Шифохонадаги “қорбобо”

Хонадаги занг соат миллари 21: 00 кўрсатиб бонг урди. Сирдарё вилояти шошилинч тез тиббий ёрдам маркази иккинчи жарроҳлик болалар бўлими навбатчиси, шифокор Улуғбек ака қандайдир қоғозларни кўздан кечирмоқда. Сукут чўмган хонада акс берган қўнғироқдан у беихтиёр, сергак тортди.

Шифокор тугай деб қолган юмушидан бироз ҳоли қолиб, ойна ортида порлаётган тун оғушидаги чироқларга назар солди. Шу тобда шифокорнинг кўз олдида ортда қолган кунлари бирма-бир гавдаланди. Эллик йиллик умр… “Ҳаш-паш” дегунча ўтиб кетибди.

Одатда Улуғбек аканинг навбатчилик кунлари ҳамиша шошилинч ва хавотирлар қуршовида бўларди. Иш кунини бошламасиданоқ, қўлига тиғ олиб, оғир аҳволда олиб келинган болаларнинг ҳаёт учун бор маҳоратини ишга солади. Барчаси Яратганнинг инояти билан шифокорнинг енгил қўллари-ю зийрак идроки, тажрибасига боғлиқ. Ўттиз йилдан ортиқ вақт бўлибдики, жарроҳ Улуғбек ака ушбу муассасада фидойилик билан хизмат қилмоқда.

Айни пайтда бўлимда 10 нафар бола даволанмоқда. Бугун – Янги йил арафасида Улуғбек Назаров ёрдамчилари билан эрталабки текширувни бошлади. Шифокор улар билан суҳбатлашиб, диққат билан аҳволини ўрганади. Шу билан бирга, болаларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди. Бундан бир неча ҳафта олдин юк машинасига тўқнашиб, тос ва сон суяги синиши оқибатида шифохонага оғир аҳволда келтирилган 15 ёшли қизнинг соғайиб бориши чинакам мўъжиза. Унинг нигоҳларида яшашга иштиёқ завқи сўнмаган. “Янги йилни оиланг билан кутиб оларкансан-да?!”, – дейди шифокор унга юзланиб, қизнинг чеҳраси янада ёришиб кетади.

Жарроҳ кейинги палатада даволанаётган, автоҳалокатга учраган олти ёшли Комронбекнинг ёнига келиб, табассум билан аҳволини сўрайди. Жавоблар кечагидан дадил. Болакай жисмидаги кучли оғриқларга қарамай, умидли нигоҳларини шифокорга қадаб, ўзининг беғубор орзулари, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами ҳақида сўзлай бошлади. Шифокор уни кўп уринтирмаслик учун бошини силади-да, “Янги йилни бирга кутамиз-а?”, деди кўз қисиб. Комронбек табассум қилди. Шу тоб Улуғбек аканинг кўнглида қандайдир ички овоз акс-садо бера бошлади: “Орзулари осмон болам-а! Мунчалар ҳам дунёинг кенг. Беқадр, ношукур кимсалар ҳаёт, тириклик деб аталмиш илоҳий неъматларнинг қадрига етишни сендан ўргансин, сендан. Илоҳим кўргуликларинг шу бўлиб, Янги йил сен учун бахт олиб келсин”.

Яна ўқинг:  Болажонлар учун байрам совғасини танлаймиз

Текширувдан қайтган Улуғбек ака шогирдлари Иброҳим Ашуров, Рустам Нигманов, Икром Алмановлар билан болаларнинг умумий аҳволи борасида фикр алмашади, уларга тавсиялар беради. Шогирдларига 4-хонадаги олти ёшли Манзурага навбатдаги дори-дармонларни қандай бериш хусусида тушунтиради. Болаларнинг кўнглига завқ берувчи ўйинчоқлар, қорпарчалар билан бўлимни безашни уларга алоҳида таъкидлайди.

Сирдарё вилояти шошилинч тез тиббий ёрдам маркази болалар жарроҳлик бўлими жарроҳи Улуғбек Назиров Янги йилни қандай кутиб олсанг, йил давомида кайфиятинг ана шу зайлда ўтади, деган фикрга эътибор бермайди. Унинг учун энг муҳими бўлимида даволанаётган болаларнинг соғайиб кетиши ва оиласи бағрига қайтишидир. Шифокор ўтаётган йилларга эзгулик улашиш билан мазмун бахш этишни муҳим деб билади.

Соат миллари шошганча Янги йил томон одимлаб боради. Улуғбек Назаров ширинликларни кўтарганча, болалар бўлимига йўл олади.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: