Эндокринология: соҳа ривожига бағишланган халқаро анжуман
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида эндокринологиянинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда тиббиётнинг барча йўналишлари каби эндокринология соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг ташкил этилиши ушбу соҳада аҳолига жаҳон андозалари даражасида кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштириш, илм-фан фаолиятини кенгайтириш, замонавий диагностика, даволаш ишларини амалиётга изчил татбиқ этишда юксак самаралар бераётир. Олимларимиз жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини ўзлаштириш баробарида эндокринологиянинг устувор масалаларига оид илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Бунинг натижасида буйрак усти бези, гипофиз ўсмалари, қандли ва қандсиз диабет ва бошқа касалликларни даволаш бўйича янгича амалиётлар жорий этилди.
Анжуманда эндокринология соҳасида илм-фан ва тиббиёт амалиётида эришилаётган муҳим натижалар, йод танқислиги профилактикаси, қандли диабетнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича янгича ёндашувлар, эндокрин тизимлар касалликларини даволашнинг замонавий йўналишларига оид маърузалар тингланди.
С. ОЧИЛОВ