Кариесли тишлар – инфекция манбаи

Боланинг барча сут тишлари 2,5-3 ёшида чиққан бўлади. Бу ёшдан фарзандингиз сизнинг ёрдамингизда тишларини тозалаб ювиш малакасини эгаллаши муҳим аҳамиятга эга.

Акс ҳолда овқат қолдиқлари ва унинг оғиз бўшлиғидаги микроорганизмлар таъсирида тиш емирила бошлайди, чирийди ва тешилади. Буни тиббий тилда “кариес” дейилади.

Кариес – тишнинг тез ишдан чиқишига олиб келиши билан бирга, инфекция ўчоғи ҳам ҳисобланади. Тешилган, чириган тишда турли хил микроблар бўлиб, улар бола организмида турли хил яллиғланиш жараёнларини келтириб чиқаради. Бу микроблар қон билан тана аъзолари, жумладан, буйраккача етиб келиши ва уни яллиғлантириши мумкин.

Кариеснинг олдини олиш учун болада кечқурун уйқуга кетишдан олдин ва эрталаб уйқудан кейин тишларини ювиш кўникмасига одатлантиринг. Кўпроқ таркибида жуда ҳам кам миқдорда фтор бўлган махсус болалар тиш пасталарини уч ёшдан кейин ишлатинг. У кариеснинг олдини олишга ёрдам беради.

 Кичик ёшдаги бола тишларини юмшоқ тиш чўткаси ёрдамида ювиши керак. Сабаби кичкиналарда милклар юмшоқ бўлиб, қаттиқ чўтка таъсирида улар лат ейиши мумкин.

 Чала ювилган тиш ҳам кариесдан сақлаш кафолатини бермайди. Дастлаб болалар фақат оғизларини чайишни ўрганишлари зарур. Аммо улар сувни ютиб юборишлари мумкин. Шунинг учун фарзандингизга аста-секинлик ва сабр-тоқат билан оғизни қандай чайиш кераклигини кўрсатиб беринг. Уларнинг ҳали тишлари сийрак пайти кўп сўлак ажралиб, тишлар табиий тозаланади. Кейинчалик эса сўлак ажралиши камаяди. Илк бора фақат юмшоқ тукли кичкина тиш чўткасининг ўзи билан кичкинтойнинг тишлари ювилади.

Сўнгра вақт ўтгач, унга озгина миқдорда тиш пастаси суриш зарур. Болаларга данакларни ва бошқа қаттиқ нарсаларни соғлом тишларда чақиш зарарлигини ва улар тиш эмалининг емирилишига сабаб бўлишини тушунтириш шарт. Бу эса тиш оғриғига сабаб бўлади. Албатта, болаларнинг тишлари мустаҳкам бўлиши учун уларга таркибида кальций моддаси мўл бўлган сут ва сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишларига эътибор бериш зарур. Шунингдек, мева-сабзавот ҳамда кўкатлар ҳам бола иммунитетини кўтаради. Иммун тизими мустаҳкам бўлса, у соғлом бўлади.

Тишни тозалаш учун уларнинг ён томонларини тепадан пастга ва пастдан тепага қараб ювиш зарур. Яна тишларнинг юза ва чайнайдиган қисми эса айланма ҳаракатлар билан тозаланади. Ҳар бир тиш алоҳида ювилишига аҳамият беринг. Бу жараён камида 1-3 дақиқа давом этиши зарур.

Яна ўқинг:  Назм ва наво

 

Матлуба НАРЗУЛЛАЕВА,

Чилонзор тумани бош стоматологи, олий тоифали шифокор-стоматолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: