“Абитуриент – 2016”: талабалик учун синовда ким ғолиб бўлади?

Инсоннинг комиллик сари ташлаган ҳар бир қадами унинг дунёқараши, илмга бўлган интилиши билан бевосита боғлиқ. Ҳаётдаги омад пиллапояларини бир-бир босиб юқорилаш учун ҳам ундан айнан билим талаб қилиниши исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Юксакликка интилган одамгина ўзи истаган маррага эриша олади. Бугунги кунда олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун келган ёш ўғил-қизларга назар солсангиз, улардаги илмга бўлган иштиёқ, ғайратни кўриб ҳавасингиз келади. Бу манзарага гувоҳ бўлганлардан бири ёшликка қайтишни истаса, бошқаси келажакда фарзандининг ҳам олий маълумотли бўлишини кўнглига тугиб қўяди. Яна кимнингдир талабаликнинг олтин даврида эриша олмаган ютуқлари кўз олдидан ўтади.

Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 26 май куни “2016–2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарор олий ўқув юртларининг аниқ йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича битирувчиларга танлаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлашуви мониторинги асосида 2016–2017 ўқув йилида ўқишга қабул квоталари белгилаб берилди. Унга кўра, жорий ўқув йилида мамлакатимиз олий ўқув юртларига 57 минг 907 нафар талаба қабул қилинади. Улардан 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари тўлов шартнома асосида ўқишни давом эттиради.

Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг жорий йилнинг 13 майдаги фармонига биноан ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига 300 нафар қабул квотаси белгиланган. Талабалардан 150 нафари давлат гранти, 150 нафари тўлов-шартнома асосида таҳсил олади.

Бу йилги тест жараёнини ташкил этишга оид тайёргарлик ишларига ҳар йилгидан кўра пухта ҳозирлик кўрилди. Олий, олий ҳарбий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул бўйича ўтказиладиган тест синовларига Давлат тест маркази вакиллари сифатида иштирок этиши белгиланган 5 минг 725 нафар номзод учун тест синови ўтказиш тартиби тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалий семинар машғулотлари ташкил этилди. Улар томонидан аудитория раҳбари ва кузатувчи сифатида иштирок этадиган 127 мингдан ортиқ номзод педагог кадрлар учун амалий семинар машғулотлари ўтказилди.

Тошкент давлат стоматология институти ҳовлисидаги қабул жараёнини кузатар эканмиз, бу ерда абитуриентлар сони ҳар йилгидан ҳам кўплигига гувоҳ бўлдик. У ерда олий таълим муассасасига ҳужжат топширувчилар билан бирга, уларнинг ота-оналари учун яратиб берилган шароитлар таҳсинга лойиқ.

Яна ўқинг:  E`LON

– 2016–2017 ўқув йили учун муассасамизда талабалар учун 190 та ўрин ажратилган, – дейди қабул комиссияси масъул котиби Авзал Акбаров. – Ҳозирда абитуриентлар учун профессор-ўқитувчилар томонидан ўзбек ва рус тилларида маслаҳатлар берилмоқда. Муассаса ҳовлисида абитуриентлар учун эълон тахталари осиб қўйилган бўлиб, улар ўзлари учун керакли маълумотларга эга бўлишади. Олий таълим муассасамизда барча шароитлар яратилган. Ариза ёзаётган ёш ўғил-қизларни институт ҳудудида жойлаштирилган монитор орқали ота-оналар онлайн тарзида кузатиб боришлари мумкин.

– 4 нафар фарзандим бор. Улардан 3 нафари олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган. Энди навбат кенжатойимга келди, – дейди Умида Қурбонова. Ўғлим Ҳумоюн ёшлигидан тиш шифокори бўлишни орзу қилади. Шу сабаб бир йил тест синовларига пухта тайёргарлик кўрди. Институтда яратилган шароитлар билан танишиб, фарзандимнинг Ватанимиз корига ярайдиган етук кадр бўлиб етиши учун барча имкониятлар борлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Ўғил-қизлари билан ҳужжат топширишга келган барча ота-оналарнинг қалби ҳаяжонга тўла. Улар фарзандларини талаба деган номга тезроқ мушарраф бўлишини чин дилдан исташмоқда.

– Бу йил муддатли ҳарбий хизматни намунали адо этиб, олий таълим муассасасига кириш учун имтиёзга эга бўлдим. Тест синовларига пухта тайёргарлик кўрганман. Мақсадим қўли енгил шифокор бўлиш, – дейди Искандар Шерматов.

Мамлакатимизда ёшларга яратиб берилган имкониятлар бисёр. Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида яратилган малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг юксак самарасини бераётгани барчани қувонтиради.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, 2017 йилдан бошлаб абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддатларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра ҳужжатларни қабул қилиш 15 июндан 15 июлгача этиб белгиланди.

Талабалик бахтига мушарраф бўлиш мақсадида тунни кунга улаб, тест синовларига тайёргарлик кўраётган абитуриентларнинг қай даражада билимга эга эканликларини “ғалвир сувдан кўтарилгач” билиб оламиз. Шундай экан, имтиҳонга тайёргарлик кўришда сизларга куч-ғайрат тилаймиз, азиз абитуриентлар!

 

Давлат тест маркази томонидан олинган сўнгги маълумотларга қараганда, 2016–2017 ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги 13 та олий таълим муассасасида 18 та янги таълим йўналиши очилди ва улар бўйича қабул квоталари белгиланди:

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

Тошкент давлат техника университетида 8 та: қуймакорлик технологиялари, энергия машинасозлиги, муқобил энергия манбалари, мехатроника ва робототехника, интеллектуал муҳандислик тизимлари, электрон аппаратуралар ишлаб чиқариш технологияси, лазер технологиялари ва оптоэлектроника, биотиббиёт муҳандислиги;

– Тошкент архитектура-қурилиш институтида 3 та: нефть-газни қайта ишлаш саноати объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, сув таъминоти ва канализация тизимларини лойиҳалаштириш ва эксплуатацияси, коммунал инфратузилма ва уй-жой коммунал хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш;

– Тошкент кимё-технология институтида 1 та: резинотехника буюмлари ишлаб чиқариш технологияси;

– Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 1 та: ўзбек-инглиз таржима назарияси ва амалиёти;

– Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида 1 та: муқобил энергия манбалари;

– Тошкент тиббиёт академиясида 1 та: тиббий-биологик иш;

– Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида 1 та: санъатда анимациявий ва мультимедиявий лойиҳалаш;

– Тошкент давлат аграр университети ва унинг Нукус филиали, шунингдек, Андижон қишлоқ хўжалиги институтида 2 та: доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, ўрмончилик ва ўрмон мелиорацияси янги таълим йўналишларига талабалар қабули амалга оширилади.

 

Тошкент ахборот технологиялари университети бакалавриат йўналишига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишлари мумкин. Мазкур хизмат тури ягона интерактив давлат хизматлари порталида тест режимида ишга туширилди. Хизматдан фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхатдан ўтиш ва махсус электрон рақамли рўйхатни қўлга киритиш керак бўлади. Ҳужжат топшириш учун паспорт, аттестат ёки диплом ҳамда 3, 5×4, 5 шаклдаги фотосуратнинг электрон нусхаси талаб этилади. Ҳужжатларнинг қабул қилингани ҳақида маълумот фойдаланувчининг порталдаги шахсий хонасига ёки электрон почтасига юборилади. Мазкур лойиҳа муваффақият билан синовдан ўтказилганидан сўнг бундай тизим юртимиздаги барча олий ўқув юртларида жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Айни пайтга қадар Республика бўйича онлайн хизматдан 2 минг 891 нафардан зиёд абитуриент фойдаланди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: