният қилган Ўткиржон 1996–2003 йиллар давомида Бухоро Давлат тиббиёт институтида таҳсил олди.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилиб вояга етган бўлғуси шифокор кейинчалик олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида Россияда ўқишини давом эттиради. У 2006–2009 йилларда Россия Федерациясининг Ставрополь Давлат тиббиёт академиясида “Умумий жарроҳлик” бўйича ўз малакасини оширди. Кейинчалик эса шу йўналишда шу давлатда ўзининг фаолиятини олиб боради. Ҳорижда “Кеч аниқланган эхинококк қайталанишини жарроҳлик усулида даволаш ва махсус ташхис қўйиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган Ўткир Хушвақтов Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 2-жарроҳлик бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарияти, марказлар раҳбарлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари ва бошқа бир қатор мутасаддилар билан учрашувида ўзбекистонлик фуқаролар тиббий ёрдам учун хорижга чиқишга мажбур бўлаётганини таъкидлаб ўтган эди. Шунингдек, ихтисослашган марказлар аҳолига тўлиқ малакали хизмат кўрсатмагани туфайли йилига 40 мингдан зиёд фуқароларимиз тиббий ёрдам учун чет давлатларга чиқишга мажбур бўлаётгани, бу эса даволанувчилар учун моддий жиҳатдан қийинчилик келтириб чиқараётгани ҳақида сўз юритди. Шунинг учун Корея, Ҳиндистон, Россия билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижонда йўналишлар бўйича қўшма клиникалар очишни ташкиллаштириш, айниқса, ўзбекистондан ташқарида фаолият юритаётган шифокорларни юртга қайтариш ва уларга керакли ҳамма шароитларни яратиб бериш борасида таклифларни ҳам айтиб ўтган эди.

– Мен 2006–2017 йиллар давомида Россия Федерациясида жарроҳлик йўналишида таҳсил олиб, сўнгра ўша ерда фаолият олиб бордим. Эндиликда эса олган билимларимни вилоятимиз тиббиёт соҳасида қўлламоқдаман. Ушбу йўналишдаги замонавий жиҳозлар беморга касаллик бўйича шошилинч ташхис қўйиш ва тез даволаш имкониятини беради. Чунки, замонавий тиббий хизмат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омилдир. Жумладан, замонавий томография, рақамли рентген ҳамда юрак-қон томирларини текшириш ва аниқланган касалликларни даволаш имкониятини берувчи ангиография ускунаси, дистанцион литотриптор, кўз касалликларини даволовчи лазер аппаратлари, лаборотория ва УТТ, жарроҳлик ва анестезиология соҳаси учун зарур тиббий ускуналар беморга аниқ ташхис қўйиш ва уни малакали даволаш имконини беради, – дейди Ўткир Хушвақтов. – Бугун Ўзбекистонда бўлаётган оламшумул ўзгаришлар жамиятнинг барча жабҳаларини қамраб олмоқда. Кўп нарса ўзгармоқда, кўпларнинг ҳаёти, яшаш тарзи бошқача кўриниш олмоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминламоқда.

Яна ўқинг:  Яна мавсум мавзуси: ёз бозори

Шу ўринда таъкидлаш ўринли Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорларининг аксарияти чет давлатларда малака ошириб қайтишган. Улар ҳозирда халқ хизматида. Ўткир Хушвақтов давлатимиз раҳбарининг малакали кадрларни ўзимизнинг шифо масканларига қайтариш ҳақидаги ташаббуси улароқ марказда фаолият олиб бормоқда. Икки фарзанднинг отаси, қирқ ёш арафасида турган ёш мутахассининг келажакда режалари бисёр. У эгаллаган билимларини, тажрибаларини кам деб ўйлайди. Ў. Хушвақтов эгаллаган соҳаси бўйича яна изланишлар олиб боришини, она юртида халқига бунданда самарали хизмат қилишга ҳаракат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: