Қаршида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида қиймати 1,5 миллиард сўмдан ортиқ 60 га яқин шартнома имзоланди

Қарши давлат университетида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.

Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда жорий йилда бўлиб ўтадиган X инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа идоралар тасарруфидаги илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим ва тажриба-конструкторлик ташкилотларининг 300 га яқинтехнологик ишланмалари намойиш этилди.

Вилоят иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилаётган лойиҳаларнинг асосий қисми саноат соҳасига тўғри келади. Масалан, энергия ва ресурстежамкор технологиялар, экология, қуёш ва қайта тикланувчи энергия манбалари, биноларни локал иситиш ва ёритиш тизимлари, чиқиндиларни қайта ишлаш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг замонавий технологиялари, маҳаллий хомашё асосида янги маҳсулотлар тайёрлаш каби ишланмалар шулар жумласидандир. Яқинда Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада ҳудуднинг имкониятлари кенг экани ва ундан оқилона фойдаланиш нафақат вилоят, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

– Ярмаркага машина деталларининг ейилиш ва занглашга бардошлилигини ошириш бўйича лойиҳамни тақдим этдим, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Ў.Бойназаров. – Ушбу технология табиий оғир шароитда ишлайдиган барча соҳалардаги техника ва механизмларга мўлжалланган. Бунга детални ишлаб чиқариш жараёнида олдиндан ва сўнгги босқичда оксидлаш ва азотлаш орқали эришилади. Ушбу технология асосида тормоз цилиндрлари штоки, валл ва конструкцион пўлатдан тайёрланадиган бошқа деталларнинг юзалари мустаҳкамланади.

Тадбирда вилоятдаги фермер хўжаликлари, саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари инновацион ишланмаларни ўз фаолиятига жорий этиш мақсадида муаллифлар билан умумий қиймати 1,5 миллиард сўмликдан ортиқ 60 га яқин шартнома имзолади.

 

Ў.БАРОТОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Пекинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ваколатхонаси очилди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: