Таълим йўналиши – журналистлар эътиборида

Маълумки, XXI аср – фан тараққиёт асридир. Демак, бунда ёшларнинг мустаҳкам билимга эга бўлиши талаб этилади. Шундай экан, бу борада таълим соҳаси мутахассислари жойлардаги ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатмоғи лозим. Бу йўналишдаги барча ўзгаришлар, муваффақиятлар билан биргаликда йўл қўйилаётган баъзи камчиликларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиши ҳамда кенг оммага етказилиши муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинар-тренинг «Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳамиятини жамоатчиликка етказишда ахборот хизматлари ролини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусига бағишланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар Халқ таълими бошқармалари ахборот хизмати ходимлари, ҳудудий халқ таълими бош­қармалари муассислиги, ҳаммуассислиги ва ҳамкорлигида чоп этиладиган газета ва журналлар бош муҳаррирлари ҳамда марказий ОАВ вакиллари иштирок этди.

Икки қисмдан иборат мазкур анжуманнинг биринчи қисмида бугунги кун ахборот хизматлари ходимларига тадбирлар, матбуот анжуманлари, брифингларни ташкил этиш, жамоатчилик ва ОАВ ходимлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, соҳага тегишли бўлган хорижий тажриба ва янгиликлар ҳақида назарий билимлар берилган бўлса, тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятига доир масалалар хусусида маърузалар тингланди ва фикр алмашилди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари А.Холбеков «Ҳудудий халқ таълими бошқармалари муассислиги, ҳаммуассислиги ва ҳамкорлигида чоп этиладиган нашрларда «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг ёритилиши» юзасидан ўз фикрини билдирар экан, журналистларни янада фаолроқ бўлишга чақирди.

Семинар интерфаол ҳамда амалий тарзда ўтказилиб, унда нафақат маърузалар, балки семинар иштирокчиларининг фаолиятидаги камчилик ва ютуқлари бўйича маълумотлар тингланди ҳамда шу асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Дилафрўз АБДАЗОВА

Яна ўқинг:  Спорт ва ОАВ: муҳим уйғунлик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: