Муаллимлик – муқаддас касб

Ёшларимизга таълим ва тарбия берадиган одамларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларга муносиб шароит яратиб бериш – энг долзарб вазифамиз бўлмоғи керак. Чунки, бола тарбиясида мураббий-муаллимларнинг жавобгарлиги ота-она масъулиятидан асло кам эмас.

Ислом КАРИМОВ.

Мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги ислоҳотларини айни кунларда бутун жаҳон тан олмоқда. Ўзбекистон Республикасининг миллий таълим тизими ўтган йигирма йилда тўла шаклланди. Миллий таълим модели яратилди.

– Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ таълим тизимига алоҳида эътибор берила бошланди. Юртимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг бир қирраси таълим сиёсатида ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Таълим-тарбия масаласи, уларга дахлдор ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди. Аввало, ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди…

– Тўғри айтасиз? Улар бизнинг ишимизнинг даструламали бўлди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш” Давлат дастурида тарбияни юксак даражага етказиш йўл-йўриқлари аниқ ифодалаб берилди. Уч босқичли таълим тизими вужудга келди: мактаб-коллеж ёки академик лицей-олий ўқув юртлари. Давлат бюджетидан ҳар йили энг салмоқли маблағ таълим тизимига ажратилаётгани ҳам бу соҳани нечоғли муҳим эканини англатади. Замонавий мактаб, коллеж ва лицейлар, тиббий саломатлик мажмуалари, болаларнинг ёзги дам олиш сиҳатгоҳлари, спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани сўзимиз исботидир. Ана шу ўзгаришларни бизнинг 110-умумтаълим мактаби мисолида ҳам кўриш мумкин. Фарзандларимизнинг билим олиши учун ўқув даргоҳимизда барча шарт-шароитлар мавжуд.

– Ҳар қандай таълим масканининг миллий қиёфага эга бўлиши ижтимоий ҳаёт, бугунги замон тақозо қилаётган муҳим заруратдир. Баъзи инсонлар мустақилликни қўлга киритдик, энди мактабларимизда миллийлик мавжуд бўлаверади, деб ўйлашади. Назаримда, у изчил тўлдирилиб, юксалтирилиб бориладиган жараёндир. Шундай эмасми?

– Фикринггизга қўшиламан. Алоҳида жўғрофий ўрни, қадриятлари бор халқнинг ўзига хос таълим тизими бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда мустақилликдан кейин уч босқичли таълим тизими вужудга келди. Биз меҳнат қилаётган маскан ана шу тизимнинг биринчи бўғинидир.

Мустақилликдан кейин аввало, бошлан­ғич ва умумий ўрта таълимнинг барча ўқув фанлари, хусусан, адабиёт, биология, тарих, география каби фанларни ўқитиш бос­қичма-босқич методик жиҳатдан янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида бу вазифани муваффақиятли бажариш бўйича жиддий амалий-назарий ишлар олиб борилди.

– Сиз етакчилик қилаётган мактаб ҳам пойтахтимиздаги намунали таълим масканларидан биридир. Фаолиятингиздаги бундай ютуққа баъзи бир фанларни чуқурроқ ўқитиш орқали эришилган бўлса керак?

– Ҳа, бизнинг мактабимизда ўқувчилар математика, иқтисод ва информатика фанларини чуқурроқ ўрганадилар. Мустақиллик шарофати билан ҳар бир мактабнинг ўқув режасида ҳаракат эркинлигига имконият берилди. Эндиликда мажбурий соатлар билан бир қаторда мактаб ихтиёрига берилган вақт миқдори ҳам белгиланган. Педагогик жамоа маҳаллий шароит талаби ва ички имкониятлардан келиб чиқиб, таълим-тарбия ишини ўзлари истагандай – илғор тажрибалар асосида ташкиллаштира олади.

Яна ўқинг:  “Барселона”нинг эртаги тугади(ми)?

– Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида устоз-шогирдлик анъаналари қайта жонланди…

– Бизнингча миллий таълим тизимини янада юксалтириш ва давр талаби даражасига кўтариш мактаб биноларининг ихчам ҳамда кўркам, синф хоналарининг замонавий жиҳозланиши ва синф ўқувчилар сонининг нисбатан кам бўлиши билан бевосита боғлиқдир. Айни пайтда бизнинг мактабда 2172 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга бир юз олти нафар педагог дарс беради.

Шуни фахр билан таъкидлашим керакки, мустақиллик эълон қилинган йили, педагоглик фаолиятимни бошлаганман. Мен шу мактабда таълим олдим. Тошкент давлат техника университетида ўқиб юрганимда ҳам бу ерга тез-тез келиб, устозларимдан бу соҳанинг сир-асрорларини мунтазам ўзлаштириб бордим. Олийгоҳни тугатиб, шу мактабга ишга келдим ва информатика фанидан дарс бера бошладим. Бунинг учун педагогика бўйича педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўқиб келдим. Ўзим билган жамоа, ўзим билган одамлар даврасида бўлиш, устоз-шогирдлик катта бахт эканини чин қалбимдан ҳис қилдим.

Мустақиллик бизга жаҳон тажрибаси билан танишиш имкониятини ҳам яратиб берди. Истиқлол шарофати билан Германия ва Корея Республикасида бўлиб уларнинг таълим тизими билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим.

– Мана хориждаги ривожланган давлатларга ҳам борган экансиз, уларнинг таълим соҳасидаги қай бир услуби сизга маъқул келди?

– Мен педагогик фаолиятимни бошлаганимда мактабимизда компьтерлар деярли йўқ эди. Корея Республикаси ва Германияга борганимда бу борада уларга ҳавасим келганди. Сал ўтмай, бизнинг мактабларимиз компьютерлаштиришда ва мактабларни замонавий таълим воситалари билан жиҳозланишида уларга етиб олиб, ҳатто ўзиб кетди. Мустақил Ўзбекистонимизнинг таълим тизимини бугунги кунда бутун жаҳон тан олаяпти. Масалан, немислар бизда давлат стандартлари ягоналиги ва шу асосида дарсликлар яратилишига ҳаваси келади. Германия бир неча ҳудудларга бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бири таълим тизимида ўз тартиб ва талабларига эга.

Яна уларга бизда давлатимиз байроғи, герби ва мадҳияси ҳар бир синф тўрида туриши маъқул келди. Мамлакатимизнинг муқаддас рамзларини эъзозлаш ҳам миллий қадрият, ўйлайманки, улар Ватанимиз ёшларининг кўнгил мулкига айланишида кўмаклашади.

Ёш авлоднинг камолоти кўзланган уч босқичли спорт беллашувлари – мактаб ўқувчилари орасида “Умид ниҳоллари”, коллеж ва академик лицей талабалари орасида – “Баркамол авлод”, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида – “Универсиада” спорт мусобақаларини ўтказиш анъанага айланганлиги бутун жаҳон ҳавас қиладиган тадбирлардир. Буларнинг бари фарзандларимизнинг замонавий билим ва тарбия олиши учун кўзланган эзгу мақсаддир.

Яна ўқинг:  “СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН” ЖАМҒАРМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 20 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН “СОҒЛОМ АВЛОД – МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

– Ҳозирги вақтда кенг ёйилган интеграциялашган таълим қамровини кенгайтириш мақбул кўринади. Бу усулда ўқитиш жараёнининг ўзи эмас, балки, таълим туфайли эришилган педагогик натижа муҳим ҳисобланади.

– Бизнинг мактабда ўзига хос ўқитиш услубига эга бўлган ўқитувчилар кўп. Масалан, физика ўқитувчимиз Елена Скворцова шаҳарда бўлиб ўтган “Энг яхши ўқитувчи” танловида 2-ўринни олди. Бошланғич таълим ўқитувчиси Наталья Центрь, она тили ўқитувчиси Нозима Исмоилова, инглиз тили ўқитувчиси Роҳатой Ортиқова, биология фанидан дарс берувчи Татьяна Охотникова каби ўқитувчиларнинг дарс бериш услубини ўрганса арзийди. Мактабимиз намунали ўқув даргоҳи бўлгани учун ҳам бу ерда фанлар бўйича шаҳар олимпиадаси, спорт тадбирлари ўтказилади. Бу албатта, мактабимизнинг капитал таъмирдан чиққанлиги, синф хоналарининг замонавий ўқув қуроллари билан тўла жиҳозланганлиги ва ўқув муассасамизда қатъий тартиб-интизом мавжудлиги учун бўлса керак.

Ўқувчиларимизга келсак, мактабда турли хил тўгараклар ишлаб турганлигининг таъсири бўлса керак, улар танловларда қатнашишни хуш кўришади. 8-синф ўқувчиси Мафтуна Рустамова шахмат мусобақаларида туманда биринчи ўринни олди. У Зулфия номидаги Давлат мукофотига ўтказиладиган танловда ҳам қатнашиб туман миқёсида ютуққа эришда. Юсуф Бадалов каратэ бўйича жаҳон чемпионатига чиққан. Елезавета Қодирова ушу бўйича республиканинг терма командаси аъзоси, Мардона Алланазарова “Томоша “гуруҳида қатнашиб, турли тадбирларда иштирок қилади. Шаҳарда ўтказилган “Билимлар беллашуви”да 7-синф ўқувчиси Шаҳзода Сатторова рус тилидан 3-ўринни, Сардор Козимов эса (9-синф) информатика фанидан 4-ўринга муваффақ бўлди. Бундай мисоллар мактабимизда жуда кўп.

– Бола тарбияси ҳамма вақт муҳим ва асло кечиктириб бўлмайдиган вазифа бўлиб келган…

– Ҳа. Шу боисдан мамлакатимизда юрт тақдирини ўз тақдири билан боғлаган, садоқатли, Ватан ва халқ учун кучини, меҳнати ва билимини, керак бўлса жонини ҳам фидо эта оладиган ёшларни тарбиялаб вояга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади. Биз ана шу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшаётганимиздан бениҳоя хурсандмиз.

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош: Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: