Энг яхши мактаб психологи аниқланди

Куни кеча пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 319-умумтаълим мактабида «Йилнинг энг яхши мактаб психологи – 2013» республика кўрик-танлови бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов болаларнинг қобилият ва имкониятларини ўрганиш, уларнинг ўзи қизиққан соҳалар бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида психолог хизматларини кенгроқ жорий этишга ҳамда бу соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Бу йилги танловда мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган психолог-мутахассислар иштирок этди. Уларнинг 14 нафари минтақавий босқичларда ғолиб бўлиб, республика босқичида ўз билим ва иш тажрибасини намойиш этди.

Танловда ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг билим даражаси, муаммоли вазиятларда тез ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаси, замонавий ахборот-коммуникация технологияларига оид саводхонлиги, муайян мавзу бўйича тренинг машғулотларни ташкил этишга оид тажрибасига алоҳида эътибор қаратдилар.

Якуний натижаларга кўра I ўринга Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 4-мактабнинг амалиётчи-психологи Замира Сайдинова муносиб деб топилди. II ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги 6-мактаб амалиётчи-психологи Холисхон Машарипова эгаллади. III ўрин эса Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 1-мактаб амалиётчи-психологи Дилноза Шертоевага насиб этди.

– Мазкур танлов соҳа мутахассисларнинг ишига янада жиддийроқ ёндашишига, ўз устида кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. Айтиш мумкинки, мазкур танловдаги иштироким мен учун жуда катта тажриба майдони бўлди. Ундан орттирган тажрибаларим келажакдаги фаолиятим давомида қўл келишига ишонаман, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги 6-умумтаълим мактаби амалиётчи-психологи Холисхон Машарипова.

Танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

М.ТОЛИПОВА,

«Соғлом авлод» мухбири

Яна ўқинг:  8 йиллик танаффусдан сўнг...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: