Чанғида учиш қадди-қоматингизни тўғри шаклланишига ёрдам беради

Мутахассислар болаларни чиниқтиришда, саломатлигини мустаҳкамлашда, қишки спорт турлари кони фойда эканлигини таъкидлашади. Бунда каттаю кичикни ўзига мафтун қилиб, ҳам ишқибозлар, ҳам профессионал спортчиларга манзур бўлаётган чанғида учиш спорти алоҳида эътиборга лойиқ.

Ҳулкар ЗОИРОВА, педиатр:

– Чанғида учиш хавфли спорт турларидан бири бўлиб, мутахассислар у билан шуғулланиш жараёнида жароҳат олиш эҳтимоли юқорилигини таъкидлашади. Бу спорт тури мутлақо соғлом инсонларга тавсия этилади. Тоғ ён бағрларида ушбу спорт тури билан шуғулланаётган одамнинг организми катта шаҳарларда танқис бўлган кислородга тўйинади, танада моддалар алмашинуви яхшиланади. Қолаверса, чанғида учиш қадди-қоматни тўғри шаклланишига ёрдам беради. Ўсаётган боланинг таянч-ҳаракат тизими учун бу ниҳоятда муҳим. Ушбу спорт тури мавсумий бўлишига қарамай, йил давомида бир неча ой машқ қилиш ҳам инсон саломатлигига беназир таъсир қилади.

Шу ўринда айтиш керакки, тананинг барча аъзолари яхши ишлаши учун бош мия тўғри ривожланган бўлиши керак. Чунки, организмнинг барча аъзоларини бошқарадиган муҳим марказлар бош мияда жойлашган. Чанғида учиш жараёнида бош мия тоғдаги кислородга бой ҳаво билан тўйинади. Айнан тоғдаги совуқ ва кислородга бой ҳаво ўсаётган боланинг саломатлиги бир умрга мустаҳкам бўлишига замин яратади. Асаб, нафас олиш, юрак-қон томир тизими касалликларини олдини олиш ва асоратларини даволашда жуда фойдали. Асосийси, бу спорт билан фақат мураббий бошчилигида шуғулланиш зарур. Жароҳатларни олдини олишда техник қоидаларга эътибор қилиш жуда муҳим.

 

Евгений РОХИН, Қишки спорт турлари ассоциацияси раис ўринбосари:

Чанғида учиш болаларни кичиклигиданоқ чиниқтиради, чаққонликни ва вестибуляр аппарат – мувозанатни сақлаш қобилиятини ривожлантиради. Ушбу спорт тури бугунги кунда жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатларида тараққий этган бўлиб, юртимиз спортчилари жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда.

Чанғида учиш тоғ туризмининг ҳам бир йўналиши ҳамдир. Бугунги кунда юртимизнинг Чимён тоғ ён бағрларида бу спорт турининг кўплаб ишқибозларини учратиш мумкин. Болалар фигурали учишда бўлгани каби 4-5 ёшдан бошлаб чанғида учиш билан машқ қилишлари мумкин. Профессионал спортчилар 30-40 ёшгача мусобақаларда иштирок этишади. Унинг саломатлик учун ниҳоятда фойдали эканлигини, ўзимдан мисол қилишим мумкин. Ҳозир 67 ёшдаман, аммо ҳалигача чанғида учишни канда қилмайман. Бошқа спорт турларида бўлганидек, бунда вазн ёки қомат тузилишида ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

Яна ўқинг:  ЗАМОНАВИЙ ТЕННИС МАКТАБИ

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: