Эътироф

Бола соғлом бўлса, ота-оналарнинг кўнгли хотиржам, оила эса тотувликда ҳаёт кечиради. Шу сабаб мамлакатимизда она ва бола саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар меҳнатини қадрлаш, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Куни кеча Президентимизнинг бир гуруҳ ижтимоий соҳа вакиллари билан бир қаторда соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган мутахассисларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони бунга яққол мисол бўла олади.

Ўзининг беминнат хизмати, инсонийлик фазилатлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган Исроил Авазов Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида болалар бўлими мудири лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Яқинда тажрибали шифокор давлатимиз раҳбари томонидан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.

– Болаларни яхши кўрганим учун ушбу касбни танлаганман, – дейди Исроил ака. – Самарқанд тиббиёт олийгоҳини тамомлагач, йўлланма билан Навоий вилояти Хатирчи туманида жойлашган марказий шифохонанинг болалар бўлимида иш бошлаганман. Орадан бир неча йиллар ўтгач Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси болалар поликлиникасида фаолиятимни давом эттирдим. 6 ойдан сўнг ушбу даргоҳда бемор чақалоқлар бўлимини очдик. Биласизми, хаста одамга ҳеч қачон бефарқ бўлолмайман. Ҳар бир бемор болага ўзимнинг боламдай меҳр кўрсатишга, уни яхши парвариш қилишга интиламан. Шукурки, 33 йилдан бери ушбу йўналишда хизмат қилиб келмоқдаман. Фаолиятим давомида олий тоифали шифокор даражасини олдим. Менинг камтарона меҳнатларим эвазига ўтган йили мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Биринчи Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирландим.

Исроил Авазов оилада фарзандлар тарбиясига ва уларнинг билим олишига алоҳида эътибор қаратгани боис, бугун уларнинг барчаси олий маълумотли кадрлар сифатида она юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ана шундай жонкуяр, фидойи инсонлар бор экан фарзандларимиз саломат, кўнглимиз хотиржам. Тилагимиз аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган барча шифокорларга қўлингиз асло дард кўрмасин, деймиз.

Ч. ХУШВАҚТОВА ёзиб олди.

Яна ўқинг:  Мангулик кўчаси фойдаланишга топширилди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: