КЎКЛАМ ҲАДЯСИ
Баҳорда қир-адирлар, тоғ ён бағирлари, ариқ бўйларида турли хил шифобахш гиёҳлар кўкка бўй чўза бошлайди. Наврўз қадам ранжида этган элда исмалоқ, жағ-жағ, момақаймоқ, шовул, ялпиз, отқулоқ, ҳилол, мадор, беда, семизўт, қизил шўра, думба шўра, каврак каби табиатнинг тансиқ неъматларидан кўк сомса, чучвара, халим, манти, юпқа каби миллий таомлар тайёрланиб дастурхонлар безатилади. Шунингдек, ҳалим, гўжа, сумалак каби тансиқ овқатлар ҳам маҳалла-кўй билан баҳам кўрилади. Чунки, узоқ давом этган қишдан сўнг вужудимиз витаминлар, минерал моддалар, оқсиллар, углеводлар ҳамда организм учун зарур бошқа макро ва микроэлементларга эҳтиёж сезади. Ана шу танқисликни баҳорда турли шифобахш кўкатлар ва гиёҳлар тўлдиради.
СЕМИЗЎТ
Ўсимликлар оламининг яна бир кўзга илинмас, эътибордан четда турган, аммо шифобахш унсурларга бой туридан бири семизўт ҳақида қуйида батафсил маълумот берамиз. Бу гиёҳ ер шарининг Шарқий Ярим шарида иссиқ иқлимли ҳудудларда, шу жумладан, Россиянинг Европа қисмида, Кавказда, Узоқ Шарқда ўсади. Семизўт нам ва қумлоқ жойларни хуш кўради. Шунингдек, бу ўсимликни дарё бўйларида, далаларда, полизда, турар жой бинолари атрофида ҳам учратиш мумкин.
Семизўтнинг ер устки қисмида оқсил, қанд, рух, мис, марганец, никель, темир моддаси каби микроэлементлар, кальций, магний, натрий, калий каби микроэлементлар, органик кислоталар, алкалоидлар, сапонинлар ва бошқа гликозидлар, норадреналин, кўп миқдорда каротин, токоферол, никотин кислота, аскорбин кислота каби витаминлар, филлохинон, шилимшиқ ва смоласимон моддалар мавжуд. Уруғида ёғ моддаси, линол, олеин, пальмитин каби ёғ кислоталари бор.
Семизўтнинг сархил, ёш барглари ва новдалари қайнатилиб ва хом ҳолича таомларга ишлатилади. Улардан салатлар, кўк шўрва, бўтқа ва гўштли маҳсулотларга зиравор сифатида ишлатилади. Уддабурон уй бекалари семизўтни қишга тузлаб ва маринадлаб банкаларга ёпишади. Шунингдек, Ўзбекистонда семизўтдан сомса, кўк чучвара, бичак, хоним, юпқа тайёрланади. Кавказ, Ўрта Осиё ва Ўрта Ер денгизи мамлакатлари аҳолиси ҳам қадимдан семизўтни шифобахш гиёҳ сифатида қадрлаб истеъмол қилишади. Бу доривор ўсимлик Буқрот ҳаким (Гиппократ) давридаёқ маълум ва машҳур эди. Қадимдан семизўт уруғлари организмни хилтлардан тозаловчи восита сифатида қўлланилган. Семизўт барглари тиббиётда яраларни битирувчи, сийдик ҳайдовчи, заҳарга қарши (илон, чаён ва қорақурт чаққанда) зиддизаҳар сифатида, мижоз сустлигини даволашда қўлланиладиган йиғма дорилар таркибида, шунингдек, трихомонадали кольпит (жинсий йўллар билан юқувчи қин яллиғланиши)да, уйқусизликда, ич дам бўлиши (метеоризм), жигар ва буйрак касалликларида, цинга (бу касалликда витаминлар етишмовчилигида тишлар тўкилиб кетади) хасталиги ва авитаминозларда, ичкетарда, уруғи эса тангачали лишай (темираткида) доривор восита сифатида қўлланилган. Семизўт таркибида норадреналин моддаси кўп миқдорда учрайди. Бу модда қон томирларни торайтириб, қон босимини оширади. Юрак уришини тезлаштиради. Ички аъзоларда қон кетиши кузатилса семизўт истеъмол қилинса қон кетишини тўхтатади. Шунингдек, семизўт қонда қанд миқдорини туширади. Қандли диабетнинг енгил турида семизўт таомномага киритилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Асалари чаққанида семизўт тананинг шишган соҳасига янчиб қўйилса яллиғланиш ва шишнинг олдини олади.
Семизўтнинг сархил ва ёш новда ҳамда барглари гўштли ва балиқли таомлар дастурхонга тортилганда гарнир сифатида берилади. Бунинг учун нимтатир шўр сувда семизўт қайнатиб олинади ва пиёздоғ (қовурилган пиёз), сирка, саримсоқпиёз аралаштириб гарнир тайёрланади.
Диққат!
Семизўтни гулламасидан олдинроқ териб олиш зарур.
КЎКПИЁЗ
Кўкпиёз таркибида фитонцидлар мўл бўлади. Фитонцидлар вирусли инфекцияларга қирон келтирувчи моддалардир. Таркибида кўкпиёз кўп бўлган салатлар грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларда шифобахш таъсирга эга. Шунингдек, сархил ва ям-яшил пиёз баргларидаги мавжуд хлорофилл моддаси қон яратиш тизимига ижобий таъсир этади. Янги узилган кўк-пиёз иштаҳа очади. Бу кўкат ҳар қандай таомга кўрк бағишлайди. Ҳазмни яхшилайди. Меъда-ичак тизимида касалликлар мавжуд беморларга кўкпиёз тавсия этилмайди. Яна кўкпиёз таркибида С витамини ҳам кўп миқдорда мавжуд ва каротин моддаси, углеводлар, оқсиллар ҳам бор.
Кўкпиёз салат ва суюқ таомлар, гарнирлар тайёрлашда қўлланилади. Шунингдек, кўкпиёздан патир, қатлама, тухумли гўмма, сомса пишириш мумкин. Кўк сомса, чучвара, хоним ва бичакларга ҳам бошқа шифобахш гиёҳлар билан кўк-пиёз аралаштириб солинади. Йил давомида кўк-пиёзни таомномангиздан узмасангиз фойдадан холи бўлмайди.
Кўкпиёз таркибида В гуруҳи витаминлари (В1, В2, В3, В6, В9) А витамини, Е витамини, Н витамини, РР витамини, темир моддаси, калий, кальций, магний, натрий, олтингугурт, фосфор, хлор, альюминий, кобалть, марганец, мис, молибден, хром, рух каби организм фаолияти учун зарур микро ва макроэлементлар мавжуд. Калий юрак қон томир тизими фаолиятига ижобий таъсир этади.
Пиёз таркибида 14 фоизгача қанд моддаси мавжуд. (Ҳатто олма ва нок таркибидаги қанд миқдоридан ҳам кўпроқ). Кўкпиёз авитаминоз хасталигини олдини олишда катта аҳамиятга эга. Темир моддаси эса камқонликни даволашда муҳим аҳамиятга эга. Агар кўк-пиёз сели чиқиб турган жигар кабоб билан истеъмол қилинса темир танқислиги камқонлигида тезроқ таъсир этади.
Яқинда олимлар кўк пиёз таркибида кверцетин (антиоксидант) мавжудлигини аниқлашди. Бу антиоксидант онкологик (рак) касалликларни даволашда муҳим. Шунинг учун саратон (рак) хасталикларининг олдини олишда ҳам кўкпиёзни йил давомида истеъмол қилиш зарур. Мутахассисларнинг фикрича бир йилда ҳар бир одам ўртача 10 кг пиёз ва кўкпиёз тановвул қилиши шарт экан. Шунингдек, кўкпиёз қон таркибидаги ёмон сифатли холестеринни камайтиради. Бу эса ўз навбатида атереосклерознинг олдини олади. Кўкпиёз таркибидаги кўп миқдордаги калий эса юрак мушаклари ритмининг меъёрда қисқариб-бўшашига ижобий таъсир этиб, миокард инфаркти касаллигининг олдини олади. Сийдик-таносил тизими учун ҳам кўкпиёз фойдали кўкат ҳисобланади. Чунки, унинг таркибидаги натрий ва калий сийдик ҳайдовчи таъсирга эга. Тўқима ҳужайраларидан натрий ионларини ҳайдаб чиқариб, ўрнига калий ионларини киритади. Шундай қилиб организмдан ортиқча суюқлик чиқиб кетади.
Аммо кўкпиёзни барчага бирдай истеъмол қилишни тавсия этиб бўлмайди. Чунки, жигар хасталигининг ўткир турида ва меъда-ичак тизими касалликларида кўк-пиёзни тановвул этиш мумкин эмас.
ШИВИТ
Шивит (укроп) қадимдан Европа ва Шимолий Африкада, шунингдек, асл ватани Осиёда етиштирилади. Бу шифобахш гиёҳ Миср табиблари томонидан 5000 йил аввал ҳам қўлланилган. Хушбўй таъмли ва ифорга бой сархил шивит ва унинг қуритилган новдалари ҳамда тузланган кўкати озиқ-овқат саноатида ишлатилади. Сабзавотларни консервалашда қўлланилади. Шунингдек, қуритилган шивит турли ширинликлар ва таомлар тайёрлашда ишлатилади. Шивитдан хушбўй сирка тайёрлаш учун бу ўсимлик гуллаган ва уруғлаган даврда йиғиб-териб олинади.
Бу шифобахш ўсимлик таркибида ҳам фитонцидлар мавжуд. Шу туфайли ҳам сабзавотларни тузлашда нафақат уларни хуштаъм этади, балки тузламаларнинг сифати бузилишидан ҳам сақлайди.
Шивит таркибидаги эфир мойи озиқ-овқат саноати, консервалашда, ароқ-ликёр тайёрлашда ва хушбўй атир совунлар ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилади.
ТИББИЁТДА ҚЎЛЛАНИШИ
Халқ табобатида шивит қадимдан кенг қўлланилади. Унинг барг ва новдаларидан тайёрланган тиндирма I ва II даражали гипертонияда (хафақон касаллигида) ва сийдик ҳайдовчи восита сифатида қўлланади. Шивит уруғи ичакларда бижғиш жараёнини секинлаштиради ва ел ҳайдовчи, ичак оғриғини қолдирувчи, тинчлантирувчи хусусиятга эга. Шунингдек, шивит таркибидаги эфир мойи бронхларнинг шиллиқ ажратиб чиқарувчи безларининг ҳужайраларига ижобий таъсир этади. Уруғининг тиндирмаси геморрой (бавосил)га қарши доривор восита сифатида ичилади. Яна яраларни битиши учун ҳамда аллергик тери қичимасида қўлланилади. Шивит уруғидан яна “Анетин” дори воситаси олинади. Бу дори воситаси қон томирларини кенгайтиради. Юрак тож томирларининг сурункали етишмовчилигида, стенокардия касаллиги хуружини олдини олишда, юрак тож томири торайиши билан кечадиган неврозларда, қорин бўшлиғи мушакларининг таранглиги ошганда тавсия этилади. Кўпчиликка “шивит суви” яхши таниш. Сабаби бу доривор восита гўдакларнинг ичакларида ел (газ) йиғилса ичирилади. Бу шифобахш восита доривор шивит туридан олинган эфир мойига сув қўшиб тайёрланади.
ҚАРШИ КЎРСАТМАЛАР
Шивит қон босими паст беморларга тавсия этилмайди. Бу ўсимликни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш умумий ҳолсизлик ва кўз нурининг пасайиши ҳамда бош айланиб, беҳуш йиқилишга сабаб бўлиши мумкин.
Косметика ва парфюмерияда қўлланилиши
Шивитнинг турли экстрактлари ва сархил, янги узилган, шунингдек уруғи косметика ва парфюмерия саноатида кенг қўлланилади. Уруғидан олинадиган ёғли эфир мойи спиртли, ёғли ва углекислотали экстрактли кремлар, одеколонлар, тиш пастаси тайёрлашда қўлланилади. Косметикада шивит баргидан тайёрланган тиндирма қизарган ва яллиғланган кўзларга бозиллама (примочка) қўйишда ишлатилади.
КИМЁВИЙ ТАРКИБИ
Шивит баргларида аскорбин ва никотин кислоталар мавжуд. Каротин, тиалин, рибофлавин ҳамда флавиноидлар, углеводлар, пектин моддалар, темир моддаси калий, кальций, фосфор каби муҳим элементлар учрайди. Шунингдек, унинг таркибида кўп миқдорда С витамини, В гуруҳи витаминлари (В1, В2) ва РР, Р, каротин бор. Бу ўсимлик таркибида клетчатка кўп миқдорда бўлгани учун ичакларни яхши тозалайди.
ТАВСИЯЛАР
Бир чой қошиқ қуритилган ва янчилган шивит кукунини ютмасдан узоқ вақт чайнаб оғизда тутиб турилса йўталда ва бронхиал астма хуружида ёрдам беради. Худди шу миқдордаги шивит толқони ичилса ичак оғриқларини тўхтатади. Яна она сутини кўпайтириш учун эмизикли оналар шивит истеъмол қилишлари зарур. Арпабодиён (шивитга ўхшаш ўсимлик) ҳам она сутини кўпайтиради. Оғриқли ҳайз циклида шивит уруғидан хотин-қизлар чой дамлаб ичишлари зарур.
Диққат!
Ҳомиладор аёллар шивитдан тайёрланадиган дори воситаларига ортиқча ружу қўймасликлари зарур. Айниқса, қон босими паст беморлар шивит уруғидан чой дамлаб ичишга эҳтиёт бўлсинлар.
Гулчеҳра ШИРИНОВА