Энг яхши фан ўқитувчиси
Моҳир учувчи ёки шифокор, олиму муҳандис қўйингки, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар ҳар бир киши аввало мактабдек қутлуғ даргоҳда устоз аталмиш улуғ зотдан таҳсил олади. Ҳар бир ўқувчини ўз фарзанди сингари бағрига босиб, унинг муваффақиятларидан қувониб, шогирдининг комил инсон бўлишига елкадош бўлаётган ўқитувчи учун ҳар бир дарс бир имтиҳон ҳисобланади.
Бир синфда ўтирган неча бир жуфт нигоҳларнинг ўқитувчига теран боқиб бераётган адоғсиз саволларига жавоб қайтариш муаллим учун осон эмас. Бунинг учун ўқитувчи тинимсиз ўз устида ишлаши билим-кўникмаларини ошириб бориши зарур. Бу борада республика миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловлар қўл келмоқда. Яқинда бўлиб ўтган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг республика босқичи ҳам бир қатор янги номларни кашф этди.
Ушбу кўрик-танловда камида уч йил педагогик иш тажрибага эга олий, биринчи, иккинчи тоифали олий маълумотли ўқитувчилар иштирок этиши низомда белгиланган. Шунингдек, уч йил давомида ўқувчилари Давлат таълим стандартлари талабларини ўзлаштириш самарадорлиги 76-100% кўрсаткич берган, ўқувчилари «Билимлар беллашуви»да туман (шаҳар), вилоят, республика босқичида ғолибликни қўлга киритган, «Устоз-шогирд» тизимининг устозлари ҳамда иш тажрибасидаги янгиликлари тақдим этилган ижодий ишлари ўрганилиб, кўрик-танловда иштирок этишга тавсия этилган ўқитувчилар қатнашиши кўзда тутилган.
Танлов шартига кўра иштирокчиларнинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мазмунини ўзлаштириши, ахборот-коммуникация технологияларини ва чет тилларни билиши, умумий ўрта таълим тизимига жаҳон ҳамда миллий педагогика йўналишидаги тажрибаларни жорий этишига алоҳида эътибор берилди.
Ўқитувчиларнинг ўз фикрини назарий жиҳатдан баён қила олиш малакаси, таълим сифатини оширишга оид таклифларнинг асослиги ва амалиётга қўллашда натижавийлиги, баркамол авлоднинг таълим-тарбия олиши, ўқитишнинг сифати ва уни яхшилаш, дарс жараёнида фойдаланиладиган кўргазмали воситани Power point дастурида тайёрлаб тақдим этиш каби шартларни тўлиқ бажаргани ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси»кўрик-танловида Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 6-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ИДУМ) инглиз тили ўқитувчиси Дилфуза Қодирова, француз тили фанидан Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 51-мактаб ўқитувчиси Зумрад Сатторова, математика фанидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактаб ўқитувчиси Ульяма Аракелова, физика фанидан Навоий шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси Самар Жумаевлар ғолибликни қўлга киритишди. Шунингдек, кимё фанидан Бухоро вилояти Жондор туманидаги 49-мактаб ўқитувчиси Ҳабиба Қарабаева, рус тили (таълим ўзбек ва бошқа тилларда) фанидан Тошкент вилояти Бўка тумани 2-мактаб ўқитувчиси Валентина Цой, рус тили (таълим рус тилида) фанидан Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 17-ИДУМ ўқитувчиси Вера Ерицян, немис тили фанидан Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 60- ИДУМ ўқитувчиси Люция Шафигулиналар ғолиб деб топилди. Кўрик-танловнинг информатика фани бўйича Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 23-мактаб ўқитувчиси Умид Муродов, Миллий истиқлол ғояси фанидан Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси Малоҳат Матмуродова, тарих фанидан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 38-мактаб ўқитувчиси Бердибай Сапарбаевлар йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси номига сазовор бўлишди.
Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Aхбоpoт хизмати ходими