Тадбиркорга ким мададкор?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.
Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмлари белгиланмоқда.
Жорий йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниб, юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ қисқа муддатли текширувлар ўтказилади холос. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.
Шундай қилиб назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади. Бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланган.
Бундан ташқари тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш таъқиқланган.
Кўрсатиб ўтилган нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради. Бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилган.
Одил МУСАЕВ,
Учтепа туман 7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси