УЛҒАЙИШ

(ҳикоя)

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ

У эски анҳор бўйидаги жийдазорда туғилди. Бир ҳафтача онаси уни одамлардан яшириб юрди. Кейин қишлоқ подачиси уни кўриб қолди. Негадир одамларга уни бошқа қавмдошларига ўхшамаган аллақандай ғалати деб, таъкидлади. Чиндан ҳам у қандайдир афанди табиат эди.

Онаси емиш еб турса, думидан тишлаб тортар кейин тепки ер эди. У шундай улғайди. Маҳалладаги битта колхоз қоровулидан бошқа ҳамма унга ажабланиш ва меҳр аралаш қарарди.

У чойхона олдида боғловлик турганда радиодан чиройли қўшиқ янграса аллақандай тартибланмаган рақсини ижро этишини кўпчилик кўрган. Унинг яна бир ажойиб қилиғи бор эди. Тарвуз пўчоғ берсанг бошқа ҳайвонларга ўхшаб бор-будича ютаман деб, тупроққа беламасди. Олдинги туёғи билан бир четдан авайлаб босиб “қирс-қирс” синдириб ерди.

У етилиб катта тойчоқ бўлгани сари, уни миниб юришни истовчилар ҳам кўпайиб борди. Тегирмончи Аваз ота уни ниҳоят Баҳодир чўпонга мўмайгинага пуллаб юборди.

Қоратўриғ хўжасини кўтариб баланд тоғ орасидаги сўқмоқлардан, яйловдаги шибарлар-у яна тонг саҳар ва кечки пайтлари муздай Майданакнинг сувларини кечиб эринмай юрарди. Эҳтимол у баланд тоғ тепасига чиқиб, тумшуғини жанубга бурганча кишнаганида ўз туғилган жийдазорига қочиб кетгиси келгандир. Аммо у ҳеч бундай қилмади. Нимага бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмади. У бошқа шерикларига ўхшаб дала чангитиб чопмади. Айғирлар билан қаллиқ ўйин қилиб овулидан йироқлаб кетмади. Бемаъни ҳазилларини фақат эгасига қилди. Ва ҳар сафар бунинг эвазига калтак еди. Қоратўриқ шу жафокашликларга қарамай ўз хўжасига мана сал кам ўн беш баҳор хизмат қилди.

Хаёллар хотира кўчасининг эшигини бемаҳал чертиб уйғотганидай, йўл-йўлакай ўтиб кетаётган йўловчини тўсатдан уйғотиб юборди. Кўзни очирмай бўралаб ёғаётган қор остида бир нафас серрайиб қолган йигит яғиридан билинар-билинмас қони сизиб чиқиб қотиб қолган, танасининг ярми музлаб, қора ёлларига шокилалар мунчоқ бўлган Қоратўриқ қаршисида бетараддуд тўхтаб қолди. Унинг кўзларидаги ҳаёт аста-секин сўниб борарди. Йигит бир икки қадам ташлади-ю, кейин бирдан тўхтаб ортига қайтаркан, кимнидир сўкиб-сўкиб қўлидаги брезент қанорга яхшилаб Қоратўриқ танасини чирмаб қўйиб йироқлашди.

Дераза ортида иссиққина уйда бу воқеани миқти гавда, қирра бурун ва ўйноқи кўзлик Баҳодир чўпон ёрилиб кетгудек кузатиб турарди. Ҳамсоя йигитнинг қораси кўздан пана бўлиши биланоқ ўзини эшикка урди. Бу ҳаракат хона пойгагида ошиқ ўйнаб ўтирган болага ғоят эриш туюлиб кетди. У ҳам отасининг ортидан пойма- пой “дум” бўлди. Чўпон югургилаб бориб, қанорни қўлига оларкан уни наридан-бери тахлаб оғилхона туйнугидан улоқтириб қайтди. Сўнг жон талвасасида қалтираб турган қари байталини юганидан тортиб анҳор лабига келтирди. Кейин ўша юганни ҳафсала билан бўйнидан ечиб олди. Ёнбошига айланиб ўтиб, кўп йиллик қадрдони Қоратўриқнинг биқинига этигининг пошнаси билан боплаб бир тепди. Қари байтал сирғалиб шовқин солиб оқаётган сувга тушиб кетди. Муқаррар ўлим қаршисида турган бу жонзотга ҳам жон ширинлик қилди. Бор кучи билан ўзини ўнглаб қирғоққа чиқишга уринди. Аммо унинг музлаб қолган танаси бунга имкон бермади. Сўнгги бора Қоратўриқ сув юзига қалқиб чиқиб, жонсиз бир кишнади-ю, яна шошқалоқ тўлқинлар остида кўмилиб кетди.

Яна ўқинг:  Вилоятнинг донғи кетган шифохонаси хизматидан аҳоли розими?

Отаси ортидан эргашиб чиққан болакай ошхона рўпарасида беихтиёр тўхтаб қолганди. Унинг кўксини аллақандай бегона дард ғижимлар онг ва шуурида пайдо бўлган ҳиқичоқ бўғзига тиқилиб, кўзларидан томчи-томчи ёшга айланиб, юмалаб тушарди. У осмонга қарар, айни дамда кичкинагина вужудига ҳаво етмаётгандек туюларди. У гўё уюридан ажраб қолган қулунчадай эсанкирар, сувга оқиб кетаётган хотираларини ва яна сўз ила тушунтириб бўлмас нималарнидир ўйлаб ўкинарди.

Отаси эса мутлақо бепарволик билан келиб ўғлининг елкасига қўлини қўяркан, уни юпатишга уриниб ғалати жилмайди. – Хафа бўлма ўғлим, сенга бошқа гижинглаган, бир тойчоқ олиб бераман. Мазза қилиб миниб юрасан, – деди.

Бола ҳеч нарса гапирмади. Жилла қурса жилмайиб ҳам қўймади. Нимагадир отасини ҳайрон қолдириб оғилхонанинг қия очиқ турган эшигидан кириб кетди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: