Мариянинг музаффарона қайтиши

Машҳур теннисчи Мария Шарапованинг мусобақалардан узоқ муддатга четлаштирилиши мухлисларни қанча ранжитган бўлса, унинг 2017 йил 15 октябрь куни Хитойнинг Тянцзин шаҳрида ўтказилган нуфузли мусобақада ғалаба қозониши шунча хурсанд қилди.

Ўн беш ойлик танаффусдан кейин 2017 йил 26 апрелда катта теннисга қайтган Мария Штутгарт, Мадрид, Стэнфорд шаҳарларида ўтказилган мусобақаларда маҳоратини қайтадан тоблади. Айниқса, АҚШ очиқ чемпионатининг дастлабки даврасида дунёнинг иккинчи ракеткачиси, ҳозирги кундаги теннис юлдузи руминиялик Симона Халеп устидан қозонган ғалабаси мухлисларни ҳайратга солди. Ниҳоят, теннисдан четлатилиш ва жароҳатлар оғриқларини собит иродаси билан енгган Мария яккалик мусобақаларидаги ўттиз олтинчи ғалабасини Хитойда нишонлади.

Дунёдаги миллионлаб теннис мухлислари, бу спорт турига умуман алоқаси бўлмаган кишилар ҳам Марияни яхши кўради ва унинг кортга чиқишини, яна ва яна ғалаба қозонишини чин дилдан истайди. Бунга ёрқин далил:

интернет сайтларида Марияга оид маълумотлар 850 миллиондан ортиқ марта кўрилган, у ҳақда қарийб 20 мингта мақола ёзилган.

Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситаларида у ҳақда берилган мақолаларни барча севиб ўқийди, кўрсатувларни энтикиб томоша қилади, Мариянинг ютуғини кўрганда, эшитганда ич-ичидан хурсанд бўлади.

Унга нисбатан бундай ҳурмат-эътибор пайдо бўлиши учун сабаблар кўп. Теннисчининг энг қадрли фазилатларидан бири саховатпешалиги. У ёрдамга муҳтож болаларга ёрдам кўрсатишда давом этмоқда. Ҳар йили Чернобиль АЭС ҳалокатидан жабр кўрган кишиларга камида 100 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Унинг саховатпешалигини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам эътироф этиб, 2007 йил 14 февраль куни БМТнинг Яхши ният элчиси этиб тайинлади. Бунга жавобан Мария Беларуснинг Гомель вилоятида яшаб, Чернобиль АЭС ҳалокатидан азият чекаётган оилаларнинг 12 нафар иқтидорли фарзанди университетда билим олиши учун 210 минг АҚШ доллари ажратди (бу уларнинг Минск университетини ўқиб тугатиши учун сарфлайдиган тўлов-шартнома миқдорига тенг). Бундан ташқари Беслан фожиасидан жабр кўрган мактаб ўқувчиларига нархи 56 минг доллар бўлган, ўзига мусобақадаги ғалабаси учун берилган автомобилини совға қилди. Хайрли анъанасини давом эттириб, Чернобль АЭСдан жабр кўрган болаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган жамғармага 100 минг доллар пул кўчирди. Мария шу жамғармага 2011 йилда 125 минг доллар ўтказди. Ҳатто, теннис мусобақаларидан четлатилган даврда ҳам оғир хасталикка чалинган россиялик болаларнинг чет элда даволаниши учун 23 миллион рубль, Россиядаги кортларни таъмирлаш учун 500 минг АҚШ долларини тегишли жамғармаларга ўтказди.

Яна ўқинг:  Milliy kutubxonada besh kun

Соҳибжамол ва машҳур теннисчининг яна бир фазилати борки, ундан барча қизлар, ёшлар, ҳаммамиз ўрнак олсак бўлади. Бундан ўн йил илгари бўш вақтингизда (яъни машғулотлар оралиғида, самолётда мусобақаларга кетаётган пайтида) нима билан шуғулланасиз, деган саволга берган жавоби барчани ҳайрон қолдирганди. “Лицейдаги дарсларимни тайёрлаяпман. Ҳозир айниқса, иқтисод ва кимё бўйича кўпроқ шуғулланаяпман”, – деб жавоб қайтарганди Мария. Ўша кезларда ҳам у миллионер қиз эди ва бирон реклама компанияси таклифига рози бўлса, яна миллионлаб доллар ишлаб оларди. Лекин у ўқиб-ўрганишни, теннисда қийналиб бўлса-да, муваффақиятларини давом эттиришни афзал билади. Аҳамиятлиси, ўн беш ойлик танаффус пайтида ҳам Мария вақтини бекор ўтказмади. Ўттиз ёшида АҚШдаги Гарвард бизнес мактабининг менежментлик курсида ўқиди ва Лондон реклама агентлигида амалиёт ўтади.

Ҳолбуки, Мариянинг касби бор, ўз ишининг устаси, бунинг устига бадавлат. Мусобақаларда ишлаб топган мукофот пулининг ўзи 36 миллион 484 минг 486 АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари кўплаб компанияларнинг маҳсулотларини намойиш этгани учун шартнома асосида катта маблағ олади. Албатта, Мариянинг энг муҳим фазилати дунёнинг моҳир теннисчиларидан бири эканлигидир. У кортга тушиши билан курашчан спортчи қиёфасига киради. Кортда тез ва ғайрат билан ҳаракатланади. Ўзи томонга оширилган қийин зарбаларни қайтаради, ҳар бир ўйин лаҳзасида охиригача кураш олиб боради. Ўйин тизгинини ўзида ушлаб туради, тўпга кучли зарбалар бериб, рақибига ҳеч бир имконият қолдирмай очко олади. Учрашувда ғалаба қозонгач, томошабинларга қараб ёқимли табассум улашади.

Мария Шарапова ҳам бундай ҳурмат-эътиборга осонликча эришгани йўқ. У ҳам узоқ машаққатли йўлни босиб ўтди. Эндигина турмуш қурган Юрий ва Елена Гомель шаҳрида яшашарди. 1986 йил 26 апрель куни Чернобиль АЭСида ҳалокат юз берди, радиация нури ён-атрофга тарқалди. Юрий ва Елена бўлажак фарзандини радиация нури зараридан асраш мақсадида Ғарбий Сибирдаги Нягань шаҳрига кўчишди ва шу шаҳарда Мария дунёга келди. Оила бу шаҳарда узоқ қолмади. Отаси Юрий теннисга жуда қизиққани учун Сочи шаҳрига кўчишди. Мария кичик ёшидан отаси билан теннис машғулотларига қатнай бошлади. Унинг болалигида биринчи мураббийи бўлган Юрий Юдкин Мария ҳақида шундай деганди: “У мени машғулотларда ҳайратга соларди. Тўрт ярим ёшда бўлишига қарамай мустақил фикрлай оларди. Нимани ўргатмай, дарров илғарди. Ҳозир айримлар тасаввурига сиғдира олмайдиган зарбаларни амалга оширарди. Етти ёшида тўпни маҳорат билан айлантириб узатарди. Ҳар қандай рақибдан ҳайиқмай ғалабага интиларди. Машғулотларда бор кучини сарфлаб шуғулланарди, лекин ҳеч қачон чарчадим деганини эшитмаганман”. Тиришқоқ қизча отасининг дўсти Евгений Кафельников томонидан рағбатлантирилди. Машҳур теннисчи ўз ракеткасини Марияга совға қилди. Бу унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди, теннисга бўлган қизиқишини янада оширди.

Яна ўқинг:  Грипп ва инфаркт хуружи ўзаро боғлиқми?

Теннис афсоналаридан бири Мартина Навратилова Москвадаги халқаро мусобақага келганда Россиянинг иқтидорли ёшларига “Маҳорат дарслари” ўтказди. Улар орасида 7 ёшга тўлган Мария ҳам бор эди. Моҳир теннисчи қизалоқнинг фавқулодда истеъдодли эканини англади ва Мариянинг отасига уни АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Ник Боллетьерн теннис академиясига олиб боришини тайинлади. Юрий Шарапов қизининг келажагини ўйлаб, Мария билан Америкага йўл олди.

2005 йил Мария учун муваффақият келтирди. Австралия очиқ чемпионати ярим финалига чиқди. Шундан кейин кетма-кет нуфузли мусобақаларда ғалаба қозонди ва 11 апрелда жаҳоннинг иккинчи ракеткачисига айланди.

Кейинги мусобақаларда яхши қатнашган Мария рейтинг очколарини ошириб борди ва 22 августда жаҳоннинг биринчи ракеткачиси бўлди.

 

– Ниҳоят, жаҳон рейтингида биринчи ўринга кўтарилдим. Бу мен учун олий бахт, орзуим ушалди, – деди хурсандчилик билан Мария бу хушхабарни эшитган ҳамон. Бу ўн йилдан кўпроқ вақт давомида юртидан узоқда – Америкада яшаб олий мақсад сари оғишмай интилган қатъиятли қизнинг дил сўзларидир. Шу ўринда жаҳон теннис юлдузи Жон Макинройнинг Мария ҳақидаги фикрини эслашимиз жоиз: Кортда юз бераётган нарсаларга ҳеч ишонгим келмайди. Шарапова – мўъжиза.

 

Айтиш мумкинки, 2012 йил Мария учун хайрли бошланди. У Австралия очиқ чемпионати, Индиан-Уэллс ва Майами халқаро турнирлари финалида ўйнади. У Штутгартда бўлган мусобақа финалида жаҳоннинг биринчи ракеткачиси бўлган Виктория Азаренкони мағлубиятга учратди.

Ҳа, Мария Шарапова аталмиш теннис юлдузи 25 ёшга тўлганини WTAнинг 25 бош совринини қўлга киритиш билан нишонлади. Римда эса финалда Ли Нани мағлубиятга учратди ва 26 бош соврин билан тақдирланди.

Орзулар шаҳри бўлган Парижда Мариянинг бирданига иккита орзуси ушалди: “Ролан Гаррос” мусобақасининг ярим финалига чиққан заҳоти яна жаҳоннинг биринчи ракеткаси дея эътироф этилди. Финалда италиялик Сара Эрранини мағлубиятга учратгач, “Улкан тож” туркумидаги тўртта мусобақани ютган дунёдаги олтинчи аёл теннисчиси сифатида тарих саҳифасидан жой олди. Лондон олимпиадаси очилиш маросимида байроқдор сифатида Россия терма жамоасини майдонга бошлаб тушди. Мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритди.

2013 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган мусобақаларда Мария муваффақиятли қатнашди. Австралия очиқ чемпионати ярим финалида, “Ролан Гаррос” финалида ўйнади. Штутгарт ва Индиан-Уэллс мусобақаларида зафар қучди. Жароҳати туфайли йилнинг иккинчи ярмидаги мусобақаларда қатнашмади. 2014 йилнинг апрель ойига келибгина саломатлиги тикланди.

Яна ўқинг:  “Indian Open”да етти нафар боксчимиз финал йўлланмаси учун баҳслашади

Ҳозирги кунда Мария бўлғуси мусобақаларга тайёргарлик кўраяпти. Ишончим комил, Мария аталмиш метин иродали теннис юлдузи ҳали жаҳоннинг нуфузли мусобақаларига файз бағишлаб, ёқимли ҳайқириб яна мўъжизалар яратади ва мухлисларига қувонч бағишлайди. Корт ортидаги ҳаётида эса саховати билан ҳали кўп йиллар олам аҳлини ҳайратга солади.

 

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: