ДУНЁ РАНГЛАР ОҒУШИДА
Ҳар бир инсон ўз дунёқарашини, ички кечинмаларини, ҳаттоки, орзу-умидлари ва армонларини ўзича ҳис этиб, ўзига хос ифода этади. Кимдир ўйларини наср ва назм орқали баён этса, яна кимдир мусиқа ёрдамидан фойдаланади. Тасвирий санъатга умрини бағишлаган, уни қуршаб турган дунёни гўзал ранглар жилоси билан тасвирлаган рассом Азиза Маматова ўз ижоди мобайнида улуғ алломаларимиз, давлат арбоблари, замонамизнинг йирик олимлари ва машҳур кишиларнинг портретларини яратди.
Рассом А.Маматова 1947 йил 15 апрелда Ўзбекистоннинг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири Қўқонда зиёли оиласида дунёга келган.
1973 йил Россия Бадиий Академияси қошидаги И. Репин номидаги Санкт-Петербург ранг-тасвир, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтини, 1980 йил аспирантурани тамомлади.
Рассом аёлнинг ижодида портрет жанри етакчилик қилади. У ўз асарларида гўзаллик орқали санъатнинг эзгуликка бошловчи қудратини, ҳаёт давомийлигини намойиш қилишга ҳаракат қилади. Рассом асарларида инсон сиймосидаги миллий руҳ уфуриб туради. Мустақиллигимизнинг 21 йиллик байрами муносабати билан “Темурийлар тарихи музейи”да рассомнинг “Вақт ва инсон” кўргазмаси бўлиб ўтган эди. Азиза Маматованинг қатор асарлари Англия, АҚШ, Монголия, Россия давлатлари музей ва галереяларидан ўрин олган.
Портрет жанри устасининг бебаҳо санъат асарлари орасида моҳирона тасвирланган ёзувчи Чингиз Айтматовнинг сиймоси алоҳида ўрин эгаллайди. Сабаби, мўйқалам устаси адибнинг портретини шу қадар жонли ва таъсирли ишлаганки, гўё ёзувчининг жонли сиймоси қаршингизда тургандек. Ўттиз саккиз йиллик фаолиятида ўнлаб тасвирий санъатда кўзга кўринган ижодкорларни тарбиялади. 1994 йилда Азизахон Маматова “Туркистон алломалари” туркум портретлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига, 1997 йилда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ўғлонлар сиймосини бадиийлик билан тасвирлагани учун Ўзбекистон Бадиий Академияси дипломига сазовор бўлди.
Қатор йиллардан буён Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ёш мусаввирларга устозлик қилаётган Азиза Маматова ўз шогирдларига рассомлик маҳорати ва сирларини ўргатиб боради. Маҳоратли ва тажрибали устознинг изидан бораётган иқтидорли талабаларнинг интилишларига ҳавас қилсанг арзийди.
Заҳрохон МУСАЕВА