СИНФ КУТУБХОНАЛАРИ: ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини янада шакллантиради

Биз китобларни маъно-мазмунига қараб мутолаа қиламиз. Бадиий, ижтимоий-сиёсий, тарихий китоблар орқали ўсиб келаётган ёш авлод, қолаверса, ҳар бир китобхон билим савиясини оширади. Тафаккурини ривожлантиради. Фикр доирасини кенгайтиради ва маънавий-руҳий озуқа олади.

Мактабимиздаги Ахборот-ресурс марказида жами 3 минг 475 та бадиий, илмий китоб ва дарслик мавжуд. Айни пайтда кутубхона ходимларининг диққат-эътибори ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, улардаги она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган. Биргина 2013-2014 ўқув йилида нашрдан чиққан янги бадиий адабиётлар кўргазмалари, маърифий тадбирлар, энг қизиқарли нашрлар тўғрисида библиографик суҳбатлар уюштирилди. Кутубхона видеотекасидаги фильмлар намойиши, шунингдек, маҳаллий ёзувчи ва шоирлар иштирокида учрашувлар ташкил этилди.

Муассасамизда синф кутубхоналари ташкил этиш ташаббуси бошлангани яхши самара бермоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бундай кутубхоналар ўқув хонасининг қайси фанга мўлжалланганига қараб ташкил этилиши керак. Жорий ўқув йилида бир қатор синфларда она тили ва адабиёт, биология ҳамда математика фанларидан ташқари бадиий китоблар, расм ва фотосуратлар тўплаш ҳам йўлга қўйилди. Жонкуяр китобхонлардан Гулҳаё Турдиқулова, Босим Ботиров ва Шоира Қобилова ўтган ўқув йилида Жиззах шаҳар мактаблараро ўтказилган “Китоб марафони”да фаол иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади. Китобсеварлардан Маҳбуба Холматова вилоят китобсеварлар кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этди. Юқорида тилга олинган ўқувчиларнинг шахсий кутубхонасида 60 га яқин бадиий адабиётлар мавжуд бўлиб, улар китоб захирасини йилдан йилга бойитиб бормоқда.

Кутубхона ходимлари ва педагогларнинг асосий вазифаси ёш авлод қалбида халқимизнинг маданий, маърифий, тарихий ёдгорликларини, миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримизга эътиқод туйғуларини шакллантиришга қаратилмоғи лозим. Бунда эса ўқувчиларнинг китобга бўлган муносабатларини яхшилаш, муҳаббатини ошириш керак. Бугунги кунда турли электрон оммавий ахборот воситалари китобхонни катта адабиётдан бироз бўлса-да узоқлаштириб қўймоқда. Бироқ, китоб – улкан мўъжиза, ундан асло юз ўгирмаслигимиз лозим. Кўп китоб ўқиган кишининг фикрлаш доираси кенгайиши ва ҳаётни осон англаши барчамизга аён.

Ҳулкар МУРОДОВА,

Жиззах шаҳридаги 22-умумтаълим мактаби АРМ мудираси

Яна ўқинг:  Полвоним, орим, ғурурим

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: